ФУҚАРОЛИК ИШИ ВИЛОЯТ СУДИДА АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИЛАДИ
Kun.uz сайтида 2019 йил 4 декабрь куни эълон қилинган “Cамарқандда бахтсиз воқеа туфайли фалаж бўлиб қолган йигитга ҳеч қандай товон пули тўланмади” сарлавҳали мақолага оид
Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг иш юритувига даъвогар Озода Соатованинг жавобгар “AFRASIYOB QURILISH INVEST” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан соғликка етказилган шикаст учун бир марта тўланадиган нафақа, ҳар ойлик тўлов, дори-дармон, шифохона харажатлари ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси 2019 йил 27 сентябрь куни келиб тушган.
Суднинг 2019 йил 7 октябрдаги ажримига кўра даъвогар О. Соатованинг жавобгар “AFRASIYOB QURILISH INVEST” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан даъво аризаси юзасидан фуқаролик иши қўзғатилиб, иш юритувга қабул қилинган.
Суднинг 2019 йил 23 октябрь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар О. Соатованинг жавобгар “AFRASIYOB QURILISH INVEST” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.
2019 йил 13 ноябрь куни суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар О. Соатова апелляция шикояти келтирган. Ушбу шикоят фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун 2019 йил 10 декабрь кунига тайинланганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш