МАМАЯКУБ ХАМРАЕВНИНГ ИШИГА ОИД
2019 йил 5 декабрь куни Facebook ижтимоий тармоғидаги «Бюрократия ва коррупция қурбонлари» гуруҳида фойдаланувчи М. Хамраев томонидан берилган билдириши (https://www.facebook.com/groups/504450173247358/permalink/979152852443752) юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2007 йил 4 декабрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2007 йил 7 ноябрдаги ҳукмига асосан Мамаякуб Хамраев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 25,167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 175-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, 2002 йил 3 декабрдаги, 2003 йил 1 декабрдаги амнистия актларига асосан бешдан бир қисмига, 2004 йил 1 декабрдаги, 2005 йил 2 декабрдаги, 2006 йил 30 ноябрдаги амнистия актларига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент
шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 30 июлдаги ажрими билан суд ҳукми
ўзгартирилиб, М. Хамраевнинг айбловидан ЖКнинг 175-моддаси 2-қисмининг “а”
банди, 167-моддаси
3-қисмининг “в” банди, 25,167-моддаси 3-қисмининг “в” банди, 209-моддаси
2-қисмининг “б” банди чиқарилиб, унга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 25,167-моддаси
3-қисми “а” банди, 175-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми
“а” банди билан ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида 3 йил раҳбарлик ва моддий
жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суднинг ҳукмига кўра, М. Хамраев “Лангар” ОТҲЖ бошқарув раиси бўлиб ишлагани ҳолда Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки» лойиҳавий молиялаштириш Маркази саноат-қурилиш материаллари ва қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ш. Каракулов, “Лангар” ОТҲЖ қошидаги “Лангар Гранит” ШК директори лавозимида ишлаган Д. Кобилов, жиноят ишини бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган Италиянинг «Rouveroy Limited» фирмаси раҳбари А. Чернишова ва бошқалар билан тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги валюта кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, шу йўл билан талон-торож қилишга суиқасд қилиш, мансаб сохтакорлиги ва Республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган наф келтирмаслиги аён бўлган битим тузиш жиноятларини содир этган.
Жумладан,
“Ўзқурилишматериаллари” АК томонидан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил
30 майдаги 277-сонли Қарори билан тасдиқланган “Қурилиш, қайта таъмирлаш
корхоналарини техник жиҳозлаш ва 1997-2000 йилларда чет эл инвестицияларини
жалб қилиш орқали тармоқни ривожлантириш” Дастурининг 5-сонли иловаси 5.6
бандига асосан Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жойлашган “Лангар”
акциядорлик жамиятида гранит харсангларини қазиб олиш ва гранит плиталарини
ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида 1998 йил 1 июль куни “Лангар” ОТҲЖ қошида “Лангар Гранит” шўъба корхонаси ташкил этилиб, ушбу шўъба корхонаси томонидан 1999 йил 4 январь куни Италиянинг «Rouveroy Limited» фирмаси билан гранит блоклари қазиб олувчи янги технологик ускуналарни етказиб бериш ҳақида умумий қиймати 1 млн. 254 АҚШ долларини ташкил этувчи А-01|99|СВ-сонли шартнома тузилган ҳамда ушбу лойиҳани молиялаштириш учун 1999 йил 11 январь куни “Лангар” ОТҲЖ бошқарув раиси Дж. Юлдашев томонидан Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки»га “Лангар Гранит” ШКга кредит маблағи ажратишни сўраб мурожаат қилинган.
Шундан сўнг гуруҳ аъзолари, Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки»нинг лойиҳавий молиялаштириш Маркази директори П. Зимин, лойиҳаларни экспертиза қилиш бошқармаси бошлиғи З. М. Нигманов, Ш. Каракулов ва бошқа шахслар мазкур лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва кредит ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан тўлақонли ва сифатли экспертиза ўтказилиши учун тўлиқ масъул бўлсада, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, келгусида мазкур лойиҳа учун ажратилиши лозим бўлган кредит маблағларини талон-торож қилиш мақсадида ўзаро олдиндан тил бириктириб, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, “Лангар Гранит” ШКнинг балансида гранит конлари мавжуд эмаслигини ва бунинг оқибатида лойиҳа амалга ошмаслигини олдиндан билганлари ҳолда экспертиза жараёнида лойиҳанинг ушбу асосий камчиликларини яширганлар.
Шунингдек, Ш. Каракулов ва бошқа аъзолар лойиҳа учун ажратилиши кўзда тутилаётган кредитнинг қайтарилиши гўёки таъминланган деб кўрсатиш мақсадида Зарафшон шаҳридаги “Поток” изловичлар артели раҳбари А. Вдовенко ва бош ҳисобчиси В. Селезневлар билан олдиндан тил бириктириб, уларни ҳам уюшган жиноий гуруҳ таркибига жалб қилиб, бу шахслар томонидан кредитнинг 576 минг 085 АҚШ доллари миқдоридаги қисмига 1999 йил 25 декабрь куни артель бошқарув кенгашининг розилигисиз тузилган ва қонуний кучга эга бўлмаган 1-сонли кафиллик шартномасини гўёки кредитнинг таъминоти сифатида асоссиз қабул қилганлар.
Худди шундай Ш. Каракулов ва бошқа аъзолар ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Лангар” ОТҲЖнинг иқтисодий ночор аҳволдалигини ва ажратилаётган жуда кўп миқдордаги кредит учун кафил бўла олмаслигини била туриб, мазкур ОТҲЖ томонидан кредитнинг 250 минг АҚШ долларига ноқонуний равишда берилган 1999 йил 25 декабрдаги 2-сонли кафиллик шартномасини ҳам асоссиз равишда қабул қилганлар.
Шундан
сўнг гуруҳ аъзолари лойиҳанинг юқорида қайд этилган камчиликлари ҳақида била
туриб, лойиҳани амалга ошириб бўлмаслиги ва кредитнинг қайтмаслиги яққол кўриб
турган бўлсаларда, ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида 1999
йил 12 октябрь куни З. М. Нигманов ва Ш. Каракуловлар биргаликда сохта кредит
ҳисоботини тузиб, бу хулосани 1999 йил 14 ноябрда уюшган гуруҳ аъзоси П.Зиминга
тасдиқлатиб, ушбу сохта ҳужжатлар асосида 1999 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон
Республикаси ТИФ «Миллий банки» ва “Лангар Гранит” ШК ўрталарида 1 млн. 254
минг АҚШ долларига
Ц-3|08-2076-сонли кредит шартномаси расмийлаштирилиши ва 2000 йил
4 январдан бошлаб лойиҳа молиялаштирилишига эришганлар.
Шу
тарзда Италиянинг «Rouveroy Limited» фирмасига шартномада назарда тутилган
тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилган бўлишига қарамай, Ш. Каракулов,
А. Чернишова ва гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан кредит маблағларини
талон-торож қилиш борасида ишлаб чиқилган жиноий режага асосан «Rouveroy
Limited» фирмаси томонидан шартнома шартларига хилоф равишда 2000 йил
май-август ойларида ускуналар тўлиқ ҳолатда етказиб берилмаган, шунингдек,
шартноманинг 8.1 бандида янги техник воситалар етказиб берилиши назарда
тутилган бўлишига қарамай, унга зид равишда
1982 йилда ишлаб чиқарилган, муқаддам ишлатилган ва спецификацияга мос
келмайдиган “Катерпиллар-977”
булдозери ҳамда шартномада кўрсатилган “ХА-405” русумли компрессор ўрнига “Кайзер М260”
русумли компрессор етказиб берилган.
Жиноий режага асосан Навоий вилоятидаги “Тинчлик” 1-сонли ташқи иқтисодий фаолияти божхона маскани инспектори К. Муминов ҳам гуруҳ таркибига жалб қилинган. Ўз навбатида К. Муминов қонунга хилоф равишда “ХА-405” русумли компрессор ўрнига “Кайзер М260” русумли компрессори олиб кирилганлиги ва бу контракт талабларига зид эканлигини билса ҳам божхона ҳужжатларига “ХА-405” русумли компрессор олиб келинган деб сохта маълумотларни қасддан киритиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2000 йил 5 июнь куни 12001105.06.00|0001153-сонли божхона юк декларациясини тузиб, “40” “эркин муомала” божхона режимига расмийлаштирганлар.
Шундан
сўнг уюшган гуруҳ томонидан кредит маблағларини
талон-торож қилиш мақсадида эски ва шартномада назарда тутилмаган ускуналар
олиб келинганлиги А. Чернишова ва уюшган гуруҳнинг бошқа аъзоларига боғлиқ
бўлмаган ҳолатларга кўра ошкор бўлиб қолгач, Ш. Каракулов жиноят изларини
яшириш мақсадида С. Эргешев, М. Рахимов, судланувчилар Д. Кобилов, М. Хамраевлар
билан тил бириктирганлар.
Сўнгра Ш. Каракулов, М. Хамраев, Д. Кобилов ва бошқалар гўёки юзага келган низоли ҳолатларни бартараф этиш ниқоби остида 2000-2001 йилларда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Лангар” акциядорлик жамияти, “Лангар Гранит” шўъба корхонаси, Республика ТИФ «Миллий банки» ва «Rouveroy Limited» фирмаси масъул ходимлари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда иштирок этиб, ўзининг ҳамда жиноий шериклари С. Эргешев ва М. Рахимовларнинг мавқеидан фойдаланган ҳолда контрактга зид равишда олиб келинган ускуналарни баҳолатиш ва уларнинг ҳақиқий бозор нархини аниқлаш чораларини қасддан кўрмасдан, “Роверой Лимитед” фирмасига ён босиб, ушбу фирмага контракт шартларини бажармаганлиги учун молиявий жарималар қўлланилишига йўл қўймаганлар ва ушбу фирма томонидан шартнома шартларини тўлиқ бажарилишини таъминламаганлар.
Шу тарзда Ш. Каракулов, С. Эргешев, М. Рахимов, М. Хамраев, Д. Кобилов ва бошқалар ўзаро биргаликда кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш режасини охирига етказиш мақсадида уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, “Лангар” ОТҲЖнинг йирик таъсисчиси Ш. Жамоловнинг қатъий норозилигига қарамасдан музокаралар натижаларига кўра, «Rouveroy Limited» фирмаси томонидан контракт шартларини бузган ҳолда олиб келинган ҳамда келтирилиши кўзда тутилган ускуналарнинг таклиф қилинган нархи сунъий равишда қимматлаштирилганлиги яққол кўриниб турган бўлсада, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, нархларнинг бозор коньюнктурасига мувофиқлигини текширмасдан, асоссиз равишда муқаддам ишлатилган ва ҳақиқий нархи 23,3 минг АҚШ долларидан ошмайдиган “Катерпиллар-977” русумли бульдозерни 100,7 минг АҚШ долларига қабул қилиш ҳамда шартнома суммасидаги тафовут ҳисобига унга қўшимча равишда 2 дона 22,5 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган ҳар бирининг нархи 65,7 минг АҚШ долларилик янги автокоранларни 95 минг АҚШ долларидан 190 минг АҚШ долларига сотиб олишга ноқонуний розилик бериб, бу ҳақда 2001 йил 11 апрель куни «Rouveroy Limited» фирмаси раҳбари А. Чернишова ва “Лангар Гранит” ШК раҳбари Д. Кобиловлар ўрталарида Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид бўлган А-01|99|СВ-сонли контрактга 3-сонли қўшимча келишув имзоланишига эришганлар.
Шу билан бирга, Ш. Каракулов, С. Эргешев, М. Хамраев, Д. Кобилов ва уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари юқоридаги музокаралар ва келишув битимини тузиш жараёнида «Rouveroy Limited» фирмаси томонидан ноқонуний равишда контрактда назарда тутилганидан бошқа русумдаги компрессор олиб келинганлиги ҳолатини қасддан муҳокама қилмасдан, унинг бозор нархини текшириш чораларини кўрмай, оқибатда ҳақиқий нархи 76,1 АҚШ долларига тенг бу компрессорни ҳам асоссиз равишда шартнома баҳосида 161 минг АҚШ долларига қабул қилганлар.
Шундан сўнг, қайд этилган уюшган гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид бўлган мазкур ноқонуний контрактнинг Ташқи иқтисодий алоқалар Вазирлигида бирор-бир монеликсиз рўйхатга олинишига эришиш мақсадида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг ўринбосари Ш. Абдуллаева, бошқарма бошлиғи С. Хасанов ва бўлим бошлиғи Н. Беляловлар билан тил бириктириб, уларни уюшган гуруҳ таркибига жалб қилганлар.
Жиноий келишувга асосан Ш. Абдуллаева, С. Хасанов ва Н. Беляловлар қайд этилган контрактда ҳақиқий баҳоси 65,7 минг АҚШ долларига тенг автокранларнинг нархи 95 минг АҚШ доллари, “ХА-405” русумли компрессорнинг ўрнига етказиб берилган ҳақиқий нархи 76,1 минг АҚШ долларига тенг “Кайзер М 260” русумли компрессорнинг нархи 161 минг АҚШ доллари, ҳақиқий нархи 23,3 минг АҚШ долларига тенг “Катерпиллар-977” русумли бульдозернинг нархи 100,7 минг АҚШ доллари сифатида кўрсатилиб, жами ушбу техникаларнинг нархи 220,9 минг АҚШ доллари миқдорида сунъий равишда қимматлаштирилган бўлишига қарамасдан ушбу 2001 йил 11 апрелдаги 3-сонли ноқонуний келишувни 2001 йил 7 июнь куни Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатга олиб, қонунга хилоф равишда 23903104-сонли сертификат берганлар.
Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари бўлган М. Хамраев ва Д. Кобиловни 2001 йил 11 апрель кунги 3-сонли қўшимча келишув шартларига кўра, юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш учун Украина Республикасининг Дрогобич шаҳрига юборишган. Жиноий режага мувофиқ, М. Хамраев ва Д. Кобиловлар у ерда «Rouveroy Limited» фирмаси раҳбари А. Чернишова билан биргаликда қўшимча келишув талабларига зид равишда «Rouveroy Limited» фирмаси томонидан янги автокранлар ўрнига 2 дона муқаддам ишлатилган эски автокранлар жўнатилаётганлигини била туриб, гўёки бу автокранлар шартнома шартларига мувофиқ келиши ҳақида 2001 йил 18 май куни иккита автокранларни қабул қилиш ҳақидаги сохталаштирилган 12-сонли далолатномага имзо қўйиб, “Лангар Гранит” ШКнинг юмалоқ муҳри билан тасдиқлаганлар ва шу асосда ўша вақтда бозордаги ҳақиқий қиймати 52,5 АҚШ долларини ташкил этадиган, 1982 йилда ишлаб чиқарилган, маънавий ва жисмоний эскирган КРАЗ-266Б1-шассидаги КС-4574А-русумли 2 дона автокранларни гўёки янги ускунани келтираётганлиги ниқобида ҳар бир автокранларни 95 минг АҚШ долларидан жами 190 минг АҚШ доллари ҳисобида Ўзбекистон Республикасига олиб киришга эришганлар.
Бундан ташқари, «Rouveroy Limited» фирмаси раҳбари А. Чернишова, Ш. Каракулов, Д. Кобилов, М. Хамраев, С. Эргешев ва бошқа уюшган гуруҳ аъзолари контракт суммасининг 5 фоизи банк кафолати (“Перфоманс Бонд”) бўлиб, шартнома шартлари бузилган тақдирда «Rouveroy Limited» фирмасига ўтказилмаслиги лозим бўлганлигини била туриб, ўзаро тил бириктирган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, «Rouveroy Limited» компанияси томонидан Ўзбекистон томони олдидаги мажбуриятлари бажарилмаган бўлсада, келтирилган зарарни қоплашга йўналтирилиши лозим бўлган ушбу пул маблағлари ўтказилишини тўхтатиш чораларини қасддан кўрмасдан қайд этилган чет эл фирмаси ҳисобига асоссиз равишда 65 минг 016 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб юборилишига йўл қўйганлар.
Бундан ташқари, Ш. Каракулов, М. Хамраев, Д. Кобилов, Ў. Болтаев, “Лангар Гранит” ШК директори Б. Абсаттаров, С. Эргешев ва бошқалар давом эттириб, М. Хамраев аккредитивнинг суммасидан 10 фоизи, яъни 100 минг 025 АҚШ доллари миқдорида тўланмаган қисми мавжудлигини била туриб, «Rouveroy Limited» компанияси томонидан Ўзбекистон томони олдидаги мажбуриятлари бажарилмаганлигини билган ҳолда «Rouveroy Limited» фирмаси томонидан келтирилган зарарни қоплашга йўналтирилиши лозим бўлган пул маблағлари ўтказилишини тўхтатиш чораларини кўришлари шарт бўлсада, аксинча, гўёки чет эл ҳамкори томонидан контракт бўйича барча талаблар бажарилганлиги, «Rouveroy Limited» фирмаси мутахассислари томонидан ускунани ўрнатиш, ишга тушириш ва ускунада ишлашни ўргатиш тамомланганлиги ва шу боис ушбу фирмага 100 минг 025 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўтказиш лозимлиги ҳақида 2001-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки» номига бир неча марта сохта хатларни тайёрлаб, бу хатларни уюшган гуруҳ аъзоси бўлган “Лангар Гранит” ШК раҳбари Б. Абсаттаровга имзолатиб, Миллий банкка тақдим этишган. Лекин Ўзбекистон Республикаси ТИФ «Миллий банки» банклараро ҳисоб-китоб маркази ходимларининг ўз вақтида аралашуви натижасида кредит маблағларининг ушбу қисми чет эл фирмасига ўтказилмай, уларнинг талон-торож қилиниши олди олинган ва бунинг натижасида жиноий гуруҳ аъзолари ўз жиноий ниятларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаганлар.
М. Хамраев ва ҳимоячиси У. Давлатов назорат тартибидаги шикоятларида М. Хамраев асоссиз айблангани ҳақида важлар келтириб, суд қарорларини бекор қилиб, М. Хамраевни оқлашни сўрашган.
М. Хамраевнинг қайд қилиб ўтилган жиноятларни содир этганликдаги айби жабрланувчи Ш. Жамолов, гувоҳлар Б. Абдусаттаров, А. Холбоев ва бошқаларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлангани, апелляция инстанцияси суди томонидан иш ҳолати, келтирилган важлар атрофлича текширилиб, муҳокама қилиниб, иш тафсилотлари тўғри аниқлангани, М. Хамраевнинг зиммасидаги ортиқча айбловлар чиқарилгани, апелляция инстанцияси суди жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган, судда атрофлича текширилган далилларга асосан М. Хамраевни ЖК 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 25,167-моддаси 3-қисми “а” банди, 175-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиш ҳақида тўғри хулосага келиб, унга қонун доирасида қилмишига яраша жазо тайинлагани сабабли Олий суд судьясининг ажримига асосан М. Хамраев ва ҳимоячисининг шикоятини қаноатлантириш рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш