З. РАЖАБОВ ВА БОШҚАЛАРГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ХУСУСИДА

2019 йил 24 декабрда Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Диля Раджабовнанинг саҳифасида эълон қилинган билдириши (https://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=1139848466406663&id=100011445603008&__tn__=H-R) юзасидан маълумот

2019 йил 18 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида судланувчилар Завқиддин Ражабов, Жасур Ражабов, Дадахон Салимов, Шохрух Салимов, Мансур Салимов ва Ўктам Толибовга нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган.

Дастлабки тергов органи томонидан З. Ражабов Ўзбекистон Республикаси
Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисмининг “б”, “в” бандлари билан, Ж. Ражабов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан, Д. Салимов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “а” , “г” бандлари билан, Ш. Салимов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан, М. Салимов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “а”, “г” бандлари билан ва Ў. Толибов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “а”, ”г” бандлари билан айбланган ва барча судланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Ў. Толибов 2019 йилнинг 13 октябрь куни соат 11:00 ларда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Қайрағоч” МФЙга қарашли ички маҳаллий йўл ҳудудида ҳеч бир сабабсиз, уни ҳақорат қилганликлари важи билан, 2003 йилда туғилган вояга етмаган Муҳаммадқодир Салимов ва Муҳриддин Салимовларни бўйин қисми ва баданини турли соҳаларига қасддан уриб безорилик қилган.  Натижада, судга оид тиббий экспертиза хулосасининг 2019 йил 19 октябрдаги 735-сонли хулосасига кўра, вояга етмаган Муҳриддин Салимов соғлигини бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати олган.

Шундан сўнг, Муҳаммадқодир ва Муҳриддин Салимовларнинг қариндошлари Дадахон, Шохрух ва Мансур Салимов ҳамда Завқиддин ва Жасур Ражабовлар ўз қариндошларининг ёнини олиш баҳонасида, ёғоч таёқлар билан қуролланишиб, ўз ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганликларини англаган ҳолда, юқорида қайд этилган маҳаллий йўл бўйида, Ўктам Толибов, унинг ўғиллари Шаҳоббин ва Ваҳоб Толибовлар ҳамда О. Ҳасанов ва А. Шаропов билан ўзаро жанжаллашишиб, жанжал вақтида Ш. Толибов ва А. Шароповга соғлигининг бузилишига сабаб бўлган, О. Ҳасановга эса соғлигини бузилиши сабаб бўлмаган енгил тан жароҳати етказишган.

Бундан ташқари, барча судланувчилар безорилик ҳаракатлари жараёнида, жанжални олидини олишга етиб келган ИИБ ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсатишган.  

Юқорида кўрсатилганидек, ушбу жиноят иши 2019 йилнинг 18 декабрь кунида шаҳар судида мазмунан кўриш учун бошланиб, судланувчилар Завқиддин ва Жасур Ражабов ҳамда Дадахон, Шохрух ва Мансур Салимовларни ҳимоя қилиш учун адвокат Ж. Раҳмонов, Ў. Толибовни ҳимоя қилиш учун эса адвокатлар Ж. Жуманиёзов ва Ў. Қобиловлар адвокатлик ордерини судга тақдим этишган ва шу кунги суд мажлисида судланувчилар айблов хулосасининг нусхасини олмаганликларини маълум қилганликлари сабабли ишни кўриш
2019 йилнинг 24 декабрь кунига қолдирилган.

Бухоро вилоят ИИБ ЖИЭБга қарашли 4-сонли тергов хибсхонасида сақланаётган айбланувчи ва судланувчиларни 18 декабрь кунидан 25 декабрь кунига қадар конвой хизмати орқали суд мажлисига олиб келиниши вилоят ИИБ раҳбариятининг топшириғига асосан тўхтатилганлиги боис, 2019 йилнинг 24 декабрь кунида кўрилиши белгиланган З. Ражабов ва бошқаларга оид ишини кўриш, очиқ сайёр суд мажлисида Бухоро вилоят ИИБ ЖИЭБга қарашли 4-сонли тергов хибсхонасида давом эттирилган.

Тергов ҳибсхонасида ишни кўриш жараёнида, судланувчи Ў. Толибовнинг адвокати Ж. Жуманиёзов, ўзини блогер деб таништирган Д. Ибодова ва Н. Астановаларнинг иштирокида жиноят ишини кўриб чиқишни талаб этган.    

Шунда, 4-сонли тергов хибсхонаси маъмуриятидан, ишни кўрилишида блогер Д. Ибодова ва Н. Астановаларнинг қатнашишига рухсат сўралганида, ҳибсхона маъмурияти томонидан ҳисбхона ички қоидаларига кўра, жиноят ишига алоқадор бўлмаган шахсларнинг ҳибсхонага киришига рухсат берилмаслиги маълум қилингач, адвокат Ж. Жуманиёзов, агарда суд процессига блогерлар қатнашмаса, у ҳам судда иштирок этмаслигини маълум қилгач, жиноят ишини кўриш 2019 йил 25 декабрь кунига қолдирилган.

2019 йил 25 декабрь кунида шаҳар судида кўрилиши белгиланган суд процессига адвокат Ж. Жуманиёзов етиб келмаган ва суд муҳокамасини адвокатнинг иштирокисиз давом эттирмаслик хусусидаги судланувчи Ў. Толибовнинг илтимосномаси асосида жиноят ишини кўриш яна кейинга қолдирилган.

Жиноят ишини кўришни давом эттириш шаҳар судида, 2019 йилнинг
27 декабрь куни соат 11:00 да белгиланган бўлиб, келгусида мазкур жиноят иши тафсилотларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Бухоро вилоят телевидениеси ходимлари ҳам судга таклиф этилган.

2019 йил 27 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш якунланиб, судланувчиларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суднинг ҳукмига кўра:

З. Ражабов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган;

Ж. Ражабов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Судланувчи Ж. Ражабовнинг 2019 йил 21 октябрь кунидан 2019 йил 27 декабрь кунига қадар қамоқда сақланган 68 куннинг ҳар бир кунини Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, дастлабки қамоқнинг бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 6 ой 24 куни ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун 1 йил 5 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган;

Д. Салимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Судланувчи Д. Салимовнинг 2019 йил 21 октябрь кунидан 2019 йил 27 декабрь кунига қадар қамоқда сақланган 68 куннинг ҳар бир кунини Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, дастлабки қамоқнинг бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 6 ой 24 куни ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун 1 йил 5 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган;

Ш. Салимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Судланувчи Ш. Салимовнинг 2019 йил 21 октябрь кунидан 2019 йил 27 декабрь кунига қадар қамоқда сақланган 68 куннинг ҳар бир кунини Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, дастлабки қамоқнинг бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 6 ой 24 куни ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун 1 йил 5 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган;

М. Салимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг 2018 йил 10 январдаги ҳукмига кўра тайинланган ва шу суднинг 2019 йил 22 февралдаги ажрими билан Жиноят кодекси 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган 1 йил 2 ой 9 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қисман қўшиш йўли билан М. Салимовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Судланувчи М. Салимовнинг 2019 йил 21 октябрь кунидан 2019 йил 27 декабрь кунига қадар қамоқда сақланган 68 куннинг ҳар бир кунини Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, дастлабки қамоқнинг бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 6 ой 24 куни ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун 2 йил 1 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган;

Ў. Толибов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Судланувчи Ў. Толибовнинг 2019 йил 31 октябрь кунидан 2019 йил 27 декабрь кунига қадар қамоқда сақланган 58 куннинг ҳар бир кунини Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, дастлабки қамоқнинг бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 5 ой 24 куни ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун 1 йил 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган.

Судда раислик қилувчи судья А. Жабборов томонидан ушбу ҳукмдан норози тарафлар, ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанцияси, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериш ёки прокурор протест билдиришга ҳақли эканлиги тушунтирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: