KUN.UZ САЙТИДА 2019 ЙИЛ 8 НОЯБРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “АУКЦИОНДА СОТИЛГАН ФЕРМА МАШМАШАСИ. ТАДБИРКОР ҲОЗИР НЕГА ҚАМОҚДА?” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД
Даъвогар – чет эл капитали иштирокидаги акциядорлик тижорат банки “Ҳамкорбанк” Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат этиб, жавобгар – “ARG’UMON OLTINKO’L” фермер хўжалиги ва қўшимча жавобгарлар – “FEYTING” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “OYDIN YO’L DURDONASI” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан даъвогар ва жавобгар ўртасида 2014 йил 2 декабрда тузилган 317-сонли кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, жавобгар ва қўшимча жавобгарлардан солидар тартибда 355 507,96 АҚШ доллари миқдорида кредит асосий қарзи (шундан муддати ўтган қисми 84 800,51 АҚШ доллари), 3 371,62 АҚШ доллари миқдорида кредит фоизи (шундан муддати ўтган қисми 2 433,66 АҚШ доллари), 4 652,76 АҚШ доллари миқдорида қайта ҳисобланган фоиз, 1 277,08 АҚШ доллари миқдорида пеня ва 27 414 540 сўм комиссион тўловларни ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мулкларга ва кафиллик билан таъминланган мажбуриятларга қаратиш, гаровга қўйилган мулкнинг бошланғич аукцион баҳосини белгилаб беришни сўраган.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 8 октябрь кунидаги ажрими билан даъво ариза иш юритишга қабул қилинган ва суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланган.
Даъвогар вакили судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар ва қўшимча жавобгарлардан жами 372 406,47 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ва 27 414 540 сўм комиссион тўловни ундиришни сўраган.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 6 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг аризаси иш юритишга қабул қилинган ва даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.
Чет эл капитали иштирокидаги акциядорлик тижорат банки «Ҳамкорбанк» Нодирабегим филиали билан «ARG’UMON OLTINKO’L» фермер хўжалиги ўртасида 2014 йил 2 декабрда тузилган 317-сонли кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган.
Даъвогар чет эл капитали иштирокидаги акциядорлик тижорат банки “Ҳамкорбанк” фойдасига жавобгар “ARG’UMON OLTINKO’L” фермер хўжалиги ҳамда “FEYTING” масъулияти чекланган жамиятидан 355 507,96 АҚШ доллари миқдорида асосий қарзи (шундан муддати ўтган қисми 102 847,68 АҚШ доллари), 6 754,87 АҚШ доллари миқдорида кредит фоизи (шундан муддати ўтган қисми 5 433,12 АҚШ доллари), 6 522,00 АҚШ доллари миқдорида қайта ҳисобланган фоиз, 3 621,64 АҚШ доллари миқдорида пеня, жами 372 406,47 АҚШ доллари, шундан “OYDIN YO’L DURDONASI” масъулияти чекланган жамиятидан 1 250 000 000 сўм солидар тартибда ва 27 414 540 сўм комиссион тўловлар ҳамда 16 000 сўм почта харажати ундирилган.
Ундирув жавобгар “ARG’UMON OLTINKO’L” фермер хўжалигига тегишли бўлган Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Олтинкўл” ҚФЙ “Сарой” маҳалласида жойлашган биолаборатория ва қўшимча ишлаб чиқариш бино-иншоотлари, Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Оразий” ҚФЙ Узун кўчасида жойлашган сут товар фермаси бино-иншоотлари, ТТ-75J русумли, 2013 йилда ишлаб чиқарилган, завод рақами ZFAF01155, давлат рақами 794 ВА 60 бўлган қишлоқ хўжалик техникаси, GENCGUCSAN русумли, 2015 йилда ишлаб чиқарилган, завод рақами 709, давлат рақам белгиси 369 АА 60 бўлган қишлоқ хўжалик техникаси тиркамаси, томчилаб суғориш тизими, ҳимоя тизими, унга зарурий бутловчи қисмлар, боғдорчилик фаолиятида фойдаланиш учун трактор ва трактор прицепига қаратилган ва гаровга қўйилган Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Олтинкўл” ҚФЙ “Сарой” маҳалласида жойлашган биолаборатория ва қўшимча ишлаб чиқариш бино-иншоотлари бошланғич сотув баҳосини 300 000 000 сўм, Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Оразий” ҚФЙ Узун кўчасида жойлашган сут товар фермаси бино-иншоотлари бошланғич сотув баҳоси 200 000 000 сўм, ТТ-75J русумли, 2013 йилда ишлаб чиқарилган, завод рақами ZFAF01155, давлат рақами 794 ВА 60 бўлган қишлоқ хўжалик техникаси трактори бошланғич сотув баҳоси 112 700 000 сўм, GENCGUCSAN русумли, 2015 йилда ишлаб чиқарилган, завод рақами 709, давлат рақам белгиси 369 АА 60 бўлган қишлоқ хўжалик техникаси тиркамаси бошланғич сотув баҳоси 6 000 000 сўм, томчилаб суғориш тизими, ҳимоя тизими, унга зарурий бутловчи қисмлар, боғдорчилик фаолиятида фойдаланиш учун трактор ва трактор прицепи бошланғич сотув баҳоси 757 570 000 сўм миқдорида белгиланган.
Жавобгар “ARG’UMON OLTINKO’L” фермер хўжалигидан Республика бюджетига 63 838 135 сўм давлат божи ундирилган.
Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят (протест) келиб тушмаган.
Шунингдек, «ARGUMON OLTINKО’L» фермер хўжалиги Андижон туманлараро иқтисодий судига «Электрон- онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси ва «YUKSAK BROK INVEST» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 2019 йил 3 июнда ўтказилган электрон-онлайн аукцион натижаси юзасидан тузилган баённомани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Даъво ариза 2019 йил 8 август куни иш юритувига қабул қилинган ва 4-1701 -1903/4095-сонли иш қўзғатилган.
Андижон вилоят иқтисодий суди раисининг 2019 йил 12 августдаги 21-сонли фармойишига асосан мазкур иқтисодий иш Андижон вилоят иқтисодий суди иш юритувига ўтказилган.
Суд ажримларига асосан ишга «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Олтинкўл тумани филиали, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, AT «Ҳамкорбанк», «Feyting» МЧЖ низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида, AT «Ҳамкорбанк» Нодирабегим филиали масъул ходимлари ва Олтинкўл тумани 1-сон Давлат нотариал идораси нотариуси Ж. Қўйлиевлар гувоҳ сифатида жалб қилинган.
2019 йил 23 августдаги суд мажлисида даъвогар ва «Feyting» МЧЖ вакили З. Муқимов, AT «Ҳамкорбанк» вакили Ш. Атақулов, Олтинкўл тумани 1-сон Давлат нотариал идораси нотариуси Ж. Қўйлиевлар иштирок этган, лекин жавобгар, «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Олтинкўл тумани филиали ва Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси вакиллари суд мажлисида иштирок этмаган.
Шу кунги суд мажлисида, AT «Ҳамкорбанк» ва «YUKSAK BROK INVEST» МЧЖ вакиллари судга илтимосномалар киритиб, низонинг келиб чиқишига асос бўлган давлат ижросининг хатти-ҳаракатлари юзасидан «YUKSAK BROK INVEST» МЧЖ томонидан Андижон вилоят прокуратурасига шикоят ариза киритилганлиги, мазкур шикоят аризага асосан Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими мансабдор шахсларига нисбатан 2019 йил 6 августда Андижон вилоят прокуратураси ўта огир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилганлиги ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги, шунингдек, даъвогар даъво талабига асос сифатида кўрсатаётган Маъмурий ишлар бўйича Олтинкўл туман судининг «ARGUMON OLTINKО’L» фермер хўжалиги, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ва «YUKSAK BROK INVEST» МЧЖ иштирокидаги маъмурий иш бўйича 2019 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти киритилганлиги, шу сабабли апелляция шикояти Андижон вилоят маъмурий судида кўриб чиқилгунга қадар ҳамда тергов ҳаракатлари якунлангунга қадар иқтисодий ишни тўхтатиб туришни сўраган.
Андижон вилоят иқтисодий судининг 2019 йил 23 августдаги ажрими билан AT «Ҳамкорбанк» ва «YUKSAK BROK INVEST» МЧЖнинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимосномалари қаноатлантирилган.
4-1701-1903/4095-сонли иқтисодий иши бўйича иш юритиш Маъмурий ишлар бўйича Олтинкўл туман судининг » ARGUMON OLTINKО’L» фермер хўжалиги, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, «Электрон- онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ва «YUKSAK BROK INVEST» МЧЖ иштирокидаги маъмурий иш бўйича 2019 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорига нисбатан киритилган апелляция шикояти Андижон вилоят маъмурий судида кўриб чиқилгунга қадар ҳамда Андижон вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими мансабдор шахсларига нисбатан 2019 йил 6 августда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов харакатлари якунлангунга қадар тўхтатилган.
Суднинг 2019 йил 19 сентябрдаги ажрими билан иқтисодий иш бўйича иш юритиш тикланган ва иш кўриш 2019 йил 26 сентябрь куни соат 10-30 да бўладиган суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинланган.
Андижон вилоят иқтисодий суди раисининг 2019 йил 23 сентябрдаги 27-сонли фармойишига асосан мазкур иқтисодий иш Асака туманлараро иқтисодий суди иш юритувига ўтказилган.
Суд ажримларига асосан ишга «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Олтинкўл тумани филиали, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, AT «Ҳамкорбанк», «Feyting» МЧЖ низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида AT «Ҳамкорбанк» жалб қилинган.
2019 йил 26 сентябрь кунидаги суд мажлисида даъвогар “Arg’umon oltinkul” фермер хўжалиги ишончли вакили иш юритувчиси иштирокида, жавобгар “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш Маркази” давлат унитар корхонаси ишончли вакили иштирокида, мустақил талаблар билан арз қилмайдиган 3-шахс сифатида жалб этилган АТ “Ҳамкорбанк”, Андижон вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Олтинкўл тумани филиали, Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, Асака туман прокуратураси вакили иштирок этган.
Суд мажлиси Тошкент шаҳри ва Наманган вилоят иқтисодий судлари кўмагида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган.
“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК ушбу имкониятдан фойдаланиб, ишночли вакили Тошкент шаҳар иқтисодий суди студиясидан фойдаланиб суд мажлисида иштирок этган. Аммо лекин жавобгар “Yuksak Brok Invest” МЧЖга суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида суд ажрими Наманган вилояти Наманган шаҳар 5 “а” кичик туман 41 “а” уйда жойлашган манзилига ва унга тегишли бўлган низоли мулк жойлашган манзил Андижон вилоят Олтинкўл тумани “Оразий” ҚФЙ Узун кўчасига почта алоқа бўлими орқали юборилган бўлса-да, ажрим манзилда вакили бўлмагани сабабли почта алоқа бўлими орқали қайтарилган. Шунингдек, ажрим нусхаси Наманган вилояти Наманган шаҳар 5 “а” кичик туман 41 “а” уйга махсус алоқа хизмати орқали юборилган бўлса-да, жавобгар манзилида топилмагани ҳақида маълумот билан қайтарилган.
Шунингдек, Наманган вилоят иқтисодий суди видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд мажлисига “Yuksak Brok Invest” МЧЖ вакиллари келмагани ҳақида маълумотнома тақдим этган.
Суд ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 129-моддаси 21-қисми 2-бандига асосан “Yuksak Brok Invest” МЧЖни хабардор этилган деб ҳисоблаб, унинг вакили иштирокисиз кўришни лозим топган.
Асака туманлараро иқтисодий суди томонидан 2019 йил 26 сентябрь куни ишни кўриш натижасига кўра ҳал қилув қарор қабул қилиб, “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан 2019 йил 3 июнь куни тузилган “Yuksak Brok Invest” МЧЖни кўчмас мулк олди-сотди аукционида ғолиб деб топиш баённомаси ҳақиқий эмас деб топиш, “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК ва “Yuksak Brok Invest” МЧЖдан солидар тартибда 1 115 000 сўм давлат божи ва 17 840 сўм почта харажати “Arg’umon Оltinkul” фермер хўжалиги ҳисобига, 55 750 сўм суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳисобига ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Иш юзасидан қўшимча жавобгар “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан 2019 йил 25 октябрда берилган апелляция шикояти тегишли тартибда давлат божи ва почта харажати тўланмагани, шикоят нусхаси иш бўйича манфаатдор шахсларга юборилмагани сабабли 2019 йил 30 окятбрь куни шикоятни қайтариш ҳақида ажрим қабул қилиниб, шикоят қайтарилган. Иқтисодий иш юзасидан бошқа апелляция ва кассация шикоятлари келиб тушмаган. Ҳал қилув қарор ҳозирги кунда ўз кучида.
Бундан ташқари, аризачи “Армуғон Олтинкўл” фермер хўжалиги раҳбари Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими давлат ижрочиси М. Мирпайзуллаевнинг аризачи фермер хўжалигининг гаровдаги кўчмас мулкини электрон-онлайн аукционда сотиш бўйича бажарган барча ишларини ғайриқонуний деб топишни, жавобгар “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан жавобгар “Yuksak brok invest” МЧЖ номига берилган баённомани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Олтинкўл туман туман маъмурий судининг 2019 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорига асосан, аризачи “Aрғумон Олтинкўл” фермер хўжалигининг жавобгарлар “Yuksak brok invest” МЧЖ, “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК, Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл тумани бўлимига нисбатан “Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлимининг ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва электрон-онлайн натижалари тўғрисидаги баённомани ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида”ги шикояти қисман қаноатлантирилиб, Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл тумани бўлимининг “Aрғумон Олтинкўл” фермер хўжалигининг мол-мулкларини хатлаш, кўздан кечириш, электрон онлайн аукционга чиқариш ва топшириш билан боғлиқ ҳаракатлари ғайриқонуний, деб топилган.
“Электрон онлайн натижалари тўғрисидаги баённомани ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида”ги шикояти маъмурий суднинг ваколатига тааллуқли бўлмаганлиги сабабли иш юритувидан тугатилган.
Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар “Yuksak brok invest” МЧЖ раҳбари Шавкатжон Юсупов апелляция шикояти келтирган.
Андижон вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида таркиб мавжуд эмаслиги сабабли аризачи “Арғумон Олтинкўл” фермер хўжалигининг жавобгар Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими, Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази ДУК ва “Yuksak brok invest” МЧЖга нисбатан юритилган оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иши “Юксак брок инвест” МЧЖ раҳбари Ш. Юсуповнинг апелляция шикояти асосида апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун Фарғона вилоят маъмурий судига юборилган.
Фарғона вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 25 октябрдаги қарори билан Олтинкўл туман маъмурий судининг 2019 йил 2 августдаги қарори ўзгаришсиз, “Yuksak brok invest” МЧЖ раҳбари Ш. Юсуповнинг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “в”, “г” бандлари, 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 169-моддаси 2-қисми “а”, 189-моддаси, 229-моддаси, 232-моддаси 2-қисми, 233-моддаси 1-қисми, 237-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари ва 238-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Шавкат Юсупов (1986 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланган, “Yuksak brok invest” МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаган), Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 241-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Абдуқаҳҳор Бектемиров (1985 йилда Андижон вилоятининг Улуғнор туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, муқаддам судланмаган, МИБ Олтинкўл туман бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган) ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-11-моддаси 1-қисми, 233-моддаси 1-қисми ва 241-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Икромали Ҳамроқулов (1940 йилда Андижон вилоятининг Андижон туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, “Арғумон Олтинкўл” фермер хўжалиги раҳбари) га нисбатан иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш