КАМАЙТИРИЛГАН ПЕНСИЯ МАЪМУРИЙ СУД ТОМОНИДАН ТИКЛАНДИ
Бу ҳаётда ҳар бир киши танлаган касби орқасидан обрў-эътибор топиб, ёруғ юз билан нафақага чиқиш ва фарзанду набиралари қуршовида кексалик гаштини суришни ният қилади.
Асака туманининг Саидобод маҳалласида яшовчи М. Расулов ҳам 2010 йили 55 ёшга етгач, имтиёзли пенсияга чиққанди. Аммо 2019 йилнинг январь ойида кутилмаганда, унинг пенсияси нақд тўртдан уч қисмга камайиб кетди. Аниқроғи, 1 149 000 сўмлик пенсияси бирданига 400 000 сўмга тушиб қолди.
Албатта, М. Расулов бундан ташвишга тушди ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Асака туман бўлимига мурожаат қилди. Бунга жавобан бўлим мутахассислари охирги 10 йиллик иш стажи инобатга олинмаганини маълум қилишди.
Аниқланишича, М. Расулов жами 36 йиллик иш стажига эга бўлган.
Шундан 23 йилида — 1987 йилдан 2010 йилга қадар Россия Федерациясининг Тюмень вилоятида жойлашган «Инкомнефть» акциядорлик жамиятида ишлаган. Табиийки, ўша даврда унинг иш ҳақидан ҳам белгиланган даромад солиғи ва суғурта бадаллари ушлаб қолинган. Бироқ пенсия жамғармаси мутахассислари М. Расуловга 2000 йилдан 2010 йилгача ушланган суғурта бадаллари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига келиб тушмаганлигини рўкач қилиб, ана шу даврни иш стажидан чегириб ташлашган. Натижада М. Расуловнинг пенсия миқдори кескин камайиб кетган.
Табиийки, М. Расулов бундан норози бўлиб, бўлим бошлиғига оғзаки равишда мурожаат қилади. Лекин ҳеч нарса ўзгармагач, у Асака туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, пенсия жамғармаси туман бўлими зиммасига юқоридаги иш стажини инобатга олиш мажбуриятини юклашни сўради.
Суд жараёнида аён бўлишича, М. Расуловнинг 2000-2010 йиллардаги иш ҳақи маълумотномасида суғурта бадаллари ушлаб қолинганлиги қайд этилган. 1992 йил 13 мартда имзоланган «Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат иштирокчиларининг фуқароларини пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги келишув»нинг 6-моддасида ушбу Келишув кучга киргунга қадар фуқароларнинг барча иштирокчи давлатларнинг ҳудудидаги ва собиқ иттифоқ ҳудудида орттирилган иш даври иш стажига қўшилиши, Келишувнинг 13-моддасида эса, ушбу келишувдан ҳар бир иштирокчи депозитарийга юборилган тегишли ёзма билдиришнома билан чиқиб кетиши, бундай ҳолатда депозитарий олинган кундан бошлаб аъзо мамлакат Келишувдан 6 ой ўтиб, чиқиб кетиши, аъзо мамлакат келишувдан чиқиб кетган тақдирда ҳам, ушбу давлат фуқароларининг пенсия ҳуқуқлари ўзининг кучини йўқотмаслиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси эса, ушбу Келишувдан чиқиб кетмаган ва Келишув талаблари айни пайтда ҳам амалда.
Бундан ташқари амалдаги «Давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 2012 йил 5 январгача амалда бўлган таҳрири 36-моддасига мувофиқ, чет элда ишлаган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Қонуннинг айни пайтдаги таҳрири 6-моддасида ҳам, фуқаролар давлат пенсия таъминоти соҳасида Ўзбекистон Республикасининг миллий қонун ҳужжатларидан халқаро шартнома қоидалари устувор аҳамиятга эга эканлиги белгиланган.
Айтиш керакки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 1-моддасида «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади» дея қайд этилган. Шу боис, суд Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлими зиммасига М. Расуловнинг 2000-2010 йилларда Россия Федерациясининг Тюмень вилоятида жойлашган «Инкомнефть» акциядорлик жамиятида ишлаган даврини ҳисобга олинган ҳолда пенсия тайинлаш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу тариқа фуқаронинг бузилган ҳуқуқи суд томонидан тикланди. Бу ҳам Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
Баҳром БЕРДИЕВ,
Асака тумани маъмурий
судининг раиси
Фикр қолдириш