БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯЛАШ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини жон қулоғим билан тингладим. Айниқса, Юртбошимизнинг “…Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур”, деган сўзлари мени жуда тўлқинлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбарининг сўзларини тинглар эканман, менда Бош қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбия­лашга мажбурдирлар” дея белгиланган қоидасидан келиб чиққан ҳолда айрим қонунларнинг бола ҳуқуқларига оид нормаларини такомиллаштириш борасида таклиф ва мулоҳазалар туғилди.

Негаки, ҳаётда барча ота-оналар ҳам (кўпроқ оталар) юқоридаги моддада қайд этилган бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди.

Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган пурҳикмат мақол бор. Айниқса, турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётган ёки ажрашгани сабабли вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган “ота”ларга кўпроқ тааллуқли бу гап. Шу боис Жиноят кодексининг 122-моддасида бундай шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ алимент билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Жиноят кодекси, Оила кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 474-модда киритилиб, унга мувофиқ моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунинг­дек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Жиноят кодексининг 122-моддасига киритилган ўзгартиришга биноан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Янги таҳрир асосида мазкур модда санкциясидан жарима ва мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазолар чиқарилган. Шу билан бирга, шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўласа, жавобгарликдан озод қилиниши ҳам белгиланган. Мазкур ўзгартириш алимент тўламаётган шахсни жиноий жавобгарликдан олдин маъмурий жавобгарликка тортиш орқали жавобгарликни енгиллаштирган бўлса, ўз навбатида алимент ундириш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Аниқроғи, энди алимент тўлашдан бўйин товлаган шахс маъмурий жазони ўташ чоғида келгусида яна шундай қонунбузилишга йўл қўйса, жиноий жавобгарликка тортилишини англайди.

Албатта, қонуннинг айни жиҳати шахсни тарбиялашга қаратилгандир.

Бинобарин, мен амалиётдан келиб чиқиб, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 47-4-моддаси санкциясидан ҳам жарима жазоси чиқариб ташланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки жарима жазоси давлат ҳисобига пул маблағи ундиришдан иборат эканлигини назарда тутсак, шундоғам қарздор шахсга жарима жазосининг тайинланиши унинг моддий аҳволини янада оғирлаштиради. Бошқача айтганда, жарима жазоси алимент муаммосини бартараф этиш имкониятини йўққа чиқариши мумкин. Шунинг учун юқоридаги моддага жариманинг ўрнига қисқа муддатга озодликни чеклаш жазосининг киритилиши тўғри бўларди.

Шу ўринда мен бир ўзбек аёли ва она сифатида алоҳида таъкидламоқчиманки, она фарзанди учун бутун ҳаётини бахшида этади, ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр туради. Шундай экан, қарздор отадан алимент ундирилиши маълум маънода аёлнинг, онанинг ҳуқуқини ҳам ҳимоялаш демакдир. Негаки, аксарият қарздор оталар моддий имконияти бўлса-да, аёлига аччиқ қилиб, унга қарши тарзда алимент тўлагиси келмайди. Ваҳоланки, ота-онасининг ўртасидаги гина-кудрат ёки совуқ муносабатлар жабрини бола тортиши керак эмас.

Алимент масаласи кўтарилганда яна шуни айтиш мумкинки, гап қайсидир отанингдир қарз суммаси кўп-озлиги ёки маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилганида эмас, балки отанинг фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашга мажбурлигини нечоғлик англаб етишидадир. Шунинг учун бўлса керак, Мажбурий ижро бюросининг туман, шаҳар бўлимлари, маҳаллий ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари, профилактика инспекторлари билан йўлга қўйилган ҳамкорликлар натижасида кўпгина оилалар яраштирилиб, вояга етмаган болаларнинг тирик етим бўлиб қолишига барҳам берилмоқда. Зеро, ҳаётда бола кўзига қувонч бахш этишдан ҳам ортиқроқ бахт бўлмаса керак.

Умида НИШОНОВА,
Чуст туман маъмурий
судининг раиси

(“Adolat” газетаси,
2019 йил 19 декабрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: