СУД ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИНИ НОҚОНУНИЙ ДЕБ ТОПДИ

Мамлакатимиз Бош Қомусининг 114-моддасида “Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир” деб белгиланган.

Бироқ Андижон тумани ҳокимлиги фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2016 йил 11 майдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминламасдан, боз устига суд қарори ижрода бўлишига қарамай, туман ҳокими томонидан суд қарорига зид иккинчи бир қарор қабул қилиниб, Конституциямизда белгиланган нормалар бузилган.

Андижон тумани Храбек қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар туман маъмурий судига “Андижон тумани ҳокимининг 2019 йил 5 сентябрь кунги 6366-к сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида”ги ариза билан мурожаат қилган.

Андижон туман ҳокимининг 2005 йил 14 декабрдаги 389-к сонли қарорида Андижон тумани, Храбек қишлоқ фуқаролар йиғини, собиқ Гулистон ширкат хўжалиги ҳудудида яшовчи уй-жой қуришга муҳтож 40 нафар фуқарога 6 сотихдан, шунингдек, кўча ва йўллар учун ҳам белгиланган ер майдони ажратиш кўрсатиб ўтилган. Ушбу қарорга ер олувчиларнинг рўйхати илова қилиниб, тегишли комиссия томонидан тасдиқланган.

Туман ҳокимининг ушбу қарори қабул қилинишидан аввал, 2005 йил 6 ноябрда вилоят ҳокимининг 240-к сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда вилоят аҳолисига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилиши, қарорга илова қилинган рўйхатга кўра, Андижон туманидан 66 гектар экин ер майдони ажратилиши кўрсатилган. Бироқ туман ҳокимлигининг масъул ходимлари турли сабаблар билан собиқ Гулистон ширкат хўжалиги ҳудудида яшовчи рўйхатда кўрсатилган фуқароларга уй-жой қуриш учун ер ажратиб бермаган.

Ушбу масала бўйича фуқаролар бир неча маротаба туман, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган, лекин мурожаатлар ижобий ҳал этилмади.

Шундан сўнг фуқаролар 2016 йилда ушбу масалани қонуний ҳал этилишини сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди. Ариза фуқаролик ишлари бўйича судида кўриб чиқилиб, аризачилар фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилинди. Унда туман ҳокимининг юқорида қайд этилган қарорида кўрсатилган 40 нафар фуқарога якка тартибда уй-жой қуриш учун 6 сотихдан ер майдони ажратиш ва ушбу ер майдонлари ҳужжатларини расмийлаштириш мажбурияти туман ҳокимлиги зиммасига юкланган.

Суднинг ҳал қилув қароридан сўнг ҳам, қолаверса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарор ижросини таъминлаш бўйича бир неча бор тақдимнома киритилганига қарамай, туман ҳокимлиги турли баҳоналар билан унинг ижросини таъминламади. Боз устига туман ҳокими жорий йил 5 сентябрда 2005 йилдаги туман ҳокимининг 389-сонли қарорни бекор қилиш ҳақида 6366-к сонли қарор қабул қилган.

Андижон туман маъмурий суди раиси Олимжон Қаҳҳоров раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида масала ҳар жиҳатдан ўрганиб чиқилди.

Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассисларининг масала бўйича муносабати тингланди.

Якуний хулосага кўра, туман ҳокимининг мазкур қарори ноқонуний деб топилди.

– Юртимизда адолат бор, қонун устувор, – дейди Андижон туманидаги Храбек қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Шукрулло Йўлдошев. – Қайсидир раҳбарларнинг масъулиятсизлиги сабаб узоқ йиллардан буён бизга ажратиб берилган ерни ололмай сарсонмиз. Суд идораларига раҳмат, аризамизни 2016 йилда ҳам, жорий йилда ҳам қонуний, бизнинг фойдамизга ҳал этиб берди.

Балки энди туман ҳокимлиги 40 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш бўйича туман ҳокимининг 2005 йилдаги 389-сонли қарори ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2016 йил 11 майдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлар.

Конституциямизнинг 114-моддасида белгиланганидек, суд идоралари томонидан чиқарилган қарорлар ижросини таъминлаш ҳар қандай ташкилот, мансабдор шахслар учун ҳам мажбурий эканлигини унутмаслигимиз лозим. Энг асосийси, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай масалада адолат қарор топсин, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмасин.

ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: