КОНСТИТУЦИЯГА АСОСАН СУДЛАР МУСТАҚИЛ, ЛЕКИН УЛАРНИНГ ЧИНАКАМ НАЗОРАТЧИСИ ХАЛҚ БЎЛИШИ КЕРАК
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конститу-цияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, ҳеч ким, ҳеч қайси идора жамоатчилик назоратидан холи бўлмаслиги, жамоатчилик назоратини четлаб ўтмаслиги керак.
Бу ҳақда сўз борганда, аввало, юртимизда шу кунга қадар давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби ва механизмлари мавжуд эканини қайд этиш лозим. Аҳамиятли жиҳати шундаки, давлатимиз раҳбарининг маърузасида жамоатчилик назорати доираси тобора кенгайиб, энди судлар фаолиятига ҳам жорий этилиши масаласига эътибор қаратилди.
Жамоатчилик назорати икки томонлама аҳамиятга эга. Яъни бунда, бир томондан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти тобора ошиб бориши муносабати билан халқимизда ватанпарварлик, ислоҳотларга масъуллик, юрт ҳаётига, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик туйғулари кучайиб боради.
Иккинчи томондан, судлар ўз фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни шакллантиради. Халқ олдида, омма назарида, чин маънода назоратда эканини ҳис қилади ва шунга кўра, иш фаолиятини ташкиллаштиради.
Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак, дея таъкидлади Президентимиз. Жамоатчилик назорати — бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Ҳақиқатан ҳам, «Судлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Муайян ишни ҳар томонлама тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга, қандай бўлмасин, бирон-бир тарзда таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьядан кўрилган ёки иш юритувидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Шу ўринда табиий савол ҳам туғилади: судьялар мустақил бўлса, у ҳолда ушбу жараёнда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми қандай шакллантирилади?
Маълумки, жамоатчилик назорати ижтимоий муносабатларнинг муайян шакли ва ўзига хос фаолият тури саналади. Жамоатчилик назорати субъектлари деганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари тушунилади.
Шунингдек, жамоатчилик назоратининг қандай шакллари мавжуд, деган савол ҳам туғилиши мумкин.
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, қонунчиликда давлат органларига мурожаат ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш кабилар жамоатчилик назоратининг шаклларига кириши белгиланган.
Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан шу кунга қадар судларда жамоатчилик назоратининг маълум бир кўринишларини ифодалайдиган жорий амалиёт мавжуд. Аввало, судлар фаолияти, ишлар кўлами, суд ҳужжатлари, фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериш, шунингдек, судлар фаолиятига доир маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида судларнинг матбуот хизмати фаолият олиб боради.
Олий суд ҳузурида эса, маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгашлари тузилган. Уларнинг вазифасига суд амалиётида келиб чиқадиган қонун ҳужжатларини қўллашга доир масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.
Бундан ташқари судларда электрон тизим ташкил қилинган. Шу кунга қадар қабул қилинган суд ҳужжатлари шахссизлантирган ҳолда электрон базага киритиб борилмоқда. Бунинг натижада аҳоли ҳеч қандай тўсиқларсиз Олий суднинг сайтига кириб, ўзини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиши учун қулайликлар яратилган.
Суднинг, судьялар томонидан чиқарилган ҳужжатларнинг тарбиявий ролини янада кучайтириш, уларнинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда.
Вояга етмаганлар, аёлларга жамоат кафиллигига асосланиб, жамиятда ўз ўрнини топишига имконият ва шароитлар юзага келтирилмоқда.
Суд раислари ўз фаолияти юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборотлар тақдим этиб бориши йўлга қўйилган. Шу орқали халқ вакиллари судлар фаолияти юзасидан хабардор этилмоқда.
Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш, халқнинг ишончини қозониш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда. Қолаверса, судьяликка номзодлар фуқароларнинг ижобий фикрини олиш орқали лавозимларга тайинланмоқда;
Аҳоли яшаш жойларида, маҳаллаларда, шунингдек, муассаса ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари ўтказиш анъанага айланди. Бу янгича фаолият аҳолини судда кўрилаётган ишлар билан яқиндан таништириш, жиноят, ҳуқуқбузарлик ва ёки фуқаролик, иқтисодий низолар келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, тегишли хулосалар чиқариш, жамоатчилик фикрини олиш, қонуний, асосли, адолатли суд ҳужжатлари чиқаришга эришишга қаратилган.
Очиқ суд мажлисларида журналистларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Янада аниқ қилиб айтганда, тарафларнинг розилиги асосида оммавий ахборот воситалари хизматидан фойдаланишга рухсат бериладиган бўлди.
Судьялар томонидан процессуал қонун нормаларига биноан чиқарилган ҳукм, ҳал қилув қарорларини ишда иштирок этувчи шахсларга, тарафларга, ишдан манфаатдор шахсларга тушунтириш бериш амалиёти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари Жиноят процессуал кодекснинг 21-моддаси жиноят ишларини юритишда жамоатчиликнинг иштирокига бағишланган, унга кўра, жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қидириш ва фош этиш, адолатли ҳукм чиқариш, шунингдек, жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир.
Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жиноят ишини юритишда жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячилари тариқасида қатнашишга ҳақли ҳисобланади. Жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибига тайинланган ёки сайланган судьялар ва халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.
Шу билан бирга, судлар фаолиятида холис фикрни шакллантириш, жамоатчилик ва одиллик ҳамоҳанглигини таъминлаш борасида ҳали муайян камчиликлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шунинг учун аҳоли, хусусан, судга мурожаат қилувчиларнинг ижтимоий фикрини билиш, судьялар ҳақида муайян фикрни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда судьялар фаолиятини холисона баҳолашга муайян даражада таъсир кўрсатиш мақсадида суд биноларининг кутиш залларида «Шахсий фикр» китобини юритиш ўринли, деб ўйлаймиз.
Судьялар фаолияти устидан йилда икки марта жамоатчилик эшитувини ўтказиш лозим. Бу борада жамоатчилик мониторингини ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда жиноят ишларини судда кўриш жараёнида, халқ маслаҳатчилари иштирокини инобатга олган ҳолда, жамоатчилик фикри билан яқиндан танишиш ва ўзаро мақбул натижадорликка эришиш тақозо этилади.
Бунинг учун маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази вакилларидан иборат халқ маслаҳатчилари гуруҳини шакллантириш ва уларни ишларни биринчи инстанция тартибида кўриш жараёнида иштироки мажбурийлигини таъминлаш зарур. Шу муносабат билан Фуқаролик процессуал кодексига тегишли ўзгартиш киритиш мақсадга мувофиқ.
Бу таклиф, айниқса, болалар тарбияси ва таъминоти, никоҳнинг тугатилиши, фарзандликка олиш, болаларнинг насл-насаби, эр-хотин ва болалар мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ, уй-жойга оид низоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
Замира Эсонова,
Тошкент Давлат юридик
университети профессори
Конунларимизни бу йул билан ёки бу йул билан хам хал килса буладиган томонлари борлиги ачинарли.
Конунларимизни бу йул билан ёки бу йул билан хам хал килса буладиган томонлари борлиги ачинарли. Бу фикрлар асосан жиноий ва маъмурий ишлар тугрисида.