ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ
2019 йил 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси иш бошлади.
Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқлангач, сенаторлар кўриб чиқиладиган масалалар муҳокамасига киришдилар.
Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.
Таъкидланганидек, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини янги таҳрирда қабул қилиш назарда тутилмоқда. Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” 2018 йил 29 июндаги Фармонини ижро этиш учун ишлаб чиқилди.
Қонун иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини камайтиришга, шунингдек солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқлар тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки даражасидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган. Солиқларни унификациялаш, шунингдек ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сонини мақбуллаштириш, солиқ ҳисоботларини камайтириш ва соддалаштириш, операция харажатларини камайтириш назарда тутилмоқда.
Қонун макроиқтисодий вазият барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини шакллантириш барқарорлигини таъминлашга, солиқ қонунчилигини соддалаштиришга, солиқ муносабатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва тафовутларни бартараф этишга, виждонли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра келгуси йилдан солиқ турлари 13 дан 9 гача қисқартирилмоқда. Хусусан, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинмоқда.
Солиқ назорати ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда, у солиқ органларига камерал, жойига чиққан ҳолда текшириш ва солиқ аудитини ваколатли орган билан келишилмасдан таҳлика-таҳлил дастури асосида амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Бундан ташқари, солиқлар ва йиғимлар, шунингдек бошқа мажбуриятларни ҳисоблаш ва тўлаш масалалари бўйича ахборот тўплаш учун сайёр текширув ўтказилиши белгиланмоқда. Сайёр текширув якунлари бўйича солиқ органи мансабдор шахслари томонидан улар амалга оширган ҳаракатлар тўғрисида маълумотнома тузилади, унинг нусхаси солиқ тўловчига берилади. Сайёр текширув ўтказишда солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимлар ҳисобланмайди. Шу билан бирга, инсон омили иштирокисиз солиқлар тўланмаслиги хавфи омилларини таҳлил қилиш натижалари асосида танлаб олинган барча солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудитини ўтказиш белгиланмоқда.
Солиқ бўйича низоларни судгача ҳал этиш тартиби очиб берилмоқда, шунингдек солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик турига қараб жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилмоқда, солиқ аудити натижалари бўйича ортиқча ундирилган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш механизми назарда тутилмоқда.
Шунингдек солиқ тўлашни таъминлашнинг янги воситаларини жорий этиш, шунингдек, солиқ тўлаш муддатини тўлов асосида коллегиал органларнинг (комиссияларнинг) иштирокисиз кечиктириш ёки узайтириш тартиби назарда тутилмоқда. Бундай ҳуқуқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилмоқда.
Трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш нормалари, “ўзаро боғлиқ шахслар” ва “ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида назорат қилинадиган битимлар”, “назорат қилинадиган чет эл компанияси (НЧЭК) тушунчалари жорий этилмоқда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган солиқ тўловчи томонидан назорат қилинадиган чет элдаги юридик шахсни солиққа тортиш тартиби очиб берилмоқда.
Шу муносабат билан айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият амалга оширилиши билан боғлиқ “солиқ тўловчиларни консолидациялашган гуруҳи” тушунчаси ва уларни солиққа тортишнинг хусусиятлари киритилмоқда.
Солиқларни ҳисоблаш механизмини ва тўлаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек солиққа тортишнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Муҳокама вақтида Кодекснинг қабул қилиниши солиқ қонунчилиги нормаларини қўллашни имкон қадар соддалаштиришга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек 7 та қонунни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи 17 та моддадан иборат. Масалан, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонунга ер қаъридан фойдаланувчининг тегишли лицензия асосида фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олган ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан имзоли бонус ва тижоратбоп топилма бонусини тўлашни, уларни тўлаш муддатларини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қийматини аниқлаш ва тижоратбоп топилма бонусини тўлаш тартиби ўрнатилмоқда.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунларга солиқ ва йиғимлар тўлаш ҳамда улар тўлангач, фойда келиши тартибини белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Сенаторлар Қонун қабул қилиниши солиқлар ва йиғимлар ажратиш тартиб-таомилларининг шаффофлигини кучайтириш ва оширишга, шунингдек виждонли солиқ тўловчилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга кўмаклашишини таъкидладилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, Қонун Солиқ кодекси янги таҳрирда ишлаб чиқилиши муносабати билан, шунингдек давлат божини белгилаш, ундириш, ундан озод қилиш ва уни қайтариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Жумладан, Қонунга кўра давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган консуллик йиғими, ихтироларга, фойдали моделларга, саноат намуналарига, селекция ютуқларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган патент божи давлат божи турлари жумласига қуйидагилар киради. Бунда ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилар ҳисобланади.
Қонунда давлат божи ундириладиган объектлар ва давлат божи ставкаларининг миқдорлари назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролик ишлари бўйича судларда, иқтисодий судларда ва маъмурий судларда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштириш ва беришда, консуллик йиғимини тўлашда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби ва озод қилинадиган шахслар рўйхати белгиланмоқда.
Сенаторлар Қонун қабул қилиниши қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга кўмаклашишини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин Сенат аъзолари “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Сўзга чиққанлар қайд этганидек, бугун Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция фаолияти йигирма йил аввал қабул қилинган ва ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган қонунлар билан тартибга солинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда инвестиция муносабатларининг катта қисми бошқа тармоқларга доир қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Инвестицияга оид қонун ҳужжатлари нормаларининг тармоқлар бўйича тақсимлаб юборилганлиги унинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради, инвестицияга оид қонун ҳужжатларининг самарадорлигини пасайтиради, бу эса, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётининг ривожига салбий таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тизимига ягона бирлаштирилган ҳужжат сифатида киритилади. Бунда Қонунда таянч тушунчалар жорий этилиб, унда мазкур соҳада фойдаланиладиган асосий тушунчалар очиб берилмоқда.
Қонунийлик, ошкоралик ва очиқлик, инвестиция фаолиятини амалга ошириш эркинлиги, адолатлилик ва инвестиция фаолияти субъектларининг тенглиги, инвесторларга нисбатан камситишга йўл қўймаслик, инвесторларнинг виждонлилиги презумпцияси – инвестициялар ва инвестиция фаолиятининг асосий принципларидир.
Инвестицияларнинг белгиланган мақсадига кўра турлари белгиланиб, у капитал, молиявий ва ижтимоий турларга бўлинади. Белгиланишича, пул маблағлари (шу жумладан чет эл валютаси) ва бошқа молиявий маблағлар, шу жумладан кредитлар, пайлар, улушлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, кўчар ва кўчмас мол-мулк ҳамда бошқа объектлар инвестиция ресурслари жумласига киради.
Бундан ташқари, Қонунда инвесторнинг, инвестиция фаолияти иштирокчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланмоқда. Қонун қабул қилиниши инвестиция макони яхлитлигини, мамлакатимиз ва хорижий инвесторлар ҳуқуқий режими тенглигини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция фаолияти субъектларининг иқтисодий фаолияти эркинлигини таъминлаши ва Ўзбекистон инвестиция бозори самарали фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.
Қонун қабул қилиш зарурати ҳақида сўз борганда, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги таҳрири эркин иқтисодий зоналар фаолиятини комплекс тартибга солмаслиги ва такомилига етказилиши зарурлиги қайд этилди. Қонуности ҳужжатларининг кўплиги, тўғридан-тўғри таъсир қиладиган махсус қонун ҳужжати мукаммал эмаслиги ва барча зарур масалалар тартибга солинмаганлиги тафовутлар ва потенциал инвесторларда бу соҳадаги қонун ҳужжатлари барқарорлиги тўғрисида салбий фикр пайдо бўлишига олиб келади.
Қонун махсус иқтисодий зоналарнинг турлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари, фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш, махсус иқтисодий зоналарнинг фаолиятини ташкил этиш, уларни бошқариш, махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомини белгилаш, божхонада тартибга солиш, солиқ солиш ва ердан фойдаланиш режими бўйича асосий тушунчалар ҳамда қоидалар белгиланмоқда. Шу муносабат билан Қонун бу соҳадаги муносабатларни самарали тартибга солишга кўмаклашади ва иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам ташлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар томонидан “Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Қонун Миллий гвардиянинг мақомини, ваколатларини, вазифалари ва функцияларини белгилаш, шунингдек унинг фаолиятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш хусусиятини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонунга кўра Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдир.
Белгилаб қўйилишича, Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар эса Миллий гвардияга унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.
Бундан ташқари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажариш мажбурийлиги назарда тутилмоқда.
Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ягоналик, мустақиллик Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланмоқда, уларнинг мазмуни ва моҳияти очиб берилмоқда. Миллий гвардиянинг таркиби мустаҳкамланмоқда.
Жумладан, Миллий гвардиянинг таркибига марказий девон, ҳудудий бошқармалар, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлар киради.
Шу билан бирга, назарда тутилишича, Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир, Миллий гвардияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилади. Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилади. Бундан ташқари, Миллий гвардияда ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва шартлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Қонун билан Қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, Жиноят-процессуал кодексга ва “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Сенаторлар қайд этганидек, Қонун қабул қилиниши Миллий гвардия шахсий таркиби ўз хизмат ва ҳарбий мажбуриятларини ишончли, ташаббус билан ва монеликсиз бажарашини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин Олий Мажлис Сенати аъзолари “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, Қонунни ишлаб чиқиш зарурати нотариал ҳаракатлар сони ошган шароитда давлат нотариал идораларида қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёни мураккаблашганлиги, бу эса иш ҳажмига қараб хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ошишига тўсқинлик қилиши билан изоҳланади.
Қонунда “Гаров тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Медиация тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал кодексларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қарори билан тасдиқланадиган Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонунда давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларга босқичма-босқич ўтказиш назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгиланмоқда. Айрим турдаги битимлар учун мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинмоқда, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг янги турларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Мулкни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага олиш (ижарага бериш) ва ундан бепул фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда айрим талабларни бекор қилинмоқда ҳамда бундай турдаги битимларни тасдиқлаш жараёни соддалаштирилмоқда.
Қонунда нотариал ҳаракатларни масофадан, шу жумладан видеоконференцалоқа ёрдамида амалга ошириш механизми жорий этилмоқда. Нотариус ўз касбий мажбуриятларини бажариши вақтида етказилган зарардан фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш, нотариусга электрон мурожаат қилиш тизимини такомиллаштириш орқали тезкор нотариал хизматлар кўрсатиш назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг парламент аъзолари томонидан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кўриб чиқилди.
Ушбу Қонуннинг мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунга кўра ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятининг мавжудлиги, ҳар бир боланинг истеъдоди нишоналарини, иштиёқлари ва қобилиятларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар тенглиги, мактабгача бўлган ёшдаги болаларга таълим, тарбия бериш ва уларни соғломлаштиришнинг бирлиги мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий принципларидир.
Қонунда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари белгиланмоқда. Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини қуйидагилардан томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда: Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Бундан ташқари, фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги тадбирларда иштирок этиши назарда тутилмоқда. Қонунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, жисмоний шахслар томонидан бу соҳада хизматлар кўрсатиш ҳақидаги нормалар мустаҳкамланмоқда. Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти, мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури, таълим бериш тили, мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими, мактабгача бўлган ёш ва унинг даврлар, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш белгиланмоқда.
Сенаторами таъкидлаганидек, Қонун қабул қилиниши таълим сифатини яхшилаш учун имкониятлар яратишга доир чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, Қонунда Ўзбекистон Республикасининг 19 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.
Жумладан, тоғ-металлургия тармоғи корхоналари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилмоқда.
Уларда портловчи моддаларни, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланадиган корхоналар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши лозимлиги назарда тутилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда ушбу қўмита ҳузурида Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси тегишли равишда Қурилиш вазирлиги ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Давлат активларини бошқариш агентлиги этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” 2019 йил 10 апрелдаги ПФ–5706-сонли Фармонига мувофиқ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари Ички ишлар вазирлигидан чиқарилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди. Шунингдек тугатилган Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юклатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги вазифалар юклатилганлигини ҳисобга олган ҳолда “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жиноят-процессуал кодекс янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин. Иш ҳолатлари ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлганда, шунингдек бошқа зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳам шунга ўхшаш нормалар билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни судда кўриб чиқиш чоғида суднинг ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш бўйича қарор ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида чиқарилиши ва ижро этиш учун юборилиши мумкин. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар 2020 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги Фармонига мувофиқ 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш ушбу соҳани ривожлантириш бўйича устувор вазифа сифатида белгиланган.
Жумладан, 2020 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастурида ҳудудлар кесимидаги аниқ мақсадлар баён этилган. Дастурга мувофиқ келаси йилда 11 минг 957 та фермер хўжалигида 12 минг 478 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 41 минг 135 та янги иш ўрни ташкил этиш назарда тутилган. 20 дан ортиқ турли йўналишни ривожлантиришга қаратилган ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 миллиард 228 миллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда, бу эса фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий, техник ва технологик салоҳиятини оширишга кўмаклашади. Бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, Қонунда Ўзбекистон Республикасининг 6 та қонунига, 3 та кодексига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қарори билан тасдиқланган Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.
Жумладан, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан кўп бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни албатта аудитор текширувидан ўтказишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу қўшимча киритилиши активлар капиталлашуви мунтазам ўсиши, бажариладиган операциялар ҳажми кўпайиши билан изоҳланади.
Бундан ташқари, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам модда билан тўлдирилмоқда. Унда назарда тутилишича, жамият иштирокчилари ўртасида муросасиз зиддиятлар сабабли қарор қабул қилиш учун етарли овозлар сони мавжуд бўлмаганлиги туфайли жамиятни бошқариш масалалари юзасидан келишувга эришиш мумкин бўлмаган тақдирда, низоли вазият суд тартибида ҳал этилади.
Миноритар акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига норма киритилмоқда, унга кўра йирик битим тузиш шартлари баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган бозор қиймати ҳисобга олинган ҳолда мустақил ташқи аудиторлик ташкилоти томонидан ўрганилади.
“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатор нормалар киритилиб, уларга кўра юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ходимни ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга ҳақли. Бундан ташқари, оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилишда оилавий тадбиркорлик иштирокчилари таркибини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик учун, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган моддалар билан тўлдирилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳам хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этишни таъминлашга доир чораларни васийлик ва ҳомийлик органларининг ёки тиббиёт муассасасининг мансабдор шахслари, топиб олинган (ташлаб кетилган) бола турган муассаса маъмурияти томонидан кўрмаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият каби янги фаолият тури билан тўлдирилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенцияга (Рим, 1951 йил 6 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.
Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш ва миллий фитосанитария тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштириш Қонуннинг мақсади эканлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг Конвенцияга қўшилиши мамлакатда фитосанитария хавфсизлигини мустаҳкамлашга ва республиканинг экспорт салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорти учун чет эл бозорларига чиқиш тартиб-таомилини осонлаштиради, Ўзбекистоннинг фитосанитария тизимини яхшилаш ва халқаро стандартларни имплементация қилиш учун маслаҳатлар ва молиявий маблағлар шаклида халқаро ташкилотлардан олинадиган техник ёрдам ҳажмини оширади.
Натижада миллий стандартлар халқаро стандартларга мос бўлади, шу туфайли мамлакатларда фитосанитария соҳасидаги барча ҳужжатлар тан олинади ва Ўзбекистондан маҳсулот экспорт қилишда қўшимча шартлар ўрнатилишининг олдини олади.
Шунингдек, Қонун қабул қилиниши Фитосанитария чора-тадбирлари комиссияси томонидан белгилаб бериладиган ўсимликлар учун хавфли организмлар, хусусан, бундай тартиб-таомилларга мувофиқ бевосита ёки потенциал хавф туғдириши мумкин бўлган зарарли организмлар мавжудлиги, уларнинг намоён бўлиши ёки тарқалиши ҳақидаги ахборот алмашиш соҳасида Конвенция аъзолари билан ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар беради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган ва фавқулодда вазиятларда халқаро ҳаракатларни талаб қиладиган зарарли организмларга қарши курашиш бўйича исталган махсус кампанияларда Ўзбекистон иштирок этиш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек фитосанитария хавфини таҳлил қилиш учун зарур бўлган техник ва биологик ахборот тақдим этиш юзасидан чет мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишда ҳуқуқий асослар яратилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Мазкур масалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Таъкидланганидек, жорий йилда ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти соҳасида 2 110 та лойиҳа вазирликка келиб тушган. Шундан 1 907 та лойиҳа тегишли экспертизадан ўтказилган, 203 таси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мос келмаслиги сабабли қайтарилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) ишга туширилган.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ҳал этилиши керак бўлган камчиликлар, муаммолар ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Бундан ташқари, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, тегишли таълим-тарбия бериш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар камайтириш, ҳуқуқий қўллашга таъсир кўрсатмайдиган умумий хусусиятга эга қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш, тартибга солишнинг эскирган механизмларини ва ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобига муайян соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимга солиш ва кодификациялаш бўйича ишлар лозим даражада эмас.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахл қиладиган, шунингдек чет эллик инвесторлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг чет тилларига расмий таржимаси таъминланмаган. Шу муносабат билан сенаторлар мазкур йўналишлардаги ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Бу масала юзасидан ҳам тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Навоий вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
Вилоятни комплекс ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш ва ўзлаштириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил этиш, кичик бизнесни ривожлантириш ҳамда экспортни кенгайтириш, коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш бўйича бажарилган ишлар ҳақида парламент аъзолари томонидан батафсил ахборот келтирилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи вақтида белгиланган вазифалар доирасида умумий қиймати 2,9 трлн. сўмлик 2 693 та лойиҳа амалга оширилди, 17 840 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 8 та кичик саноат зонасига 332,6 млрд. сўмлик инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига 96 та лойиҳа амалга оширилди ва қарийб 600 та янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурлари доирасида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иштирокида ҳал этилмоқда. Кейинги икки йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда 130 дан ортиқ масала муҳокама этилди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан 300 дан ортиқ мансабдор шахс ҳисоботлари эшитилди, долзарб масалаларни, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли тузилмаларга 250 дан ортиқ депутат сўрови ва мурожаатлар юборилди.
Шу билан бирга, сенаторлар Навоий вилоятида мавжуд муаммоларни, жумладан, йўлларни таъмирлаш, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, ичимлик суви тармоқларини ва канализация тизимини қуриш, коммунал инфратузилмани ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар кўриш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Зарафшон шаҳрининг ўзида қуввати 125 МВт бўлган иккита трансформатор кичик станциясини қуришга эҳтиёж борлиги таъкидланди.
Зарафшонда, Учқудуқ ва Хатирчи туманларида сув ўтказиш тармоқларини ётқизиш, Кармана тумани марказида замонавий канализация тизимини қуриш зарур.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Жумладан, Томди ва Учқудуқ туманларидаги олис ва йирик шаҳарларда аҳоли тарқоқ жойлашганига қарамай, тез тиббий ёрдам хизмати бошқа туманлардагидек йўлга қўйилган. Яъни аҳоли пунктлари бир-биридан ўнлаб километр олисда жойлашганлиги эмас, балки аҳоли сони ҳал қилувчи омил сифатида ҳисобга олинган. Бундай ҳолат тиббиёт ходимлари учун ҳам, беморлар учун учун ҳам жиддий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Бу ва бошқа камчиликларни таҳлил қилиб, сенаторлар мазкур муаммоларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари ва масъул вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш зарурлигини таъкидладилар. Бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, парламент сўровига берилган жавобда бу соҳада белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги баён этилган.
Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида 2035 йилгача сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу Концепцияга мувофиқ канализация тизимида суткасига 757 минг кубметр оқава сув қувватига эга сув тозалаш иншоотларини, 8 605 километрлик канализация коллекторлари ва тармоқларини қуриш ҳамда қуввати 906 кубметрлик тозалаш иншоотларини, 2 176,2 километрлик канализация коллектор тармоқларини, 128 та насос станциясини ва 11 та зарарсизлантириш иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Барча ушбу тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари кредитлари ва республика бюджети маблағлари ҳисобига 14,6 трлн. сўм ўзлаштирилади. Натижада республикада канализация хизматлари билан таъминланганлик даражаси 31,4 фоизга етказилади.
Ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан унинг ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 17 та масала, шу жумладан 11 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати
Фикр қолдириш