ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ ҚОНУНЛАРНИ АНИҚ ВА БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАШ, ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳуқуқларининг барқарор кафолатини таъминлаш, ўз навбатида, бир қатор янги қонунлар қабул қилиниши, кўплаб қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тақозо этмоқда.

Қонунларни амалиётда бир хил қўл­лаш, хусусан, қонун ҳужжатларини қўл­лаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш Олий суд Пленумининг ваколатларидан бири ҳисобланади. Пленум бу ваколатидан фойдаланган ҳолда, зарур тушунтиришларни ўз вақтида тақдим этмоқда.

Хусусан, Олий суднинг 2019 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги Пленум мажлисида «Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида»ги қа­­­рор лойиҳаси муҳокама қи­линди.

Шу муносабат билан дастлаб 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида судларда янги очилган ҳолат бўйича суд ҳужжатларини қайта кўриш тўғрисидаги аризаларнинг ҳал этилиши ҳолатига эътибор қаратилди.

Хусусан, ушбу даврда янги очилган ҳолат бўйича суд қарорларини қайта кўриш юзасидан судларга 1 минг 420 та ариза келиб тушган.

Шундан 596 та ариза, яъни 41 фоизи қаноатлантирилган бўлса, 824 таси (59 фоизи) рад этилган. Мазкур ажримларга нисбатан апелляция инстан­ция­сига 156 та (10 фоиз) апелляция тартибида хусусий шикоятлар келтирилган.

Шундан 46 та ҳолатда хусусий шикоят қаноатлантирилган. Натижада биринчи инс­танция суди ажримлари бекор қилинган бўлса, 110 та ҳолатда хусусий шикоят қаноатлантирилмаган ҳамда ажримлар ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация тартибида 145 та (10 фоиз) хусусий шикоят келиб тушган бўлиб, шундан 26 та хусусий шикоят қаноатлантирилиб, ажримлар бекор қилинган. Яна 119 та хусусий шикоят қаноатлантирилмасдан, биринчи инстанция судининг ажримлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан ташқари Фуқаролик поцессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингач, фуқаролик суд ишларини юритишдаги айрим қоидалар бекор қилиниб, баъзилари бў­йича янги тартиб белгиланди. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари ва тартиби Фуқаролик поцессуал кодексининг 47-бобида қайд этилди.

Фуқаролик поцессуал кодексининг 437-моддасида янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 та асоси кўрсатилган. Шундай бўлса-да, бу асослар аниқ ёритиб берилган тушунтиришлар мавжуд бўлмагани сабабли қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бў­йича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шакл­лангани аниқланди.

Шу сабабли Олий суднинг 2019 йилдаги иш режасига асосан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш билан боғлиқ суд амалиёти умумлаштирилди.

Ягона суд амалиётини шакл­лантириш, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, умумлаштириш натижасида қабул қилинган Олий суд Раёсатининг 2019 йил 30 майдаги қарори билан 2019 йилнинг иккинчи ярмида Олий суд Пленумининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва муҳокамага киритиш белгиланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда илк маротаба Олий суд Пленумининг «Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янгидан очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор давлат органлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда бошқа идоралар томонидан қимматли таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Суд амалиётида учраётган муаммолардан келиб чиққан ҳолда киритилган ушбу таклифлар лойиҳада у ёки бу кўринишда ўз аксини топди.

Қисқаси, Олий суд Пленумининг ушбу қарори моҳият-мазмуни билан қонунларни аниқ ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Туйғун Қурбонов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: