ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР — ЎЗЛИГИМИЗГА ЭЪТИБОРДИР!
Ота-боболаримиз фарзанд дунёга келган пайтдан бошлаб, то камолга етгунга қадар унинг таъминоти, тарбияси ва билим олишини таъминлашни ўзларининг ғурур-у ори билан чамбарчас боғлиқ бурч деб билишган.
Миллий қонунчилигимизда ҳам бу ўзининг теран ифодасини топган.
Яъни Асосий Қонун — Конституциямизда, Оила кодексида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари билан фарзандларимиз, яъни вояга етмаган болалар манфаатларининг тўлақонли ҳимояси кафолатланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни баркамол инсон қилиб тарбиялаш борасида жуда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий-иқтисодий ва таълим-тарбия олишини таъминлаш борасида бевосита давлатимиз раҳбари томонидан улкан ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган чора-тадбирлар вояга етмаган, шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ёшларни жисмоний ва маънавий етук инсон қилиб тарбиялашда муҳим омил бўлди.
Айниқса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилгани болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган янги тизим бўлди.
Шунингдек, мамлакатимизда 2019 йил 1 сентябрдан қизлар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Ҳар қандай суд муҳокамаси даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, қарорлар қабул қилинишида ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устувор манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги белгиланди. Бу, ўз навбатида, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлаши шубҳасиз.
Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари «Билгил! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан ҳоли гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади… Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади», деб огоҳлантиргани бежиз эмас.
Шунинг учун ҳам фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиш, бунда шахсий ибрат жуда муҳим омил эканлигини унутмаслигимиз жоиз. Биз бугун фарзандларимиз тарбиясига беэътибор муносабатда бўладиган бўлсак, эртага ана шу масъулиятсизлигимизнинг аччиқ мевасини албатта, таътиб кўришга тўғри келади.
Тўғри, бирон-бир ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини ният қилмайди. Аммо вояга етмаганлар орасида бугун жиноят содир этилаётганини қандай изоҳлаш, сабабини қаердан излаш лозим?
Таҳлиллардан кўринишича, айни пайтда бунга сабаб бўлаётган бир қатор омиллар мавжуд.
Биринчидан, ота-она фарзанди дунёга келгач, унинг тақдирига бефарқ қараб, ажрашиб кетиши болага ўта салбий таъсир кўрсатиб, унинг жиноят оламига кириб қолишига сабаб бўлмоқда.
Бу оғриқли муаммони бартараф этиш ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда тўхталиб ўтди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Қайд этиш керакки, Асосий Қонунимизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари қайд этилган.
Аммо ажрашиб, алоҳида-алоҳида яшаётган айрим ота-оналар фарзандларининг тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзанди моддий таъминотини ҳам ихтиёрий амалга оширмаётганлиги жудаям ачинарли ҳолат.
Буни биргина 2019 йилда 3 218 нафар фуқародан суднинг ҳал қилув қарори асосида, 45 459 нафар фуқародан суд буйруғи орқали фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланганлигида, 5 031 нафар ота фарзандини таъминлашдан бош тортганлиги учун — маъмурий, 90 нафар ота эса, жиноий жавобгарликка тортилганида ҳам кўриш мумкин.
Иккинчидан, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига беэътиборлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишониши ҳам, пировардида салбий ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, бугунги кунда айрим ота-оналар катта орзу-ниятлар билан, яъни фарзандини яхшироқ моддий таъминлаш, унинг тўйини зўр ўтказиш, сарпосини бекаму-кўст қилиш ниятида боласини қари ота-онасига, қариндоши ёки таниш-билиш, қўни-қўшнисига ташлаб, ўзлари бошқа юртга пул топиб келиш учун кетаётгани сир эмас. Лекин улар фарзандга тарбия ҳамда меҳр бериш лозим бўлган ҳар қандай бойликдан қиммат вақтни йўқотаётганлигини, бунинг ўрнини кейинчалик моддият билан асло қоплаб бўлмаслигини билавермайди. Билганида эса, кеч бўлади.
Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган вояга етмаганларнинг асосий қисмини ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун узоқ муддат кетган ота-она фарзандлари ташкил этаётганлиги фикримизнинг далилидир.
Яна бир шундай салбий ҳолат борки, бугун Меҳрибонлик уйларида аксарият отаси ҳам, онаси ҳаёт, лекин ажрашган оила фарзандлари тарбияланмоқда. Бугун бу болажонлар давлат қарамоғида, ҳамма нарсаси тўкин бўлса-да, улар ота-она меҳрига зор.
Зеро, халқимизнинг «меҳр берган меҳр кўради», деган нақли бежиз айтилмаган. Агар биз бугун фарзандларимизга меҳр кўрсатмасак, эртага бир кун ўзимиз уларнинг меҳрига зор бўлишимиз муқаррар.
Буни турли баҳона билан болаларини Меҳрибонлик уйига ташлаб, ўз ҳаловатини кўзлаб юрган ота-оналар ўйлаб кўриши, жамоатчилик бунга ўз муносабатини билдириши даркор.
Учинчи сабаби, оиладаги ўзаро муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги ёки ота-онанинг спиртли ичимлик ичишга ружу қўйганлиги, яъни бир сўз билан айтганда, оила бошлиқларининг ўзи тарбияга муҳтожлигида кўринади (2019 йилда 1 150 нафар ота (она) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. 2 071 нафар фуқаро-ота-она спиртли ичимликка ичишни суиистеъмол қилганлиги ва бошқа сабабларга кўра, муомала лаёқати чекланган).
Болалар жиноят йўлига киришининг сабабларидан яна бири — вояга етмаган фарзандларимизнинг онгига салбий таъсир этаётган турли ахборотлар, хусусан, Интернетда тарқатилаётган зўравонлик ва фаҳш акс этган маълумотлар бўлиб, уларни ушбу таъсирлардан асраб-авайлашимиз лозим.
Сир эмас, мактаб, лицей, коллеж ва Олий ўқув юртлари таълим-тарбия масканлари ҳисобланади, лекин ушбу даргоҳларнинг асосий вазифаси билим беришга қаратилган. Бир ёки бир неча ўқитувчи кўп сонли ўқувчиларнинг ҳар бирининг тарбияси билан алоҳида шуғулланиши амалда мумкин эмас. Шунинг учун ҳам, фарзандларимиз тарбиясини биргина таълим муассасаларига юклаб қўйиш тўғри бўлмайди.
Нима қилиш лозим, деган табиий савол туғилади.
Давлатимиз раҳбари мамлакат ёшлари билан учрашувида айни ушбу масалаларда тўхталиб, муаммоларни бартараф этиш, ёшларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш борасида комплекс чора-тадбирларни белгилаб бердилар.
Айниқса, жамиятда ёшларнинг роли ва обрўсини ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, ёшлар ташкилотлари орқали ёш авлод муаммолари ичига чуқурроқ кириш ва уларни ҳал этиш; ёшларнинг иш билан бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини ўрганиб, ечим топиш; ёшлар мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш масалаларига алоҳида эътибор бериб, аниқ чоралар кўриш ҳамда ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, таълим ва тарбия самарадорлигини ошириш; ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш; ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида қатор чора-тадбирлар ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш белгилангани бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Шундай экан, Президентимизнинг фарзандларимиз таълим ва тарбиясига бўлган эътиборларини ўзлигимизга ва келажакка эътибор деб;
униб-ўсиб келаётган ёш авлодга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг соғлом ва тўғри тарбия ҳамда таълим олишини таъминлаш масаласига — ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари, барчамизнинг бурчимиз деб қарашимиз лозим.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари
Фикр қолдириш