ОТАЛАР ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ, БОЛАЛАР ЭСА, МЕҲРДАН МОСУВО ҚОЛДИ

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга кластер модели, хусусан, пахтачилик кластери кириб келди. Ушбу модел пахтани етиштиришдан тортиб, уни тайёр маҳсулотга айлантириш ва сотишгача бўлган жараённи ўз ичига қамраб олади.

Мутахассислар ҳам, деҳқонлар ҳам жойларда кластер моделининг бениҳоя самарали эканини бот-бот таъкидлашмоқда. Чунки фермер хўжалиги раҳба­ри ва аъзолари чигит қадашдан бошлаб, ҳосилни йиғиб-териб олгунча, ер майдони шудгордан чиқарилгунча кластер томонидан меҳнатига яраша тўлиқ маблағ билан таъминланади.

Келажакда катта миқдорда сармоя топишни, корхона тармоқларини кенгайтириш ва фаолиятини ривожлантиришни ўйлаган кластер пахта тозалаш корхонаси ёнидан чигитни қайта ишлайдиган ёғ-мой ва чорва озуқаси ишлаб чиқарувчи корхоналар барпо этади. Албатта, толадан пишиқ калава ишлаб чиқаришни йўл­га қўяди.

Шу билан бирга, омилкор инсон тикув фабрикаси барпо этишни режалаштиради. Янги ташкил этилган корхоналарда қанчадан-қанча одам ишга жойлашади.

Кластер модели самарали ва афзал эканининг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратамиз. Гап шундаки, мамлакатимиз ички эҳтиёжидан ортган нафақат пахта хом ашёси, балки ҳар қандай қишлоқ хўжалик маҳсулоти хориж давлатларига экспорт қилиниши мумкин.

Бунинг эвазига юртимизга чет эл валютаси келади. Халқи­миз бой бўлса, давлатимиз бойдир. Давлатимизнинг бойлиги, ўз-ўзидан, халқимизнинг бахтидан далолат.

Президентимизнинг шу йил 17 апрелда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида тилга олинаётган янги, самарали ва афзал усулни янада кенг жорий этиш алоҳида кўрсатилган.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зеро, ишнинг кластер модели шаклида ташкил этилиши бир қатор ижобий имкониятларни юзага чиқаради. Ҳосилнинг мўл бўлиши кластер томонидан назоратга олинади. Ҳосилни қабул қилиш, қайта ишлашда эгалик ҳисси кучаяди. Эгалик ҳиссининг кучайиши ва моддий манфаатдорлик турли талон-торожлик ва ўз­лаштириш жиноятлари йўлига ғов солади.

Пахтачилик кластери моделига ўтилмаган жойда эса, пахта хом ашёсини сотиш, ўзлаштириш, турли йўллар билан растарата этишдек ўтмишдан меросга айланган қилмишлар барҳам топмайди. Бунга ҳаё­тий бир мисол келтирамиз.

«Янгиқўрғон пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг бир гуруҳ масъул шахслари терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган кимсаларга пахта хом ашёсини сотиб, турли йўллар билан ўзлаштирган. Шу тариқа улар ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини талон-торож этишган.

Мазкур жиноят иши материаллари билан танишиш асносида жи­ноят­нинг келиб чиқиш сабаблари нимада, деган савол туғилди. Ҳа­қиқатан ҳам, имконият бўлмаса, жиноят рўй бермайди.

Таҳлиллар ва ўрганишлар ушбу жиноятнинг туб сабаби пахта тозалаш корхоналарида иш тутумининг аввалдан мерос ўтган эскича усулда давом этаётганига бориб тақалишини кўрсатди.

Судланувчи Суҳроб Тешаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) акциядорлик жамияти негизидаги «Завод қоши» пахта қабул қилиш маскани 2-зона товаршуноси лавозимида ишлаган. 2018 йил 25 сентябр­да жамият билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузган. У пахта мавсуми давомида фермер хўжаликлари томонидан пахта қабул қилиш масканига топширилган 3 764,8 тонна, қиймати 13 миллиард 59 миллион 732 минг 700 сўм­лик пахта ҳосилини қабул қилиб олган.

Шундан сўнг С. Тешаев назорат қилинмайдиган мулкий наф кўриш мақсадида, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ҳосилни тўлиғича қайта ишлашга йўналтириш ўр­нига 213,7 тонна, қиймати 404 миллион 650 минг 500 сўмлик ҳосилни сотиб юборган. Содда қилиб айтганда, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож этган.

С. Тешаев ўзи содир этган жиноий ҳаракатларнинг фош бўлмаслиги йўлини қидирган. Бунинг учун «Завод қоши» пахта қабул қилиш маскани катта ҳисобчиси З. Салимов билан ўзаро жиноий тил бириктирган.

Расмий ҳужжатга, яъни пахта хом ашёсининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга талон-торож қилинган ва ҳақи­қатда мавжуд бўлмаган 213,8 тонна ҳосил мавжудлиги ҳақи­да сохта маълумотлар киритилган. С. Тешаев ушбу маълумотнинг қалбаки эканини била туриб, жамият ҳисобхонасига тақдим этган.

Бундан ташқари судланувчи С. Тешаев ушбу акциядорлик жамиятига қарашли «Ўзбекистон» ва «Оқдарё» пахта қабул қилиш масканларидан жамиятга ишлаб чиқариш учун юборилган пахта ҳосилини қабул қилиб олиши, қайта ишлашга топшириши, ундан чиққан барча турдаги маҳсулотларни белгиланган меъёр асосида тўлиғича чиқишини таъминлаш бўйича товаршунос ҳам эди. Бу лавозимга у акциядорлик жамияти бош директорининг 2018 йил 3 ноябрдаги буйруғи билан та­йинланган.

С. Тешаев «Оқдарё» пахта қабул қилиш масканидан ишлаб чиқариш учун жўнатилган 1 663,6 тонна пахтани қабул қилиб олади. Аммо ихтиёрида бўлган бу ҳосилни тўлиқ қайта ишлашга йўналтирмайди.

Аксинча, 35,9 тонна ёки 119 миллион 2 минг 200 сўмлик пахтани ўзига маълум бўлган шахсларга сотиш орқали ўзлаштириб юборади.

Халқимизда «Қовун қовундан ранг олар», деган нақл бор.

Акциядорлик жа­миятининг «Ўз­бекистон» пахта қабул қи­лиш маскани 2-зона товаршуноси Шер­қўзи Тонготаров ҳам қинғирликда С. Тешаевдан қолишмаслигини кўрсатди.

Ш. Тонготаров ушбу пахта қабул қи­лиш масканига фермер хўжаликлари топширган 2 028,4 тонна, қиймати 6 миллиард 855 миллион 302 минг 700 сўмлик пахтани давлат стандартлари талаблари асосида белгиланган тартибда қа­бул қилиб олган. Аммо бу хомашёни қай­та ишлаш учун акциядорлик жамиятига тўлиқ жўнатиш ўрнига нафс йўлига кирган. Оқибатда у ҳосилнинг 144,8 тоннасини ўзига таниш шахсларга сотган. Яъни 488 миллион 977 минг 100 сўм­лик пахтани ўзлаштириш жиноятини содир этган.

Ш. Тонготаров жиноий ҳаракати фош бўлишининг олдини олиш учун турли қинғирликларга қўл урган. Тош боссин, оғир чиқсин, деган мақсадда пахтага сув қуйган, ҳатто тупроқ, тош ва қум қўшган.

Сўнгра Ш. Тонготаров пахта қабул қи­лиш маскани лаборатория мудири ва жиноят ишининг уларга тегишли қис­ми тугатилган бош­қа шахслар билан ўзаро тил бириктириб, расмий ҳужжатларга пахтани жамлаш ва жўнатилаётганидаги ифлослиги ва намлиги даражасини кескин камайтирган ҳолда сохта ёзувлар киритган. Шу орқали пахтанинг вазнини сунъий равишда ошириб кўрсатган.

Қолаверса, у 2018 йил ҳосилидан тайёрланган пахта хом ашёсининг ҳаракати тўғрисидаги ҳужжатга сохта маълумотларни киритган. Бу ўринда Ш. Тонготаровнинг аслида мавжуд бўлмаган 151,7 тонна пахта қабул қилиш масканида сақланаётгани ҳақидаги нотўғри маълумотни акциядорлик жамия­ти ҳисобхонасига тақдим этгани хусусида сўз бормоқда.

Мазкур акциядорлик жамия­тига қа­рашли «Оқдарё» ва «Даҳбет» пахта қа­бул қилиш масканлари 2-зона товаршунослари Ёрқин Нормўминов ҳамда Абдужалил Қўлдошевнинг жиноий қилмишлари ҳам Шерқўзи Тонготаровникига айнан ўхшаш.

Ё. Нормўминов 1821 тонна, қиймати 6 миллиард 136 миллион 498 минг 200 сўмлик пахтани фермер хўжаликларидан мавсум давомида қабул қилиб олган. Ана шу ҳосилнинг 155 тоннаси, яъни 494 миллион 864 минг сўмлигини сотиб юборган.

Бундан ташқари у пахта хом ашёсининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга аслида мавжуд бўлмаган 157,4 тонна ҳосил пахта қабул қилиш масканида, 35,8 тоннаси эса, акциядорлик жамиятида сақланаётгани ҳа­қи­даги сохта маълумотларни ҳисобхонага топширган.

Судланувчи А. Қўлдошев эса, «Даҳбет» пахта қабул қи­лиш масканига фермер хўжаликлари томонидан топширилган 1 565,3 тонна, қиймати 5 миллиард 53 миллион 211 минг 700 сўмлик пахта ҳосилини амалда белгиланган тартибга кўра, қабул қилиб олган. Мулкий наф кўришни мақсад қилган ҳолда, ўз мансаб мавқеини суиистеъмол этиб, 65,4 тонна, қиймати 70 миллион 68 минг 200 сўмлик пахта ҳосилини сотиш ва бошқа йўллар билан ўзлаштирган.

Ўз навбатида, А. Қўлдошев ҳам пахта хомашёсининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга аслида мавжуд бўлмаган 8,9 тонна пахта хом ашёси масканда, 59 тоннаси эса, жамиятда сақланаётгани ҳақидаги сохта маълумотларни киритиб, жамият ҳисобхонасига топширган.

Деҳқон пешона терини тўкиб, мўл ҳо­сил етиштиришга интилади.

Йиғим-те­рим мавсумида етиштирилган ҳосилни тоза териб, қабул қилиш масканларига сифатли ҳолда етказиб беришга ҳаракат қилади. Лекин Ё. Нормўминов билан А. Қўлдошев — худди Ш. Тонготаров сингари — талон-торож қилинган ва ҳақи­қатда мавжуд бўлмаган пахта ўр­нини тўлдириш учун мавжуд хомашёга сув, тупроқ, тош ва қум қўшган.

Акциядорлик жамиятида 2018 йил мавсумида қабул қилиб олинган пахта хомашёси тўлиқ қайта ишлангандан ке­йин тафтишли текшириш ўтказилган. Текширишда пахта қабул қилиш масканлари 2-зона товаршунослари С. Тешаев, Ш. Тонготаров, Ё. Нормўминов ва А. Қўлдошевнинг жавобгарлигидаги жами 614,7 тонна, қиймати 1 миллиард 577 миллион 561,7 минг сўмлик камомад аниқланган.

Яқинда очиқ суд мажлисида судланувчилар С. Тешаев, Ш. Тонготаров, Ё. Нормўминов ва А. Қўлдошевга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Суд С. Тешаев, Ш. Тонготаров, Ё. Нормўминовни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчи А. Қўлдошевни Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «б» бандида кўзда тутилган жиноятларни содир этган, деб топди.

Суд ҳукми билан судланувчиларнинг ҳар бири икки йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қи­линди.

Суд тайинланган жазоларни қис­ман қўшиш йўли билан С. Тешаевга — 5 йил 6 ой, Ш. Тонготаровга — 6 йил, Ё. Нормўминовга — 6 йил 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчи А. Қўлдошевга эса, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берилди.

Судда вилоят прокурорининг даъво аризаси муҳокама қилинди ва у тўлиқ қаноатлантирилди. Судланувчи С. Тешаевдан 523 миллион 652 минг 700 сўм, Ш. Тонготаровдан 488 миллион 977 минг 100 сўм, Ё. Нормўминовдан 494 миллион 864 минг сўм ва А. Қўлдошевдан 70 миллион 68 минг 200 сўм моддий зарар акциядорлик жамияти фойдасига ундирилиши суд ҳукмида алоҳида қайд этилди.

Қисқаси, шу тариқа жиноят содир этган кимсаларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъ­минланди. Уларга суд ҳук­ми билан қонуний ва адолатли жа­зо тайинланди.

Кишини ўйлантираётган жиҳати шу­ки, судланган бу кимсалар атиги беш-ол­ти ой ишлагани ҳолда, жуда катта миқдордаги талон-торожликка йўл қўйишди. Лекин акциядорлик жамиятига етказилган зарар охир-оқибат шу судланувчилар томонидан ундириладиган бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, уш­бу масаланинг нафақат ҳу­қуқий, балки маънавий жиҳатига ҳам эътибор қаратиш лозим. Бинобарин, судланувчилардан С. Тешаевнинг — 6 нафар, Ш. Тонготаровнинг — 3 нафар, Ё. Нурмўминовнинг эса, 2 нафар фарзанди бор.

Бу учта хонадонда оталар ўз нафси қутқусига учиб, жиноий қилмишга қўл уришди ва шунга яраша жазо олишди. Энди рўзғор юки хонадон соҳибалари зиммасига тушади. Энди ҳар бир оилада болалар ота қамоқдан қайт­гунига қадар унинг меҳридан мосуво яшашига тўғри келади. Жамият эса, ҳам ота, ҳам она тарбиясини олган фарзандлардан кўпроқ манфаат топишини унутмайлик.

Илёс ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Оқдарё туман судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: