ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”, “Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида” ва “Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” ва ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.
Пленум мажлисида муҳокама этилган “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарор лойиҳаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг қабул қилиниши, шунингдек, судлар томонидан қонун нормаларини бир хил ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 23-бобига мувофиқ манфаатдор шахс маъмурий органларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлари (ҳаракатсизлик) туфайли унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган, у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли. Агар ишни кўришда маъмурий органлар ёки мансабдор шахснинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланса, суд юқори турувчи орган ёки мансабдор шахс фаолиятини амалга ошираётган орган номига хусусий ажрим чиқариш масаласини ҳал қилиши лозим.
Шунингдек, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари, апелляция ва кассация инстанция судларининг ажримлари, назорат инстанциясининг ажрим ва қарорлари янги очилган ҳолатлар бўйича ушбу суд қарорини қабул қилган суд томонидан қайта кўриш мумкинлиги тушунтирилмоқда. Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддаси мазмунига кўра, иш мазмунан ҳал этилмайдиган биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ажримлари, назорат инстанциясининг ажрим ва қарорлари, фақатгина улар ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мумкин. Апелляция, кассация, назорат инстанцияси судлари ўзлари томонидан чиқарилган суд ҳужжатларини улар томонидан қуйи инстанция судининг ҳужжати ўзгартирилган ёхуд янги ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, қайта кўришга ҳақли. Ишда иштирок этган шахслар, шунингдек, бошқа шахслар, агар суд ҳужжатлари билан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала ҳал қилинган бўлса, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Процессуал ҳуқуқий ворислик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилиши сабабли ишда иштирок этган шахсларнинг процессуал ҳуқуқий ворислари ҳам суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Агар иш соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра, судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга берилган прокурорнинг аризаси бўйича қўзғатилган бўлса ёхуд прокурор қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг иштирок этишини зарур деб топган ҳолларда, прокурор қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судига бериладиган аризага тегишли суд томонидан тасдиқланган, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг нусхалари илова қилинади. Судга қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани беришда давлат божи тўланиши қонунда назарда тутилмаган. Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган уч ойлик муддатнинг ўтказилиши, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини ушбу кодекснинг тегишли нормалари тартибида қайта кўриш тўғрисидаги аризани қайтариш учун ёхуд уни қабул қилишни рад қилиш учун ўз-ўзидан асос бўла олмайди. Мазкур муддатга риоя қилинганлиги ҳақидаги масала суд томонидан илтимоснома билан мурожаат қилган шахснинг аризасига асосан суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос ҳисобланадиган ҳолатлар очилган кундан олти ойдан кечиктирилмасдан берилган бўлсагина, суд мажлисида муҳокама қилиниши зарур. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, судга мурожаат қилиш муддатининг узрсиз сабабларга кўра ўтказилиши, кўрсатилган аризани қаноатлантиришни рад қилиш учун мустақил асос ҳисобланади ва суднинг ажримида асослантирилиши лозим. Судга мурожаат қилиш муддатини тиклаш мумкинлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда нафақат уни ўтказишнинг узрлилигини, балки аризачи янги очилган ҳолатлар мавжудлиги ҳақида билган ёки билиши лозим бўлгандан кейин қайта кўриш тўғрисидаги ариза вақтида берилган ёки берилмаганлигини ҳам инобатга олиниши лозим.
Пленум йиғилиши иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси амалга киритилганлиги, шунингдек, иқтисодий судлар томонидан ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўришда ушбу Кодекс нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Айтиш керакки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримларини апелляция ва кассация инстанцияси судларида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этишга имкон беради. Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, прокурор эса апелляция протести беришга ҳақлидир. Айнан шу шахслар қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақлидир. Шуни инобатга олиш лозимки, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин эмас. Пленум қарори билан иқтисодий судларга ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар (шу жумладан, жисмоний шахслар), ишда иштирок этувчи шахсларнинг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланилиши тушунтирилмоқда. Иқтисодий судлар апелляция ёки кассация шикояти (протести) нафақат биринчи инстанция судининг бутун ҳал қилув қарорига, балки унинг бир қисмига ҳам берилиши мумкинлигини назарда тутишлари лозим. Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам шикоят қилишнинг (протест беришнинг) мустақил предмети бўлиши мумкин. Иқтисодий процессуал кодексида кўрсатилган шахслар ушбу кодекснинг тегишли моддасига мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция ёки кассация шикояти (протести) беришга ҳақлидир. Бунда шуни назарда тутиш керакки, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддати у қайси санада қабул қилинганлигидан қатъий назар, асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан ҳисобланади. Иқтисодий судлар шуни инобатга олиши лозимки, гарчи шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш учун асослар мавжуд бўлса-да, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция ёки кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт. Шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш масаласини ҳал этиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Шикоят иш билан бирга апелляция ёки кассация инстанциясига юборилганидан сўнг шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахс томонидан шикоят берилган тақдирда, улар ҳам тегишли судга юборилади. Агар ҳал қилув қарорини тушунтириш, ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш, ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ва бошқа аризалар бўйича суд мажлиси тайинлангандан кейин ушбу суд ҳужжати устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) келиб тушса, биринчи инстанция суди ариза бўйича иш юритишни Иқтисодий процессуал кодексининг нормаларига мос ҳолда тўхтатиб қўяди ва ишни шикоят (протест) билан бирга тегишли судга юборади.
Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш