Д. ЮСУПОВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД

2019 йил 29 ноябрда Asia Terra веб-сайтининг YouTube тармоғидаги каналида эълон қилинган фуқаро Д. Юсупованинг мурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=0JSPuiEBVE0) юзасидан маълумот

2016 йил 8 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди очиқ сайёр суд мажлисида Юнусобод туман “Собиробод” МФЙ биносида 1977 йил 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган Дилноза Муратова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу моддага асосан энг кам ойлик иш хақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси  тайинланган.

Судланувчи Д. Муратовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 44-моддаси талаблари, яъни агар жарима жазосини уч ой мобайнида тўламаган тақдирда, ушбу жазо бошқа жазо турига алмаштирилиши тушунтирилган.

Судланувчи Д. Муратовадан далилий ашё тариқасида олиниб, 16127-сонли квитанция асосида Тошкент шаҳар ИИББ Молия бўлимига топширилган 50 000 сўм пул маблағлари – давлат фойдасига ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасига асосан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 9-даҳаси 11-уй 38-хонадон жиноят қуроли деб топилган ва ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг давлат эгалигига ўтказилиб, Юнусобод туман хокимияти тасарруфига қаратилган.

2017 йил 15 сентябрда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ҳукм устидан фуқаровий жавобгар Д. Юсупова ҳамда унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикоятларига асосан жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг 2017 йил 8 августдаги Дилноза Муратовага оид ҳукмининг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 9-даҳаси 11-уй 38-хонадонни жиноят қуроли сифатида давлат эгалигига ўтказиш ва Юнусобод туман ҳокимияти тасарруфига қаратиш қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаровий жавобгар Д. Юсупова ва унинг ҳимоячиси Х. Максумовларнинг апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

2018 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси томонидан Д. Юсупованинг жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг 2017 йил 8 августдаги ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 15 сентябрдаги ажримининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан назорат тартибида берилган шикояти кўриб чиқилиб, қаноатлантирилмасдан рад этилган.

Шу билан бирга, Д. Юсуповага Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати  

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: