«ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ

Президентимиз жорий йил 6 январда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунни имзолади ва матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун бож ставкаларини тўғридан-тўғри тартибга солишга қаратилган ягона ҳужжат бўлиб, давлат божларини ундиришни тартибга солувчи 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўрнига ишлаб чиқилди.

Шу пайтга қадар давлат божларини ҳисоблаш Со­лиқ кодекси, бож ставкалари эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари орқали тартибга со­либ келинган.

Айтиш керакки, ушбу қо­нун­ни ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси чуқур ўрганилди, уларнинг бу борадаги қонун ҳужжатлари таҳлил қилинди.

Маълумки, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳа­ракатларни амалга оширгани ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ҳам­да мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берилгани учун ундириладиган бир марталик мажбурий тўлов ҳисобланади. Шу боис давлат бо­жи янги таҳрирдаги Со­лиқ кодексидан чиқарилди.

Мазкур янги қонун фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судларга аризалар билан мурожаат қилганда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганда, фуқаролар биометрик паспортни расмийлаштирганда, шу жумладан, хорижга чиқиш, консуллик йиғимини тў­лаш ва шу каби бир қатор ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларини ҳуқу­қий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.

Хусусан, янги қонунда иқ­тисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқаролар­ни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо пред­метига нисбатан мустақил талаблар билан арз қи­лувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳа­миятга эга бўл­ган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқ­тисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни ту­гатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғ­рисидаги ва шу каби бир қатор ҳолатларда давлат божи ундириш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, янги қонунда фуқаролик, иқ­тисодий ва маъмурий судларда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросига биометрик паспортни расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан, хорижга чиқиш, консуллик йиғимини тў­лашда давлат божини тўлашдан озод қи­лиш тартиби ва озод қилинадиган шахслар рўй­хати қатъий белгилаб қў­йилди.

Шу ўринда янги қонуннинг 11-моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ўндан ортиқ ҳолатда нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиш тартиби кўрсатилиб ўтилди. Бу имтиёзлар ало­ҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга нисбатан қўлланилади ва уларнинг дои­раси белгилаб қўйилганини кўриш мумкин. Бундан кўзланган мақсад — давлат томонидан жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўл­лаб-қувватлаш, уларнинг ҳу­қуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳи­моя қилишдан иборатдир.

Қонун иловасига мувофиқ, давлат божи ставкаларининг миқдорлари ҳам белгиланди. Яъни энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган давлат бо­жи ставкалари базавий ҳи­соблаш миқдорига қараб ўзгартирилади. Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари билан белгиланган амалдаги давлат божлари миқдори сақлаб қолинади.

Янги қонунда бир қатор турлар бўйича ставкалар сезиларли даражада пасайтирилди. Жумладан, мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи яқин қариндошларга базавий ҳисоблаш миқдори 111 минг сўм ўрнига 55 минг сўм, жисмоний шахслар учун 223 минг сўм ўрнига 111 минг сўм, юридик шахслар учун ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлганда 446 минг сўм ўрнига 223 минг сўм миқдорида белгиланди.

Худди шунингдек, нодавлат ташкилотларни адлия ор­ганлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари 892 минг сўмдан 669 минг сўмга, фаолиятини вилоят ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга 446 минг сўмдан 223 минг сўмга, фаолиятини туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга 446 минг сўмдан 111 минг сўмга камайтирилди.

Бундан ташқари давлат божининг халқаро судлар ва халқаро ҳакамлик судлари қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисида аризалар, тўлов тизими оператори фаолиятини амалга оширишда лицензия берилганлик учун тўланадиган янги турлари жорий этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги Фар­­­монида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бош­қа мажбурий тўловлари (консуллик йиғимларидан таш­қари) фақат миллий валютада ундирилиши белгиланган. Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида, хорижий валютада белгиланган давлат божлари ставкалари қайта кўриб чиқилди. Яъни базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб, уларни сўм эквивалентида ундириш тартиби қонунда ўз аксини топган.

Шу кунга қадар давлат божини қайтариш қонун ҳужжатларида белгиланган эди, лекин қайтариш муддатлари, тартиби ҳамда қайси органлар ор­қали амал оширилиши аниқ кўрсатиб ўтилмаган эди.

Қонунчиликдаги бу бўш­лиқ бартараф этилди. Яъни янги қонуннинг 18-моддасига кўра, давлат томонидан давлат божи суммаларини қайтариш тў­ловчининг ёзма аризасига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади. Шунингдек, давлат божини ундирган давлат органи ёки ташкилотнинг раҳбари уни қайтариш қонунийлигини тасдиқлаган тақдирда, давлат органи ёки ташкилот ва давлат божининг бошқа олувчилари илгари ўз ҳисобварақларига ўтказилган давлат божи суммаларининг тегишли қисмини тўловчининг ёз­ма аризаси олинган кундан эътиборан беш кун ичида ёки суд ҳужжатлари асосида қайтаради.

Хулоса қилиб айтганда, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади ҳамда ҳу­куматнинг алоҳида қарорларини қабул қилиш йўли билан ставкалар миқдори асоссиз оширилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Отабек Мирзаев,
Касби туманлараро
иқтисодий суди судьяси,

Аббос Убайдуллаев,
Касби туманлараро иқтисодий
суди девонхона мудири

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: