КОНСТИТУЦИЯДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЭРКИНЛИК ВА ШАХСИЙ ДАХЛСИЗЛИК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАНГАН
Пойтахтимизда Олий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Олий суди раиси К. Комилов бундан 27 йил муқаддам Ўзбекистон Конституцияси қабул қилингани халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутганини қайд этди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси. Бу ҳужжат ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.
Конституцияда ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, жиноят
содир этишда айбланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунча у айбдор
ҳисобланмаслиги тўғрисидаги нормалар белгилаб қўйилган.
Ушбу
конституциявий тамойилларни ҳаётга тўлиқ жорий этиш, биринчи навбатда,
судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялар томонидан фақат қонуний,
адолатли ва асосли қарорлар қабул қилиниши тақозо этади.
Шу мақсадда кейинги йилларда Президентимизнинг бевосита ташаббуси
ва раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимида том маънода тарихий ислоҳотлар амалга
оширилди.
Конституция тамойилларидан келиб чиқиб, суд ҳокимиятининг амалда тўлиқ мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ҳам кутиб турибди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳар бир судья ва суд ходими зиммасига алоҳида масъулият ҳамда жавобгарлик юклайди.
Тадбир давомида Олий суд, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказилган “Адолат – қонун устуворлигида” танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.
ЎзА
Фикр қолдириш