ФИРИБГАРЛИКНИНГ АДОҒИ НАДОМАТДИР
Маълумки, ҳаётда ҳар ишнинг ўз тартиб-қоидаси, қонуний йўли бор. Бу тамойилларга қатъий риоя этиш ҳар бир кишининг кўнгил хотиржамлигини таъминлаш билан бирга, дилхиралик ва ортиқча дахмазаларга ўрин қолдирмайди.
Аксинча, қонун доирасида битадиган ишни тез ва осон йўл билан ҳал этаман, деб хатога йўл қўйиш оқибати турли хил ташвишларга сабаб бўлади.
Амалдаги тартибга кўра, кўп қаватли турар жой биноси қурилиши учун, аввало, ҳокимлик ер майдони ажратиши лозим. Ажратилган ер майдони бўйича объектни барпо этиш учун фаолияти қурилишга йўналтирилган масъулияти чекланган жамиятлар иштирокида кимошди савдоси ўтказилади. Бундан ташқари савдосининг ҳам ўзига хос шарт ва мезонлари бор. Ана шу талабларга тўлиқ жавоб берадиган қурувчи ташкилот ғолиб деб топилади.
Исматулла Равшанов (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2017 йилнинг октябрь ойида Навоий шаҳрида кўп қаватли уй-жой объекти учун ўтказилган кимошди тендер савдосида бир-икки марта иштирок этди.
Аммо омади чопмади.
Исматулланинг иши юришмаётганидан таниш-билишларининг хабари бор эди. Буни қарангки, шундай кунларнинг бирида у тасодифан кўчада дўсти Комилни учратиб қолади. Бу 2018 йилнинг февраль ойида рўй беради. Салом-аликдан сўнг ҳол-аҳвол сўрашишгач, Комил кутилмаганда, шундай хабарни айтадики, бундан Исматулланинг кўнглини қоплаб турган ғубор тарқаб кетгандек бўлади. Нима эмиш, Тошкент шаҳрида яшовчи Жасур исмли йигит қурилиш учун ер майдони ажратиш масаласини ҳал қилаётганмиш.
Жасур билан гаплашиб кўриш керак, зора, ёрдами тегса. Хуллас, Комил Исматуллага танишлари орқали Жасурнинг телефон рақамини топиб беришга ваъда қилади.
Буни қарангки, Комил ваъдасининг устидан чиқиб, тез орада Жасурнинг телефон рақамини топиб беради. Исматулла эса, Тошкентга қўнғироқ қилади. Навоий шаҳрида яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтиб, Жасурга ўзини таништиради.
Кўп қаватли уйлар қуриш учун жой тополмаётганидан ёзғиради ва ёрдам беришни илтимос қилади.
Комилнинг айтгани ростга ўхшайди, негаки, Жасур деганлари ҳақиқатан ҳам, дангал, мард ва ҳожатбарор экан. Исматулланинг илтимосини эшитгач, Республика архитектура ва қурилиш бошқармасида ишлашини, бундай масалалар пойтахтда ҳал бўлиши, қурилиш учун жой топишга албатта ёрдам беришини айтади.
Кейинги ой, яъни 2018 йилнинг март ойида Исматулла Комил билан бирга Жасурни Навоий шаҳар ҳокимияти биноси олдида кутиб олади.
Чунки Жасур Навоий шаҳар ҳокимиятига хизмат юзасидан бораётганидан хабардор қилиб, учрашишга ваъда берганди. Қисқаси, ўшанда улар учрашишгач, янада яқинроқ танишиб олишади. Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи, Республика архитектура ва қурилиш бошқармасида кўп қаватли уйлар ва объектлар қурилиши учун жой ажратилиши бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ягона ваколатига эга Жасур Дўстмуродов билан танишганидан Исматулла жуда хурсанд эди.
Айниқса, ер масаласи бўйича айнан ўзи шуғулланиши, Тошкентда туриб, ҳужжат тайёрлаши, Навоий шаҳар ҳудудидан ажратилиши лозим бўлган жойларни белгилаши, ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштириб, шаҳар ҳокимига тасдиқлаш учун юборишини эшитгач, Исматулла қўлидан бу даражада кўп иш келадиган, ўзидан анча ёш Жасур билан танишганидан янада қувониб кетади.
Қисқаси, улар танишишгач, Жасур Исматулладан ўзи раҳбарлик қилаётган масъулияти чекланган жамиятнинг устави, гувоҳномаси ва ўзининг фуқаролик паспорти нусхасини беришни сўрайди.
Шунингдек, 250 миллион сўм тўловни ҳам амалга ошириш лозимлигини айтади. Буни эшитиб, Исматулла тўловнинг сабабини сўрайди. Жасур бунга жавобан уй-жой қурилишига ажратиладиган ер майдонидаги дарахтлар учун экологияга, архитектурага, смета харажатлари, давлат божи, ҳокимиятнинг захира ер фонди ва шунга ўхшаш давлатга тўланадиган тўловлар борлигини айтади.
— Икки юз эллик миллион сўмни шартнома тузиб, банк орқали ўтказиб берсам, нима дейсиз, — сўрайди Жасурдан И. Равшанов.
— Яхшию, лекини бор-да, — жавоб қилади Ж. Дўстмуродов. — Мен ўзим билан шартнома нусхасини олиб келмаганман. Яна пул кўчириш йўли билан иш қилинса, харажатингиз ошиб кетади. Кўчириладиган пуллар учун банк ҳисобига, давлат божига фоиз ушланади, — гапида давом этади у. — Пул нақд тўланса, ишингиз анча арзон, 180 миллион сўм билан битади.
Бу суҳбатга Исматулланинг ҳамроҳи Комил Келдиёров ҳам гувоҳ бўлганди.
Қисқаси, ўша кун Жасур Тошкентга қайтгач, у кунаро, баъзан ҳар куни Исматуллага қўнғироқ қилиб, пул тайёр бўлган-бўлмаганини сўраб турди. Қўнғироқ қилганида у 180 миллион сўмни АҚШ долларида беришни, сабаби, катта миқдордаги сўмни олиб кетиш қийин эканини айтишни ҳам унутмади. АҚШ долларини Тошкентда сўмга айирбошлаб, тўловларни унинг номидан ўзи қилишини бот-бот ўқтирди.
И. Равшанов 2018 йилнинг апрель ойида 180 миллион сўмга тенг 22 минг АҚШ долларини тайёрлайди ва Жасурга қўнғироқ қилиб айтади.
Буни қарангки, пулнинг дарагини эшитган Ж. Дўстмуродов эртасигаёқ Навоий шаҳрига етиб келади. И. Равшанов дўсти Комил билан «ГМЗ» корхонаси рўпарасида Ж. Дўстмуродов билан учрашади. Шунда Исматулла унга 22 минг АҚШ долларини беради. Жасур пул билан бирга И. Равшановнинг фуқаролик паспорти нусхасини ҳам олади.
Масъулияти чекланган жамиятнинг устави билан гувоҳнома нусхаларини почта орқали, Тошкентга эртадан кечиктирмай жўнатишни тайинлайди.
— Ака, сиз билан иш туфайли танишиб қолдик, — деганди ўшанда Ж. Дўстмуродов пулни санаб олгач. — Мен шу вақтга қадар қанча одамга қурилиш объектларини олиб бердим. Ҳаммаси рози бўлган. Сиз ҳам иш ҳал бўлгач, кўнгилдан чиқариб, бирор нарса берарсиз. Берган пулларингизни тўловларга сарфлайман. Давлат ташкилотида ишлаб, сизни алдамайман.
Жасурнинг гапидан фириб ҳиди анқиётганини газетхон аллақачон англаб етган чиқар. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Жасур 22 минг АҚШ долларини олиб, Тошкентга қайтиб келгач, эртасига — 6 апрель куни Исматулла масъулияти чекланган жамиятининг ҳужжатларидан нусха кўчириб, жўнатиб юборади. Шундан сўнг Жасур почтани қабул қилиб олгани, узоғи билан бир ярим ой ичида қурилишни бошлаши ҳақида телефон орқали хабар жўнатади.
Шу ўринда воқеанинг давомига тўхталадиган бўлсак, Исматулла Жасур билан телефон орқали гаплашиб туради ва ҳар сафар қурилиш учун ер қачон ажратилишини сўрайди. Жасур эса, бир-икки кун ичида янгилик бўлишини, лицензия олинадиган идораларга кириб чиқаётганини айтиб, уни алдаб юради. Охир-оқибат эса, тоқати тоқ бўлган И. Равшанов Жасурга қўнғироқ қилиб, пулни қайтариб беришни талаб қилади. Шундан сўнг Жасур, одатда, фирибгарлар қўллайдиган усул — қўнғироқларга жавоб бермаслик йўлига ўтиб олади.
Шундан сўнг Исматулла Жасурни излаб Тошкент шаҳрига келади.
Шунда жуда кўп нарса ойдинлашади. Буни қарангки, Жасур ўзи айтган Миробод туманида эмас, балки Юнусобод туманининг 19-мавзесида яшаркан. У архитектура ва қурилиш соҳасининг умуман кўчасидан ҳам ўтмаган. 1990 йилда туғилган, оилали, бир нафар фарзанднинг отаси Ж. Дўстмуродов бор-йўғи ўрта маълумотга эга экан.
Фирибгарликни касбга айлантирган бу кимса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман судининг 2017 йил 6 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари — 14 миллион 977 минг 500 сўм жарима жазосига судланган. Мазкур суднинг 2018 йил 1 августдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 44-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган жарима жазоси олти ой, беш кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Дастлабки суриштирув ва тергов жараёнида Ж. Дўстмуродовнинг Навоий шаҳридаги жиноий қилмиши кундай равшан тортди.
Судланувчи тергов чоғида жабрланувчига етказган моддий зарардан фақат бир минг АҚШ долларинигина қайтарди, холос.
Албатта, Ж. Дўстмуродов жиноий қилмишлари учун суднинг қора курсисида ўтириб, қонун олдида жавоб берди. Суд унга нисбатан Жиноят кодексининг 68-моддаси 4-қисми «а» банди билан 8 йил, Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Судланувчига нисбатан тайинланган жазо ҳеч кимда эътироз уйғотмади. Чунки Ж. Дўстмуродовга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Лекин масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Гап шундаки, амалдаги Жиноят кодексининг 167, 168, 170 ва 184-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда, маҳкумга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Биз қонунчиликдаги ушбу нормага бежизга тўхталганимиз йўқ.
Биринчи босқич судининг юқоридаги ҳукми устидан Ж. Дўстмуродов ва унинг адвокати томонидан келтирилган апелляция шикояти вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.
Ж. Дўстмуродовнинг яқин қариндошлари томонидан суд ҳукмида кўрсатилган зарар тўлиқ қопланган. Шундан сўнг И. Равшанов зарар қоплангани сабабли Ж. Дўстмуродовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида судга ариза тақдим қилган.
Апелляция судлов ҳайъати қонун талабларига таянди. Биринчи босқич судининг Ж. Дўстмуродовга нисбатан чиқарган ҳукмини ўзгартирди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини жарима жазосига алмаштирди. Олти ой, беш кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўталган, деб ҳисоблади. Унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 80,5 баравари миқдорида — 13 миллион 865 минг 320 сўм жарима жазосини қолдирди. Ж. Дўстмуродовга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Албатта, Ж. Дўстмуродовга нисбатан кўрсатилган бу бағрикенглик, аслида, унга қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун берилган имкониятдир. Ж. Дўстмуродов бу имкониятнинг қанчалик қадрига етишини, албатта, вақт кўрсатади.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳаётда фирибгар, ғараз ниятли кимсалар ҳамиша учраб туради. Бундай кимсаларнинг тузоғига тушиб қолмасликнинг энг тўғри йўли ҳамиша қонун талаби асосида фаолият юритишдир. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Фахриддин ХАЛИЛОВ,
Маъмуржон ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навоий вилояти судининг судьялари
Фикр қолдириш