ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИНИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ЧЕКЛАШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛАДИ?

Маълумки, жиноят судловига жалб этилган баъзи тоифадаги шахслар ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажармаса, уларга нисбатан процессуал мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин. Чунки мажбурлов чоралари муҳим процессуал ҳаракат ҳисобланиб, фуқароларнинг шахсий, мулкий ва бошқа субъектив ҳуқуқларини торайтириш ва чеклашда ўз ифодасини топади.

Бу мажбурлов чоралари шахснинг ҳуқуқ, эркинлик ва қо­нуний манфаатларини муайян даражада чеклайди, бироқ уларни қўлламасдан жиноят-процессуал фаолиятни юритиб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам жиноят процесси иштирокчисининг тергов ёки суд ҳаракатларини амалга оширишга тўс­қинлик қилаётгани ва ўз зиммасига юк­латилган мажбуриятларни бажармаётгани процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Айтиш керакки, мажбурлов чоралари турлича мазмунга эга бўлиши мумкин.

Жиноят-процессуал мажбурлов чоралари ва жиноят-процессуал жавобгарлик чоралари бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар ҳисобланади.

Илгари айбланувчиларни узоқ муддат давомида қамоқда сақлаш ҳолатлари кўп учраган. Ґозирги пайтда эса, бу муддатлар ва қамоқда сақлаб туриш тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш жиноят тергов қилинаётган пайтда кўпи билан уч ой­ни ташкил этади. Ушбу муддат қонунчиликда ўта оғир жиноятни содир этган шахсга нисбатан, узайтирилган ҳолат билан қўшиб ҳисоблаганда, етти ойдан ошмаслиги белгиланган.

Ушлаб туриш муддати ушланган шахс ички ишлар ор­ганлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан бошлаб кўпи билан қирқ саккиз соатга қисқартирилди. Терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда, ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда яна қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Ушлаб туриш жиноят иши қўз­ғатилгунга қадар ҳам, иш қўзғатилганидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин. Ке­йинги ҳолатда ушлаб туришга фақат суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан йўл қўйилади.

Фуқароларнинг конс­титу­ция­вий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш шахс жиноят процесси иштирокчиси сифатида жалб этилган дастлабки дақиқалардан бошланади. Демак, унинг муҳофазасини таъминлаш ҳам шу муддатдан бошланиши керак.

Ушлаб туриш бошқа процессуал мажбурлов чораларидан кўпроқ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўхшайди ва қамоққа олишнинг кўплаб тавсифлари ушлаб туришга ҳам тааллуқлидир.

Агар ушлаб туриш муддати тугагунга қадар асослар бўлса, шахс айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинади.

Шахсга қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён, башарти, кейинчалик унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса ёки Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, иш тугатилса, тўлиқ ҳажмда қопланади.

2017 йил 29 мартда қабул қи­линган қонунга мувофиқ, Жи­ноят­ процессуал кодексининг 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, судга қадар иш юритув босқичида қўлланиладиган чоралар, яъ­ни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санк­цияси асосида қўллаш тартиби жорий қилинди.

Маълумки, процессуал мажбурлов чораларини қўл­лашда суднинг алоҳида ўрни бор. Чунки суднинг фаолияти қо­нун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқароларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.

Процессуал мажбурлов чораларини қўллашда судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, одил судловни амалга оширишда уларнинг холислиги ва мустақиллиги кафолатланди.

Жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, ўз навбатида, бу жараён устидан самарали тарзда назорат ўрнатишни талаб этади. Бундай назорат эса, суд орқали таъминланади.

Қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш ик­ки соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳи­моячи иштирокида кўриб чи­қилади. Зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.

Айбланувчи стационар суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган тақдирда, қа­моқда сақлаб туриш ёки уй қа­моғи муддатини узайтириш тўғ­рисидаги илтимоснома суд томонидан айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Судьянинг қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муд­дати­ни узайтириш ёки қа­моқда сақ­лаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтиришни рад қилиш ёки айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғ­ри­сидаги ажрими у ўқиб эшит­тирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Судьянинг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қо­нуний вакили, лавозимидан четлаштирилган айбланувчи ишлаган тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Шикоят, протест ажримни чи­қарган суд орқали берилади, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар би­­­лан бирга апелляция инс­танцияси судига юбориши шарт. Шуни ҳам айтиш керакки, шикоят ёки протест бериш суднинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб қўймайди.

Апелляция инстанцияси су­ди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайт­дан эъ­тиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

Акмал Эргашев,
жиноят ишлари бўйича
Шайхонтоҳур тумани
судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: