ФУҚАРО АСАТУЛЛО ҒАФУРОВ ИШИГА ОИД
2019 йил 12 декабрда YouTube тармоғидаги Fox Uz каналида эълон қилинган фуқаро А. Ғафуровнинг видеомурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=_rtBazM4Luc) юзасидан маълумот
Даъвогар Хосият Ражабованинг жавобгар Хосият Жумақуловага нисбатан “Жавобгарларни оила аъзолари билан мажбурий тартибда уйдан чиқариш ҳақида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг иш юритувига 2017 йил 27 июлда келиб тушган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2017 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Х. Ражабованинг даъво талаби қаноатлантирилган.
Унга кўра, жавобгар Хосият Жумақулова, турмуш ўртоғи Асатулло Ғафуров оила аъзолари билан Узун тумани «Б. Омонов» сув истеъмолчилари уюшмаси “Обизаранг” маҳалласи Чошиён қишлоғидаги уй-жойдан мажбурий тартибда чиқарилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгарлар Хосият Жумақулова ва Исмоил Ғафуров (А. Ғафуровнинг отаси) лар томонидан 2017 йил 3 октябрда апелляция шикояти келтирилган.
Шунингдек, жавобгарлар Хосият Жумақулова ва Исмоил Ғафуровлар апелляция судлов ҳайъатига “Битимни ҳақиқий деб топиш ҳақида”ги қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мазкур фуқаролик ишини биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриб чиқишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 14 ноябрдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2017 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Х. Ражабованинг даъво талаби рад қилинган.
Шунингдек, жавобгар Х. Жумақулованинг “Битимни ҳақиқий деб топиш ҳақида”ги қарши даъво аризаси ҳам рад қилинган.
Апелляция судлов ҳайъати томонидан даъвогар Х. Ражабованинг уй-жойдан чиқариш ҳақидаги даъво талабини рад этилишига низоли уй-жойга нисбатан Х. Ражабованинг эгалик ҳуқуқи белгиланмаганлиги ҳамда уй-жойдан чиқариш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат қилишга ваколатли эмаслигига асосланган.
Шунингдек, жавобгар И. Ғафуров ўзининг қарши даъво аризасига асос сифатида “даъвогар Хосият Ражабова томонидан фуқаро Мирзақул Давлатовдан 2003 йилнинг сентябрь ойи давомида 425 000 сўм, 400 000 сўм ва 1 000 000 сўм пул олганлиги тўғрисида” 3 дона тилхатни тақдим этган.
Апелляция судлов ҳайъати юқоридаги тилхатлар нима мақсадда ёзилганлиги баён этилмаганлиги, тарафлар ўртасидаги уй-жойнинг олди-сотди муносабати қонун талабларига мувофиқ амалга оширилмаганлиги, низоли бўлган Узун тумани «Б. Омонов» СИУ “Обизаранг” маҳалласи Чошиён қишлоғида жойлашган уй-жойнинг мулк ҳуқуқи мавжуд эмаслиги боис, жавобгарлар Хосият Жумақулова ва Исмоил Ғафуровларнинг “Битимни ҳақиқий деб топиш ҳақида”ги қарши даъво аризасини рад этиш ҳақида хулосага келган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 14 ноябрдаги ажрими қонуний кучда.
Бундан ташқари, даъвогар Хосият Ражабованинг жавобгар Хосият Жумақуловага нисбатан “Жавобгарларни оила аъзолари билан мажбурий тартибда уйдан чиқариш ҳақида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг иш юритувига 2018 йил 19 июнда келиб тушган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2018 йил 10 октябрдаги ажримига кўра, фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси 9-бандига асосан кўрмасдан қолдирилган.
Шунингдек, даъвогар Хосият Ражабованинг жавобгар Хосият Жумақуловага нисбатан “Жавобгарларни оила аъзолари билан мажбурий тартибда уйдан чиқариш ҳамда уй-жойга киритиш ҳақида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг иш юритувига 2018 йил 27 ноябрда келиб тушган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Х. Ражабованинг даъво талаби қисман қаноатлантирилган.
Унга кўра, Хосият Ражабова Узун тумани «Б. Омонов» СИУ Обизаранг маҳалласидаги уй-жойнинг ўнг томонида жойлашган узунлиги 6,70 метр ҳамда энига 3 метр бўлган хонасига яшаш учун киритиб қўйилган.
Даъвонинг уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги қисми рад қилинган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар Хосият Ражабова томонидан 2019 йил 13 мартда апелляция шикояти келтирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 майдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилган.
Унга кўра, даъвогар Хосият Ражабова Хосият Узун тумани «Б. Омонов» СИУ “Обизаранг” махалласида жойлашган умумий фойдаланиш майдони 93,36 кв. метрдан иборат уй-жойга киритилган.
Апелляция судлов ҳайъати даъвогар Х. Ражабова низоли уй-жойнинг ягона мулкдори эканлиги асосида суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида тўхтамга келган.
Чунки, Узун туман хокимининг 2018 йил 2 февралдаги № К-238-сонли қарорига кўра, “Обизаранг” МФЙ, Обизаранг қишлоғида жойлашган 0,077 га ўлчамдаги ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш хуқуқи эътироф этилиб, умумий фойдаланиш майдони 93,36 кв. метрдан иборат иморатларга Х. Ражабованинг номига ҳуқуқий расмийлаштиришга рухсат берилиб, мулкий эгалик қилиш ҳуқуқи тан олинган.
Ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 майдаги ажрими қонуний кучда.
Бундан ташқари, Сариосиё туман маъмурий судининг 2018 йил 1 август кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Асатулло Ғафуровнинг жавобгари Узун туман ҳокимлигига нисбатан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ариза талаби қаноатлантиришдан рад этилган (ишдаги суд мажлиси баённомасига кўра: 2018 йил 24 июль куни судга аризачи Ғафуров Асатулло ҳозир бўлмаганлиги ва аризачи Ғафуров Асатуллони вакили адвокати С. Исломова ишни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги аризасига қўра, суд мажлисини 2018 йил 30 июль куни соат 14:00 га Сариосиё туман маъмурий суди биносига қолдирилган, суд мажлиси 2018 йил 30 июль куни соат 14:00 да ўша таркибда Сариосиё туман маъмурий суди биносида суд мажлисида давом эттирилганида Ғафуров Асатуллонинг вакили адвокат С. Исломова оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилиб аризачи Ғафуров Асатуллонинг отаси вафот этганлиги сабабли аризачи ва унинг турмуш ўртоғи судга келолмаганлиги, шу сабабли суд мажлисини уларнинг иштирокисиз кўришни сўраганлиги сабабли, иш унинг иштирокисиз бошланган, сўнг яна 2018 йил 1 август куни соат 10:00 га қадар танаффус эълон қилиниб, 2018 йил 1 август куни соат 10:00 да ўша таркибда Сариосиё туман маъмурий суди биносида суд мажлисида давом эттирилган, аризачи Ғафуров Асатулло яна келмаганлиги учун унинг вакили адвокати С. Исломова оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилиб ишни аризачи Ғафуров Асатуллонинг иштирокисиз кўришни сўраган, суд мажлиси ўша куни давом эттирилиб иш мазмунан кўрилган).
Суднинг мазкур ҳал қилув қарори устидан аризачи Асатулло Ғафуров апелляция шикояти киритган.
Ушбу ҳал қилув қарори устидан келтирилган шикоят Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан 2018 йил 14 сентябрь куни кўрилиб, Сариосиё туман маъмурий судининг 2018 йил 1 август кунидаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш юзасидан янги ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Узун туман ҳокимининг 2018 йил 2 февралдаги Қ-238-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 сентябрдаги қарори устидан манфаатдор шахс Хосият Ражабова томонидан берилган назорат тартибидаги шикоят асосида мазкур иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида 2018 йил 9 ноябрь кунида кўриб чиқилиб, Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 сентябрдаги қарори бекор қилиниб, Сариосиё туман маъмурий судининг 2018 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш