ГИЁҲВАНДЛИК — ТАНАЗЗУЛГА БОШЛОВЧИ ИЛЛАТ

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқимиз ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, юртдошларимиз саломатлигини асраб-авайлаш энг устувор вазифалардан бири саналади. Бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Юртимизда, авваламбор, гиёҳ­ванд­лик воситаларининг қонунга хилоф равишда айланишига қарши курашиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Бу ҳақда тўхталганда, гиёҳвандликка қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган мус­таҳкам ҳуқуқий база яратилганини ало­ҳида қайд этиш лозим. Хусусан, «Сурункали алкоголизм, гиёҳ­ванд­лик ва заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғ­рисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қо­нунлар қабул қилинди. Бу қонунларда жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ­ларини бузаётган, аҳоли осойишталиги, саломатлиги ва маънавиятига хавф туғдираётган сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка йўлиққан кимсаларга нисбатан мажбурий даволашни қўллаш кўзда тутилган.

Шунингдек, ўтган даврда Ўзбекис­тон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик воситалари тўғ­рисида, Психотроп моддалар тўғ­рисида ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бў­йича конвенцияларини ратификация қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳу­зурида ташкил этилган Наркотик моддаларни назорат қи­лиш миллий ахборот таҳлил марказининг фаолияти ҳам гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши ҳам миллий, ҳам халқаро даражада курашишни такомиллаштиришга йўналтирилган. Бу борада тегишли таҳлилий ҳужжатлар ва таклифлар тайёрлаш, республика ва унинг ташқарисида гиёҳвандликнинг олдини олиш, наркотик воситалар устидан назорат олиб бориш бўйича маълумотлар базасини йиғиш ва шакллантириш каби кўплаб амалий ишлар қилинди.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган XIX боб «Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар» деб номланган. Унга кўра, тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бош­қа ҳаракатларни қилиш, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб қилиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятга қўл уриш муқаррар жазо тайинланишига олиб келади. Бунга яқинда ушбу тоифадаги жиноятларни содир этган тўққиз нафар шахсга нисбатан биринчи босқич суди томонидан чиқарилган айблов ҳукмини  мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.

Шерали (исм-шарифлар ўзгартирилган) шу йилнинг 28 май куни таниши Алишер билан Тожикистоннинг Панжакент туманида яшовчи тоғаси Икромнинг уйига меҳмонга боради. Қуюқ зиёфатдан сўнг тоға меҳмонларни гиёҳвандлик воситаси  билан «сийлайди».

Гиёҳвандлик моддаси таъсирида сархуш бўлган Шерали билан Алишерга заҳри қотилни истеъмол қи­лиш ёқиб тушади. Ше­ралининг кўнг­лида «опий»дан ўз юртига олиб ўтиш фикри туғилади. Бу ҳақ­да тоғасига гап очади.

— Бизда «Жумонг» лақабли одам бор, — дейди тоға. — Унда бу «матоҳ»­дан ҳамиша топилади. Мен сизларни у билан таништириб қўяман.

Аммо ўшанда «Жумонг» билан учрашиш имкони бўлмайди. Орадан ўн кунча ўтиб, Шерали яна тоғасининг уйига боради. Бу гал «Жумонг» Тайлоқ туманидан келган меҳмонни кўп куттирмайди. «Опий»нинг мазасини Шерали, тоғаси ва «Жумонг» биргаликда татиб кўришади.

Эндигина танишган Маъруф Қаршиевнинг лақаби «Жумонг» экан. У «опий» гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун Ўзбекистондан қатнаб юрмаслик учун Шералига кўпроқ олиб кетишни таклиф қилади. Шерали эса, чегарадан ўтказиш қийин эканини айтади. Бунга жавобан Ш. Қаршиев автомашинага ҳеч ким тополмайдиган қи­либ, жойлаб беришини билдиради.

Шерали ортига қайтар чоғида М. Қаршиев иккита пакетга ўралган 200 грамм «опий» ни автомашинанинг ҳайдовчи тарафидаги хавфсизлик камари турадиган ерга жойлаб қўяди. Шу тариқа яширилган гиёҳвандлик воситаси «Жартепа» чегара назорат постидан олиб ўтилади. Ш. Мусажонов заҳри қотилни уйи­га олиб келади ва яшириб қўяди.

Кўп ўтмай Шерали кўчада Алишер билан учрашиб қолади. Алишер «Тоғанинг уйига «опий» истеъмол қилиш учун бормаймизми?» деб сўрайди. Шунда Шерали гиёҳвандлик воситаси олиб келганини айтади.

Шерали Алишер Исоқовга ҳар бир грамм «опий»ни 150 минг сўмдан ҳи­соблаб, 40 граммини 6 миллион сўмга сотади. Заҳри қотилнинг 100 граммини эса, жиноят иши алоҳида ажратилган шахсга 1 минг АҚШ доллари қарзи эвазига беради. Ўзида қолган 60 грамм «опий»ни танишлари С. Обидов, И. Суннатов ва Н. Нурматов билан С. Обидовнинг уйида биргаликда истеъмол қилади.

Кейинчалик А. Исоқов гиёҳвандлик воситасини чегара постидан қандай олиб ўтганига қизиқа бошлайди. Бунга жавобан Шералидан «Жумонг»­нинг ўзи «товар»ни автомашинага жойлаб берганини эшитгач, у билан таништириб қўйишни илтимос қилади.

Шундан сўнг улар Алишернинг «Нек­сия» русумли автомашинасида Панжакент туманига, М. Қаршиевнинг уйига боришади. Йўлга чиқишдан аввал Шерали бир танишидан 2 минг АҚШ доллари қарз олади. Кейин эса, у «Жумонг»дан 900 грамм «опий»ни 2 минг 800 долларга сотиб олади. Мезбон гиёҳвандлик воситасини Алишернинг автомашинаси газ балони ичига жойлаб қўяди.

«Жартепа» чегара назорат постига етиб келгач, Ш. Мусажонов қўлга тушиб қолишдан қўрқиб, Ўзбекистон томонга пиёда ўтади. А. Исоқов эса, автомашинасида чегара назоратидан ўтгач, улар бирга уйга қайтишади.

Эртаси куни А. Исоқов автомашинаси газ балони ичидаги гиёҳвандлик воситасини олади. У ўзининг хизмат ҳақи эвазига 150 грамм «опий» гиёҳвандлик моддасини олиб қолади. Шерали гиёҳвандлик воситасининг қолганини турмуш ўртоғи билан Россияга ишлаш учун кетган, ҳовлисида ҳеч ким яшамайдиган синглиси Ш. Қурбонованинг уйи ертўласига яшириб қўяди.

Қисқаси, шундан сўнг қўшни давлатда яшайдиган гиёҳвандфуруш Маъруф Қаршиевнинг ҳам, ўз юртига ажал уруғини олиб кираётган Ш. Мусажонов билан А. Исоқовнинг ҳам нафс ўпқони очилиб кетди.

Июль ойининг бошларида Шерали билан Алишер яна қўшни давлатга сафарга отланди. Бу гал улар М. Қаршиевнинг чақируви билан йўлга чиқишганди.

М. Қаршиев 11 килограмм «ажал уруғи»ни тайёрлаб қўйган экан.

Унинг таклифи Шерали билан Алишерга мойдек ёқиб тушади. Гап шундаки, автомашинасида Ўзбекистонга олиб киргани учун «товар»нинг 1 килограмми А. Исоқовга, Ш. Мусажоновга эса, эгаси олиб кетгунига қадар уйи­да сақлагани учун ҳар бир килограммига 500 доллардан ҳақ тўланади.

Улар бу «товар»ни ҳам контрабанда йўли билан юртимизга олиб киришади. Киндик қони тўкилган, оиласи ва фарзандлари яшаётган юрт тақдирига «ажал» уруғи рахна солаётганини ўйламаган бу баднафс­лар қайси йўл билан бўлса-да, бойиш­ илинжида ҳар қандай разилликка қўл уришдан тап тортишмасди.

Орадан тўрт кун ўтгач, Шералининг уйида сақланаётган 10 килограмм гиёҳвандлик моддасини Тожикистон фуқароси «Ҳа­сан» олиб кетади. Табиийки, «Ҳа­сан»­нинг ҳам гиёҳвандлик воситаси етказиб берадиган ўз мижозлари бор эди. Аммо Шерали уларни танимасди.

Шундан сўнг гиёҳвандфурушлар Ш. Мусажоновнинг уйига танда қўйишади. Бир куни «Жумонг» ўз таниши, тожикистонлик «Ҳақберди» билан Ше­ралининг уйига келади. Айтишларича, улар чегара назорат пос­тидаги вазиятни ўрганишаётган экан.

Ярим тунда «Ҳақберди» ўзи­нинг «Опель» русумли автомашинаси газ балони ичида 10 килограмм «оқ ажал»­ни олиб ўтганди. Шералининг уйида улар «товар»ни чиқариб олишади.

Эртаси куни М. Қаршиев тожикистонлик «Жаҳбар» ва «Умид» исмли гумашталари билан бирга келиб, Шералининг уйида яшириб қўйилган гиёҳвандлик воситаларини Самар­қанд вилоятида номаълум шахсларга сотиб юборишади. Гиёҳвандлик воситасини уйида сақлаб тургани учун Ш. Мусажонов улардан 1 килограмм «опий»ни сийлов тариқасида олади.

Кейинчалик «Жумонг» билан А. Исоқовнинг орасидан негадир оламушук ўтади. Ҳар ҳолда, М. Қаршиев Алишерга ёлғончи деган айб қўяди. Шундан сўнг унинг топшириғи билан Шерали гиёҳвандфурушлар хизматига бошқа кишини ёллаш тараддудига тушади.

«Қўйнидан тўкилса, қўнжига» деганларидек, «ўйин»дан чиқарилган Алишер Исоқов ўрнига унинг яқин қариндоши Ражаббой Исоқов жиноий гуруҳга қўшиб олинади. Ражаббой Шералининг таклифига тезда рози бўлади.

Ражаббойнинг «Ласетти» русумли автомашинасида М. Қаршиевнинг уйига боришганида, хонадон эгаси 24 килограмм «опий» ва 2 кило 700 грамм «героин»ни ҳозирлаб қўйган экан. Ҳар галгидек автомашина газ балони ичига уларни жойлаштиришади.

Заҳри қотил Тайлоқ туманига олиб келингач, Р. Исоқов 2 килограмм «опий»ни хизмат ҳақи учун олади. Шерали 22 килограмм «опий» ва 2 минг 700 грамм «героин»ни ўз уйига яшириб қўяди.

Орадан кўп вақт ўтмай М. Қаршиев Шералига қўнғироқ қилиб, «Ҳасан» билан «Жабҳар» унга учрашиши ҳақи­да хабар қилади.

Яшириб қўйилган гиёҳвандлик воситасининг 10 килограммини «Ҳасан»га, 8 килограммини «Жабҳар»га бериб юборишини айтади.

Ш. Мусажонов уйида қолган гиёҳвандлик воситасини икки ҳолатда 1 килогарммдан Ургут туманида яшовчи божаси «Абдумурод»га 8 минг АҚШ долларидан пуллайди. Шунингдек, у бироз кейинроқ «Абдумурод»га 500 грамм «опий»нинг ҳар бир граммини 100 минг сўмдан ҳисоблаб, 50 миллион сўмга сотади.

Шерали Мусажоновнинг хорижий давлатдан олиб кирилган гиёҳвандлик воситаларини пуллашда иш доираси тор эмас экан. У Толиб Ўрчинов, Азмиддин Расулов, Жалол Раҳим­қулов, Шахриёр Бобоқуловга турли муддатларда «опий» гиёҳвандлик воситасини сотган. Алишер ва Ражаббой Исоқов ҳам бу борада Ш. Мусажоновдан қо­лишмайди.

Охир-оқибат оғуфурушларнинг разил қилмишига нуқта қўйилди. Бу кимсалар ўз қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришди.

Суд судланувчи Ш. Мусажоновни Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми, 28,246-моддаси 2-қисми, 273-моддаси 5-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан айб­дор деб топди. Судланувчига нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинланди.

Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, та­йинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.

Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этгани учун суд А. Исоқовга — 15 йил, Р. Исоқовга — 14 йил 6 ой, А. Расуловга — 5 йил-у 6 ой муддатга озозликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Судланувчилардан Ж. Раҳимқулов — 3 йил, Т. Ўрчинов эса, 2 йил-у 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Ш. Бобоқулов, Ш. Маматоиров ва К. Баҳриддиновга турли муддатларга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик балоси инсониятни таназзул бот­қоғи са­ри бошлайдиган энг хавфли иллат эканини унутмайлик. Бу тоифадаги жиноятга қўл урган кимсалар қонуний ва адолатли жазога тортилиши муқаррар.

Шу билан бирга, бундай қилмишларнинг олдини олиш нафақат ички ишлар ва ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, балки кенг жамоатчиликнинг ишига айланмоғи керак.

Олим ҲАЙИТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: