МУҲАЙЁ МУТАЛОВАНИНГ ИШИГА ОИД
2019 йил 28 декабрда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро М. Муталованинг видеомурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=yuMLdTZ6tr4) юзасидан маълумот
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг 2017 йил 27 апрелдаги қарори билан М. Муталовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2017 йил 28 апрелдаги ажрими билан унга нисбатан “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2018 йил 8 январдаги ҳукмига кўра, Муҳайё Муталова (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
М. Муталовага Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида, унинг уй қамоғида сақланган 8 ой 12 кун муддатини озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига ҳисоблаган ҳолда тайинланган жазодан чегириб ташлаш йўли билан узил-кесил 7 йил 9 ой 18 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.
М. Муталовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланиб, ҳукм шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 24 декабрда М. Муталовага оид жиноят иши Тошкент шаҳар прокурорининг кассация протести асосида кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация протестида кўрсатилган камчиликлар тўлдирилиб, иш ҳолатларига аниқлик киритилганлиги инобатга олинган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш