НОҲАҚЛИККА УЧРАГАН ФЕРМЕРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ОЛИЙ СУДДА ТИКЛАНДИ

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари эркин фаолият юритиши, ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Албата, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳи­моя қилиш борасида судлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклатилган.

Бу бежиз эмас, албатта. Нега деганда, жойларда ҳали-ҳануз маҳаллий ҳокимликлар томонидан соҳа вакилларининг ҳуқуқларига риоя этмаслик, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб турибди. Би­но­барин, Олий суд томонидан бу борадаги ишлар алоҳида назоратга олинган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги «Бек шоҳ даласи» фермер хўжалиги раҳбари Қу­вондиқ Мавлонов ҳам жорий йилни қутлуғ ниятлар билан бошлаб, ишга киришган пайтда кутилмаганда бошига ташвиш тушди. Аниқроқ айтганда, туман деҳ­қон, фермер хўжаликлари ва то­мор­қа ер эгалари кенгашининг 2019 йил 8 апрелдаги 33-сонли хулосасига асосан, Оқолтин туман ҳокимининг 970-сонли қарори қабул қи­линди.

Яъни фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муд­дат­ли ер ижара шартномаси бекор қилинди, унинг 72,9 гектар ер майдони туман захирасига қайтарилди.

Буёғини сўрасангиз, пахта ва ғаллачилик йўналишидаги ушбу фермер хўжалиги ташкил этилганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган эди.

Аниқроғи, Қувондиқ Мавлонов туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган танловда ғолиб бўлган ва туман ҳокимининг 2018 йил 18 апрелдаги 599-сонли қарорига мувофиқ, унга 104-дала контурдан 51,3 гектар ер ажратиб берилганди. Кейинчалик, яъни 2019 йил 28 январда туман ҳокимининг қарори билан фермер хў­жалигига 54-дала контуридан 21,6 гектар ер ажратиб берилди. Аммо…

Аммо орадан 3 ой ўтиб, туман ҳокими шартнома шартига зид равишда юқоридаги қа­рорни қабул қилиб турибди-да.

Хўш, бундай вазиятда фермер хўжалиги раҳбари қандай йўл тутиши керак?

Албатта, у қонуний йўлни тан­­­лади. Бошқача айтганда, Оқ­олтин туман деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2019 йил 8 апрелдаги 33-сонли хулосаси ва туман ҳокимининг 970-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, судга мурожаат қилди. Бахтга қарши Мирза­обод туман маъмурий судининг 2019 йил 14 июндаги ҳал қилув қарори билан Қ. Мавлоновнинг шикоятини қаноатлантириш рад этилди. Сирдарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 11 июлдаги ажримига биноан эса, мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Бундан фермер хўжалиги раҳбари асло тушкунликка туш­мади, балки янада ишонч билан юқори суд инстанциясига мурожаат қилди.

Фермер хўжалиги раҳбари ҳали уч йил тўлмай туриб, фермер хўжалигининг фаолияти таҳлил этилиши ноқонуний эканлигини билдирган ҳолда Мирзаобод туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилиш ҳамда Оқолтин туман ҳокимининг 2019 йил 8 апрелдаги 970-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Ўзбекис­тон Республикаси Олий судига мурожаат қилди.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, Ер кодексининг 24-моддасига асосан, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Бироқ Оқолтин тумани ҳокими қонуннинг ана шу талабига риоя этмаган, ер ижара шартномасини ўз қарори билан бекор қилиб, фермернинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўл­ган. Туман ва вилоят маъмурий судлари эса, бу ноқонуний ҳо­латга эътибор бермай, Қу­вондиқ Мавлоновнинг шикоятини қаноатлантиришни рад этган.

Яна қонун меъёрларига эъ­тибор қаратсак, амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳа­ракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлиги ҳамда аризачининг ҳуқуқ­лари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарор ёки унинг айрим қисмларини ҳақи­қий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши; қарор ҳақи­қий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятини юклаши белгиланган.

Олий суднинг маъмурий ишлар бў­йича судлов ҳайъати қонуннинг ана шу талабидан келиб чиқиб, Мирзаобод туман маъмурий судининг 2019 йил 14 июндаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 11 июлдаги қа­рорини бекор қилди, Оқолтин туман ҳокимининг 2019 йил 8 апрелдаги 970-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ажрим чиқарди.

Шу билан бирга, туман ҳокимлиги зиммасига ушбу қарор оқибатларини бартараф этиш мажбурияти ҳам юкланди.

Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратиш жоиз: фермер хўжалиги раҳбари ўз аризасида Оқолтин туман деҳқон, фермер хўжаликлари ва то­мор­қа ер эгалари кенгашининг 2019 йил 8 апрелдаги 33-сонли хулосасини ҳам бекор қи­лишни сўраган. Аммо бу хулоса маъмурий органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтируви қарори бў­либ ҳи­собланмайди. Яъни аризачининг ушбу талаби маъмурий суд судловига тааллуқли эмас. Шунинг учун судлов ҳайъати аж­римида фермер хўжалиги раҳбарининг кенгаш хулосасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳа­­қидаги талаби бўйича иш юритиш тугатилиши ҳам қайд этилди.

Албатта, шу тариқа фермер хўжалиги раҳбарининг бузилган ҳуқуқи тикланди. Лекин туманнинг ўзида ечилиши мумкин бўлган муаммо вилоят миқ­ёсида ҳам ҳал этилмагани боис фермер хўжалиги раҳбари Қ. Мавлоновнинг Олий судга нажот истаб келишини қандай тушуниш мумкин? Нега айрим маҳаллий ҳо­кимликлар масъуллари фермер ва тадбиркорларнинг йўлига ғов бў­лишдан ҳамон ўзларини тиёлмаяптилар?

Ўйлаймизки, Оқолтин тумани мутасаддилари рўй берган ҳолатдан тегишли хулоса чиқариб олишади. Қолаверса, бу бошқа туманлар масъул­ларига ҳам сабоқ бўлиши шарт. Зеро, ер пешона терини тўкиб, не-не машаққатлар эвазига мўл-кўл ҳосил етиштираётган деҳқонни ҳар қанча эъзозласак кам.

 Луқмон ҚОДИРОВ,
Олий суд судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: