КУНДОШ МАКРИНИНГ ҚУРБОНИ
Халқимиз «Ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин», деб бежизга айтмаган. Бу ҳикмат, айниқса, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган оталарга кўпроқ тааллуқлидир.
Бағдод туманида яшовчи Латифжон Ҳайитматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) зиммасидаги оталик мажбуриятини бажармагани ва келгусида ҳам бажармаслик мақсадида мудҳиш жиноятга қўл урди.
Бу жиноятни содир этишда унга иккинчи турмуш ўртоғи Гуллола Қобилова шерик бўлди.
Латифжон 2011 йилда Муҳайё Содиқова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганида навқирон 21 ёшда эди. Оилада бирин-кетин 2 нафар фарзанд дунёга келди. Аммо турмушларининг иккинчи йили ўзаро келишмовчилик туфайли ёш оиланинг боши жанжалдан чиқмай қолди. Оқибатда 2013 йилнинг декабрь ойида улар ажрашиб кетишди. Ҳатто шириндан-шакар фарзандлари ҳам на ота, на онанинг кўзига кўринмади.
Шундан сўнг 2014 йил 21 январда Муҳайёнинг мурожаатига асосан Латифжондан 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг суд буйруғи чиқарилди. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, ота бўлмиш зиммасидаги мажбуриятни бажармади. Натижада 2019 йил 1 апрелга қадар унинг алиментдан бўлган қарзи 22 260 204 сўмга етди. Худди ўша кезларда, аниқроғи, 2019 йил 18 март куни Л. Ҳайитматов Чексарой маҳалласида яшовчи Гуллола Қобилова билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурди. Бу эса, шундоғам фарзандлари учун алимент ундиролмай хуноб бўлиб юрган Муҳайёнинг асабларини қақшатиб юборди.
Шу боис, у алиментни ундириб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига мурожаат қилди. Пировардида Бағдод туман маъмурий судининг 2019 йил 18 апрелдаги қарори билан Латифжон Ҳайитматовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига мувофиқ 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Лекин Гуллоланинг қистови биланми ёки бошқа сабабданми, эртаси куни М. Содиқова алимент пулларини тўлиқ олгани ҳақида тилхат ёзиб беришга мажбур бўлди. Шунга кўра, номард ота қамоқдан озод этилади.
Буни қарангки, 15 суткалик қамоқ жазосига тортилиши Латифжоннинг ўзига ҳам, Гуллолага ҳам жуда алам қилганди. Шунинг учун Л. Ҳайитматов қамоқдан чиққан заҳотиёқ улар биратўла Муҳайёни гумдон қилиш режасини тузишади.
Қисқаси, эртаси — 2019 йил 20 апрель куни «ишга» киришишди.
Жиноий режага кўра, дастлаб Г. Қобилова М. Содиқова билан телефон орқали гаплашиб, «Учкўприк автостанцияси» шоҳбекатида учрашишга келишиб олади. Шунга биноан, Муҳайё кеч соат 20:30 ларда кичик қизи Мадинабону билан бирга белгиланган манзилга етиб боради. Аммо унинг қизчаси билан келишини кутмаган Гуллола бироз иккиланиб қолади. Сўнг у нотаниш таксини тўхтатиб, М. Содиқовани ҳам машинага чиқишини сўрайди. Ҳайдовчи йигит уларни тумандаги транспорт коллежи чорраҳасига элтиб қўяди.
Негаки, ўша ерда Г. Қобиловага аввалдан таниш бўлган киракаш Исмоил Зиёдов «Нексия-2» автомашинасида кутиб турганди.
— Уч уйдаги уйимизга ҳайданг, — дейди Гуллола Муҳайё ва Мадинабону билан бирга автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтиришгач.
Тахминан 200-300 метр юришгач, олдиндан келишувга асосан йўл бўйида уларни кутиб турган Латифжон автомашинага чиқади. Шунда уни кўриб, М. Содиқова қўрқувга тушганидан ранги оқариб кетади.
Бувайда тумани маркази Янгиқўрғон шаҳарчасига етиб келишгач, Г. Қобилова автомашинани тўхтатади.
— Майда-чуйда олиб чиқаман, — дея у дўконга кириб кетади.
Бироқ Гуллола дўкондан майда-чуйда эмас, балки сирка кислотасини олиб чиқади.
— Мана шу сирка билан сени ўлдираман, — дейди у автомашинага ўтиргач кундошига. Сўнг эр-хотин кутилмаганда Муҳайёни дўппослашга тушишади. Латифжон эса, И. Зиёдовга автомашинани Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғи томонга ҳайдашни буюради. Бу пайтда соат 22:00 га яқинлашиб, бояқиш Мадинабону аллақачон ухлаб қолганди. «Нексия-2» автомашинаси кимсасиз дала ҳудудидан ўтиб бораётганда эса, Г. Қобилова яна уни тўхтатади. Кейин хўжайини иккаласи М. Содиқовани автомашинадан тушириб, аввалгидан баттарроқ дўппослашади. Лекин бу уларни қониқтирмайди. Шу боис Л. Ҳайитматов Муҳайёнинг қўлини орқага қилиб боғлаб бўйнидан бўғиб олади. Гуллола бўлса, сирка кислотасини унинг юзига сепиб юборади.
— Мени кечиринглар, энди ҳаётларингга аралашмайман, — дея йиғлаб ёлвора бошлайди ўлим шарпасини сезган М. Содиқова.
Қолаверса, у ёрдам сўраб бақиради. Шунинг учун ҳайдовчи Исмоил Зиёдовга азбаройи раҳми келганидан эр-хотиндан уни урмасликни илтимос қилади. Натижада зўравонлар Муҳайёнинг қўлини ечиб, юз-қўлини ювдириб, яна машинага ўтқазишади.
— Бағдодга ҳайданг, — деб буюради Латифжон ҳайдовчига. Аммо машина Ширинсув қишлоғига — Катта Фарғона канали бўйига етиб борганда, Исмоил Зиёдов соат 23:00 бўлгани ва онаси қўнғироқ қилаётганини айтиб, уларни автомашинадан тушириб кетади.
Шундан сўнг Л. Ҳайитматов ва Г. Қобилова яна М. Содиқовани уришда давом этишади. Қолаверса, Латифжон Муҳайёнинг қўлини яна орқасига қайириб, рўмол билан боғлайди. Бечора аёл эса, бундан қўрқиб, яна бақириб юборади. Шунинг учун Гуллола сумкасидаги сочиқчани кундошининг оғзига мажбурлаб тиқиб қўяди.
Охир-оқибат Г. Қобилова қўлтиғидан, Л. Ҳайитматов оёғидан кўтариб, М. Содиқовани каналга ташлаб юборишади. Шунда Муҳайё жон ҳолатда типирчилаб, қирғоққа яқинлашади. Бироқ инсоний қиёфасини йўқотган Латифжон тош ва кесаклар отиб, уни чўктириб юборади.
Устамонликни қарангки, эртаси куни Гуллола М. Содиқова вақтинчалик яшаб келган «Мулла Зоир-2» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дадақўзи ўуломовга қўнғироқ қилади.
— Тоға, мен Муҳайёман, — дейди у оқсоқолни алдаб. — Бир катта одамнинг телефонини ўғирлагандим, қўлга тушиб қолдим. Сиз қизимни қутқариб қолинг. Уни Янгибозордаги кўкатчи аёлларга ташлаб кетаман.
Лекин Дадақўзи ака унга савол беришга ҳам улгурмай, алоқа узилади. Бинобарин, маҳалла оқсоқоли дарҳол «Муҳайё» айтган манзилга етиб боради. Аммо ўша рақамга қўнғироқ қилса ҳам, «SMS» хабар жўнатса ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Фақатгина орадан бир соат вақт ўтгач, Мадинабонуни кўкат сотаётган аёллардан бирига қолдиргани ва қизини олиб кетишини илтимос қилгани ҳақида «SMS» хабар келади. У аёл эса, қизалоқ билан бирга уй калити, Муҳайёнинг уяли телефони ва сумкасини Д. Ғуломовга беради. Ўз навбатида, Дадақўзи ака М. Содиқованинг телефони хотирасидаги рақамлар орқали отаси Қамариддин Содиқовни топиб, набирасини унга топширади. Орадан 12 кун ўтгач…
2019 йил 3 май куни Муҳайёнинг мурдаси Катта Фарғона каналининг Фурқат тумани Кармак маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан қўллари орқага боғланган ҳолда топилади. Натижада туман прокуратураси ва ИИБ ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи оёққа туради. Гуруҳ аъзолари биринчи галда марҳуманинг номига расмийлаштирилган уяли телефон рақами ва ундаги сўнгги кириш-чиқиш қўнғироқларига эътибор қаратишади. Оқибатда гувоҳларнинг кўрсатмаси асосида кўп ўтмай, қабиҳ жиноят фош этилади.
Жумладан, Қўқон шаҳрида жойлашган, халқ тилида Янгибозор деб аталган савдо мажмуасида уяли телефон савдоси билан шуғулланувчи Эгамназар Расулов 2019 йил 23 апрель куни Гуллола «Samsung J2» русумли уяли телефонни 390 000 сўмга сотиб кетганини маълум қилди. Ўша телефон М. Содиқованики бўлиб, пулини Латифжон иккиси шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишганди.
Шундан сўнг Л. Ҳайитматов ва Г. Қобиловага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди эса, қотилларни Жиноят кодексининг 97-моддаси “ж”, “и”, “п”-бандлари, 169-моддаси 2-қисми «в»-банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.
Шунингдек, суд ҳукмида жабрланувчининг отаси Қамариддин Содиқовга айбдорлардан солидар тартибда 7 800 000 сўм моддий ва 15 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳам белгиланди.
Жиноят иши материалларидан аён бўлишича, Латифжон муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а”, “в”-бандлари (ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган талончилик) га мувофиқ, Гуллола эса, ушбу кодекснинг 165-моддаси 2-қисми «в»-банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) га биноан жиноий жавобгарликка тортилган. Шуни назарда тутганда, бу иккала шахснинг турмуш қуриши халқимизнинг «Кўр кўрни қоронғуда топади» деган нақлини эслатади. Аммо туман ҳокимлиги, айниқса, хотин-қизлар қўмитаси, профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоатчиликнинг лоқайдлиги, уларга нисбатан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги оқибатида мудҳиш жиноят юз берганлиги ачинарли.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг
судьяси
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 27 декабрь)
Фикр қолдириш