СОХТА АБИТУРИЕНТЛАР ҚОНУН ОЛДИДА ҲАҚҚОНИЙ ЖАЗОСИНИ ОЛДИ
Мамлакатимизда униб-ўсиб келаётган ёшларга эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгалари сифатида қараб, уларнинг интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пухта билим олиши, ўз имконият ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу маънода, бугун мамлакатимиз ёшлари эришаётган улкан ютуқлар замирида ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам. Энг муҳими, ёшларга кўрсатилаётган эътиборнинг кўлами ва миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Айниқса, 2016 йил 14 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда бежизга фикр юритаётганимиз йўқ. Гап шундаки, ана шундай қулайликлар муҳайё қилинаётган бир пайтда айрим ёшлар кўр-кўрона жиноий қилмишга қўл ураётганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Яқинда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида кўриб чиқилган бир жиноят иши ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Шу ўринда ушбу жиноят тафсилотларига батафсил тўхталадиган бўлсак, О. Ваҳобов шериклари, компьютер мутахассиси О. Қосимов ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 4-босқич талабаси А. Исмоилов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, абитуриентларни ноқонуний йўл билан ўқишга киритиш жиноятини содир этган.
Аслида, О. Ваҳобов мактабда ўқитувчи сифатида фаолият юритаркан, олий ўқув юртида ўқийдиган талабаларнинг билимидан фойдаланиб, абитуриентларни ўқишга киритиш ва шу йўл билан мўмай даромад орттиришни ўйларди. Назарида, айнан шу йўл билан тез орада бойиб кетиши мумкин эди.
Қисқаси, у тез орада жиноий режасини амалга оширишга жиддий киришади. Аниқроқ айтганда, у Наманган шахрида жойлашган компьютерхонада Ойбек деган йигит билан танишиб қолади ва унга ўзининг жиноий режасини айтади. Ўз навбатида, Ойбек унинг жиноий таклифига рози бўлади ва муайян ҳақ эвазига компьютерда абитуриентларни ўрнига имтиҳон топширадиган талабаларнинг қалбаки ҳужжатларини тайёрлаб беришига розилик билдиради. 2019 йил июнь ойида эса, у А. Исмоилов билан танишади ва ундан олийгоҳларда ўқийдиган билимли талабаларни топишда ёрдам беришни сўрайди. Ўз навбатида, А. Исмоилов Тошкент ахборот технологиялари институтида ўқийдиган танишлари борлигини айтади. Шундан сўнг у А. Исмоилов билан бирга Тошкент шаҳрига келади ва талабалар Ё. Абдусатторова ҳамда Д. Раҳимжанов билан гаплашади.
Буни қарангки, нафс қутқусига учган Ё. Абдусатторов ва Д. Раҳимжонов 800 АҚШ доллари эвазига бошқа абитуриентларнинг ўрнига имтиҳон топширишга рози бўлишади.
Шундан сўнг улар Наманган шаҳрига қайтиб келиб, А. Исмоиловнинг яна бир таниши Д. Эркинов ва янгиқўрғонлик А. Аҳмадалиев билан ҳам гаплашишади.
Қисқаси, уларнинг жиноий режаси хамирдан қил суғургандек силлиқ кечаётган эди. Улар барча талабалар рози бўлгач, институтга хужжат топширган И. Ҳотамов, Н. Тоҳиржонов, А. Убайдуллаев, Б. Тўхтасинов ва А. Аҳмаджанов билан гаплашишади. Уларни ўзларининг жиноий режасига ишонтиришади. Шунинг учун абитуриентлар агар ўқишга киришса, жами 8 100 АҚШ доллари беришга рози эканини айтишади.
Шундан сўнг жиноий гуруҳ томонидан абитуриентларнинг ҳужжатлари компьютер ёрдамида қалбакилаштирилади. Энди сохта абитурентлар имтиҳонларга кириб олишса, бас…
Аммо жиноий гуруҳнинг қабиҳ режаси амалга ошмади, сохта абитуриентлар ҳали имтиҳонга кирмай туриб, қўлга тушиб қолишди…
Табиийки, бунинг оқибатида О. Ваҳобов, О. Қосимовга Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б» бандлари билан, талабалар А. Исмоилов, Ё. Абдусатторова, Д. Раҳимжонов, Д. Эркинов ва А. Ахмадалиевларга кодекснинг 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Наманган муҳандислик-қурилиш институти биносида, ўқитувчи ва талабалар иштирокидаги сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Албатта, судда судланувчиларнинг ўз қилмишидан қаттиқ пушаймонлиги инобатга олинди ва қонунда белгиланган жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинланди.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида олиниб, Наманган вилояти ИИБ Молия-иқтисод бўлимида сақланаётган 1 600 АҚШ доллари, «ASUS» номли компьютер ускунаси, «LG» номли компьютер монитори, «EPSON» номли рангли лазерли принтер ва «Canon» номли кўп функцияли принтер аппаратлари давлат фойдасига мусодара қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, сохтакорлик билан ҳақиқатнинг юзига лой чаплашга уриниш калтабинликдан бошқа нарса эмас. Зеро, бугунги техник тараққиёт юксак поғонага кўтарилган пайтда бундай кирдикорликларни аниқлаш ва ошкор қилиш хамирдан қил суғуришдек осон кўчишини эътибордан соқит қилмаслик керак.
Бахтиёр Таваккалов,
жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар судининг раиси
Фикр қолдириш