СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГАН ИШОНЧ ЁХУД ИККИ МАҲКУМ ЯНА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ
Аввало шуни айтиш керакки, Жиноят кодексининг 42-моддасига биноан, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш мақсадида қўлланилади. Аммо кўзи очилмаган, қилмишининг моҳиятини англаб етмаганларнинг янги жиноятга қўл уриши ҳеч гап эмас экан. Бўка туманидаги 43-манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган Руслан Маратов ва Сергей Папанов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай маҳкумлардан бўлиб чиқди.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшаган Р. Маратов бугун 27 ёшда. Аммо у 18 ёшга тўлмасданоқ жиноят кўчасига кириб улгурган.
Ўшанда — 2010 йилнинг ўзида Р. Маратов Жиноят кодексининг бир эмас, 5 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган.
Натижада жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2010 йил 13 апрель, 16 июнь ва 6 октябрдаги ҳукмларига биноан озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган.
Кейин эса, давлатимиз томонидан унга нисбатан бағрикенглик қилиниб, амнистия актига мувофиқ жазодан муддатидан олдин озод қилинган. Бироқ жазодан озод этилгандан сўнг ҳам Русланнинг кўзи очилмади.
Бинобарин, у аввалгидан ҳам оғирроқ жиноятга қўл урди. Шу боис, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2012 йил 1 июндаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Бунда, хусусан, Русланга уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб босқинчилик қилиш, ўғирлик содир этиш, паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатлар ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, худди шунингдек, уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, талончилик қилиш, уюшган гуруҳ томонидан зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб транспорт воситасини олиб қочиш, ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга анча миқдорда зарар етказиш ҳамда вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш борасида айблар қўйилган.
Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2018 йил 10 февралдаги ажрими билан Р. Маратовга 10 йил 11 ой 8 кун жазосини манзил колонияда ўташ белгиланган. У Бўка туманидаги 43-сонли манзил-колонияга келтирилган.
Наманганлик Сергей Папанов эса, бундан 4 йил муқаддам — 22 ёшида жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатдаги қотиллик содир этган. Пировардида жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2015 йил 6 апрелдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п»-банди, яъни бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш айби билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.
Шунга қарамай, С. Папановга қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олиши учун имконият берилиб, 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия акти асосида тайинланган жазоси тўртдан бир қисмига қисқартирилган.
Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2018 йил 29 августдаги ажрими билан 7 йил 5 ой 15 кун жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланган.
Натижада С. Папанов ҳам Бўка туманидаги 43-сонли манзил колониясига келтирилган.
Агар юқоридаги жазони ўташ саналарига эътибор қаратилса, Р. Маратов билан С. Папанов Қизилтепа туманидаги жазони ижро этиш муассасасида «ўтирган» пайтларидаёқ тил топишишганини англаш қийин эмас. Бироқ манзил-колонияга келгач ҳам, улар ўз қилмишларидан тегишли хулоса чиқармаган.
Ваҳоланки, маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колонияга ўтказилиши ҳам унга озодликнинг қадрига етиши учун берилган бир имкониятдир. Аммо «қаҳрамон»ларимиз…
2019 йил 3 август куни улар Учтепа туманида жойлашган, қўриқлаш остидаги сақлаш жойи ҳисобланган «Мега стар голд» масъулияти чекланган жамиятда ишлаб, жазо муддатини ўтаётганди. Кеч соат 22:00 атрофида икковлон кириш йўлагида турган соқчининг олдига боришади.
— Дўконга чиқиб келайлик, — дея илтимос қилиб, ташқарига чиқишади.
Аммо улар дўконга кириб чиққач, ўзаро тил бириктириб, рухсатсиз қочиб кетишади. Сўнг таксида шаҳар айланиб юришади. Йўл-йўлакай тўйиб пивохўрлик ҳам қилишади.
Орадан тўрт соатдан кўпроқ вақт ўтгач, 2019 йил 4 август куни соат 02:30 ларда Юнусобод тумани 11-даҳа 34-уй ёнида юришганда ўша ерда турган Д. Убайдуллаевга тегишли, нархи 7 000 АҚШ доллари бўлган «Мазда 3» русумли автомашинага кўзлари тушади. Р. Маратов муқаддам транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир этган эмасми, бу борадаги «тажрибаси»га таяниб, С. Папановни ҳам автомашинани олиб қочишга ундайди.
Шунинг учун С. Папанов автомашинанининг ҳайдовчи ўриндиғи томондаги олд ойнасини тош билан уриб синдиради. Кейин иккаласи автомашинага ўтириб, Амир Темур хиёбони томон кетишади. Хиёбон ва «Зарафшон» концерт зали атрофида музқаймоқ сайли бўлаётганди. Шунинг учун автомашинани ўша атрофга қолдириб, иш жойига қайтиб кетишади.
Лекин улар қуруқ қўл билан қайтиб кетишмайди, балки автомашина эгасининг орқа ўриндиқда турган, «Аdidas» номли оқ-қора кийими, 450 АҚШ доллари, 31 Хитой юани, 400 долларлик «Iphone7» русумли уяли телефони, ҳисоб рақамида 3 000 АҚШ доллари бўлган Хитой виза картаси, 160 долларлик эшитиш мосламаси, 25 долларлик кўзойнак, нархи 110 долларга тенг «Dior» атирини ҳам ўғирлаб кетишади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маълумотномасига кўра, 2019 йил 4 августда 4 220 АҚШ доллари 36 570 520 сўм (1 АҚШ доллари 8 666,71 сўм), 31 Хитой юани 39 059,07 сўм (1 Хитой юани 1 259,97 сўм) ни ташкил қилган.
Албатта, жабрланувчининг мурожаатига биноан Р. Маратов ва С. Папанов тез орада қўлга олинади. Негаки, Юнусобод тумани 11-даҳасида жойлашган «Тет-а-тет» қаҳвахонаси ва «Чимган» тунги клуби ҳамда 34-уй яқинидаги дорихонага ўрнатилган видеокузатув камералари жиноятчиларни топишда иш берди.
Оқибатда ҳамтовоқ маҳкумларга нисбатан Жиноят кодексининг 222-моддаси 2-қисми «в»-банди, 169-моддаси 2-қисми «б”, “в»-бандлари, 267-моддаси 2-қисми «а”, “б»-бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди уларни Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари билан айбдор деб топди.
Суд ўталмай қолган жазоларини ҳам қўшиб, Руслан Маратовни 11 йил 2 ой, Сергей Папановни эса, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Жазо муддати махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан, иккала судланувчи ҳам ўта хавфли рецидивист деб топилди. Шунингдек, маҳкумларни назоратсиз қолдирган ИИБ ходимига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.
Буни қарангки, суд мажлисида айбдорлар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ёшлигини инобатга олиб кечиришни, қайта жиноят содир этмасликларини билдириб, енгиллик беришни сўрашди.
Фикримизча, улар аввалги суд мажлисларида ҳам худди шундай кечирим ва енгиллик беришни сўрашгани шубҳасиз. Аммо айнан жазони ўташ даврида ўта оғир жиноятга қўл уришганини қандай тушуниш мумкин? Ёки букрини гўр тузатади, деб шунга айтишадими?!.
Фотима ИСМОИЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Юнусобод тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш