НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ШАХС УЧ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ
Андижон шаҳрида яшовчи Баҳромжон Ўринбоев бу йилги янги йилни кўтаринки кайфиятда, аниқроғи, ҳаётдан мамнун ҳолда кутиб олди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки якунланган 2019 йилда нафақат унинг, балки оила аъзолари ва қариндошларининг ёдида муҳрланиб қолган муҳим воқеа рўй берди. Аниқроқ айтганда, 2016 йилда ноҳақ судланган Б. Ўринбоев жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2019 йил 4 сентябрдаги ажримига биноан айбсиз деб топилиб, оқланди.
Хўш, у қайси қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилганди?
Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, Қўрғонтепа туманида яшовчи А. Абдуваҳобов 2013 йил 9 апрель куни ўзининг «Матиз» русумли автомашинасида танишлари Б. Абдураҳмонов ва С. Аҳмаджоновни Хўжаобод туманига олиб боради. Чунки оғайниси Б. Абдураҳмонов анчадан буён автомашина сотиб олиш ниятида юргани боис автосалонда тўловни амалга ошириш ниятида эди.
Бироқ ўша пайтда сотувда автомашина қолмагани маълум бўлади.
Натижада улар яна ортга қайтишади. Қўрғонтепа тумани марказига боргач, бозор яқинидаги ошхонага кириб, тушлик қилишади. Айни шу пайтда Б. Абдураҳмоновнинг автомашина орқа ўриндиғида қолдирган костюми чўнтагидан 5 500 АҚШ доллари ва фуқаролик паспорти, автомашина магнитафонининг олди қисмини кимдир ўғирлаб кетади.
Аммо ўшанда жабрланувчи негадир бу ҳақда ички ишлар бўлимига мурожаат қилишни истамайди. Фақат орадан икки ҳафта ўтгач, А. Абдуваҳобов бу воқеа ҳақида маҳалладоши — туман ИИБ жиноят-қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси тезкор ходими И. Мўйдиновга айтиб, ёрдам беришни сўрайди. 2013 йил май ойининг бошларида эса, Б. Абдураҳмонов И. Мўйдинов билан учрашиб қолган пайтда ўғрилар топилган-топилмагани ҳақида сўрайди.
— Ўғирлик қилган шахс Тошкент шаҳрида экан. Лекин пулнинг уч ярим минг долларини ишлатиб юборибди. Қайтиб келгач, қолган икки мингини беради, — дейди унга жавобан тезкор ходим.
Бироқ орадан икки кун ўтгач, И. Мўйдинов жабрланувчидан пулни топиб бериши эвазига 200 АҚШ доллари сўрайди. Б. Абдураҳмонов эса, унга 100 АҚШ доллари беради. Аммо бундан бирон-бир натижа чиқмайди. Шу боис 2013 йил 19 июнь куни Б. Абдураҳмонов И. Мўйдиновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, МХХнинг Қўрғонтепа туман бўлимига мурожаат қилади. Оқибатда тамагир ходим жиноий жавобгарликка тортилади.
Буни қарангки, кейинчалик туман ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Баҳромжон Ўринбоевга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми «в»-банди, 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”-бандлари, 209-моддаси 1-қисми, 103-моддаси 1-қисми, 238-моддаси 2-қисми, 241-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Сўнгги 241-1-модда (жиноятни ҳисобга олишда қасддан яшириш) да назарда тутилган айблов унга айнан юқорида қайд этилган ўғирлик жиноятини яширган деган важ билан қўйилади. Пировардида жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг 2016 йил 19 апрелдаги ҳукмига мувофиқ, Б. Ўринбоев Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми «в»-банди, 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”-банлари, 209-моддаси 1-қисми, 103-моддаси 1-қисми, 238-моддаси 2-қисми билан айбсиз деб топилиб, оқланган. Лекин кодекснинг 241-1-моддаси билан айбдор деб топилиб, амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.
Кези келганда шуни айтиш керакки, Б. Абдураҳмонов МХХ Қўрғонтепа туман бўлимига ёзган аризасида Б. Ўринбоевни И. Мўйдинов ишига дахлдор эканини баён қилмаган. Бироқ И. Мўйдинов ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови мобайнида ўғирлик ҳақида 3 марта Баҳромжон Ўринбоевга хабар берганини билдирган.
Аммо у биринчи босқич суди ва апелляция инстанциясида терговдаги кўрсатмасини инкор қилиб, бу ўғирлик ҳақида Б. Ўринбоевга хабар бермагани, аксинча, у бевосита раҳбари бўлишига қарамай, ёрдам бермагани учун атай дастлабки терговда ёлғон кўрсатма берганини билдирган.
Бироқ у ушбу жиноят ишини янгидан кассация инстанцияси судида кўриш жараёнида яна аввалгидек бошлиқ ўринбосарига ўғирлик жинояти ҳақида 3 марта — дастлаб ИИБ биносига кираверишда, иккинчи марта тезкор ходимлар йиғилишидан чиққач, Б. Ўринбоевнинг хонасида, учинчи марта эса, 2013 йил 19 апрель куни жума намозини назорат қилиш учун боришган пайтда хабар берганини маълум қилган. Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, И. Мўйдиновнинг кўрсатмалари бир-бирини инкор қилади. Бундан ташқари судда гувоҳлик берган профилактика инспекторлари Р. Тожибоев ва Б. Анорбоев 2013 йил 19 апрель кунги жума намози пайтида Баҳромжон Ўринбоевни кўрмаганини таъкидлашган.
Кўриниб турибдики, И. Мўйдиновнинг кўрсатмаларидан ташқари Б. Ўринбоевнинг содир бўлган ўғирликдан хабардор эканини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Биринчи босқич суди эса, И. Мўйдиновнинг кўрсатмаларини қайта-қайта ўзгартирганига эътибор қаратмаган. Қолаверса, Б. Ўринбоевнинг айбини яна бошқа ишончга сазовор далиллар билан исботламаган.
Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, 83-моддасида иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши, 951-моддаси 1-қисмида эса, агар фактик маълумотлар жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас, деб топилиши белгиланган.
Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг 2016 йил 19 апрелдаги ҳукмини бекор қилди, Баҳромжон Ўринбоевни Жиноят кодексининг 241-1-моддаси билан айбсиз деб топиб, оқлади. Суд ажримида унга реаблитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди. Энг муҳими, Б. Ўринбоевнинг маҳалла-кўй, таниш-билиш ва ҳамкасблари орасида юзи ёруғ бўлди.
Эътироф этиш керакки, илгари ноҳақ судланган шахсларнинг айбсиз деб топилиши жуда камдан-кам учрайдиган ҳолат эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса, ҳар бир жиноят иши бўйича адолатни қарор топтиришга имкон берди.
Фарҳоджон ҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилоят суди
раисининг ўринбосари,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш