ҒАРАЗ НИЯТ ТОВЛАМАЧИГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Эл орасига ёмон гап тарқалдими, бас, одам ўзини оқлаб олиши жуда мушкул кечади. Чунки узунқулоқ гаплар чувалашгандан чувалашади. Оқибатда, киши, гарчи айбсиз бўлса-да, юзи қора бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам, кимнингдир айбсиз кишини тамагирлик ниятида ёмонотлиққа чиқаришга уринишини асло кечириб бўлмайди.

Ўша куни Отажон (исм-шарифлар ўзгартирилди) Зарнигорга қўнғироқ қилиб, кечки пайт учрашишга келишиб олганди. Аслида улар бир-бирига кўнгил қўйган, тез орада тўйлари бў­лиши керак эди.

Қисқаси, ўша кун улар Жиззах шаҳридаги «Нурбек» ресторанида тамадди қилишгач, кўчага чиқишди. Зарнигор онасига тегишли «Ласетти» ру­сумли автомашинани ўзи ҳайдаб келган экан. Улар автомашинада шаҳар чеккасига, Алишер Навоий номидаги сувдан фойдаланувчилар уюшмаси ҳудудига етиб боришгач, фермер хўжалиги дала майдони ёнида тўхташади.

Улар автомашинада суҳбатлашиб ўтиришганди. Бир чоғ, кутилмаганда автомашинанинг эшиги шахт билан очилиб, қандайдир нотаниш кимса важоҳат билан уларга юзланади.

— Мен фермер хўжалиги раиси бў­­ламан, исмим Аслиддин, — дейди у важоҳат билан. — Бу ерда нега ўтирибсизлар? Ахлоқсиз ишлар қиляпти, деб ҳозир профилактика инспекторини чақираман.

Отажон шоша-пиша автомашинадан тушиб, шунчаки гаплашиб ўтиришгани айтиб, Аслиддинни тинчлантиришга уринади. Лекин Аслиддин сира муросага келмайди. Аксинча, у ҳозир профилактика инспекторига хабар беришни, кейин уларни ички ишлар идорасига олиб кетишни, ота-оналарини ҳам у ерга чақиришни айтиб, пўписа қилишдан тийилмайди. Шундан сўнг Отажон илтимосга ўтади.

Қиз билан бир-бирларига кўнгил қўйгани, яқинда тўйлари бўлишини, профилактика инспекторини чақирса, шарманда бўлишини, келгусида қурадиган турмушига бу ёмон таъсир кўр­сатишини, Зарнигорнинг номига доғ тушишини айтиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринди.

Аммо унинг илтимос-у, ялиниб-ёл­вориши зое кетади, А. Қўшбоқов сира муросага келай демасди. Ахийри, ночор қолган О. Ботиров фермер хўжалиги раисидан мақсад-муддаоси нима эканлигини сўрайди.

— Ана, энди ўзингга келдинг, — дей­ди А. Қўшбоқов. — Аввал тилхат ёзасан. Сўнгра мени рози қилсанг, қолганини кейин ўйлаб кўраман.

Отажон ноилож унга 100 АҚШ доллари таклиф қилади. Аслиддин бунга кўнмайди, 200 АҚШ доллари берасан, дейди. Кейин эса, улар шу яқин орадаги дўконга бориб, тилхат ёзиш учун қоғоз олиб келишади. Аслиддиннинг айтиб тургани бўйича Отажон тилхат ёзади.

Аслиддин эса, тилхат би­­лан бирга Отажоннинг фуқаролик паспортини олиб қолади. Эртага соат ўнда 200 АҚШ доллари олиб келишини, шундан сўнг фуқаролик паспорти билан тилхатни қайтариб беришини айтади.

Отажон эртаси куни далага келса, А.Қўшбоқов уни кутиб турган экан.

Отажон 200 АҚШ доллари топа олмаганини айтиб, 100 АҚШ долларига рози бў­лишини сўрайди. «Йўқ, — дей­ди Аслиддин, — 100 АҚШ долларинг 800 минг сўм бўлади, шундайми? Майли, сен бир миллион сўм олиб кел!».

Отажон яна пул тополмаётганини айтиб, зорланади. Шундан сўнг Аслиддин бироз юмшайди: «Майли, бир соат ичида 100 АҚШ доллари олиб келасан», дея шарт қўяди.

Бўёғини эшитсангиз, ўша куни эр­талаб Отажон вилоят ички ишлар бош­қармасига бориб, рўй берган во­қеа юзасидан ариза ёзганди.

Бош­қармада икки нафар холис иштирокида Отажонга овоз ёзиш мосламаси беришганди. Ўз навбатида, Отажон Аслиддин билан учрашгач, ўрталаридаги сўзлашувни ёзиб олганди.

Отажон сўзлашувни ёзиб олгач, яна вилоят ички ишлар бошқармаси биносига қайтиб келади. Бошқармада минг сўмлик купюраларнинг 16 до­насига махсус воситаларда ишлов бе­рилади. Шундан сўнг Отажон 800 минг сўмни олиб, товламачи А. Қўшбоқовга қўнғироқ қилиб, бораётганидан хабардор қилади.

Буни қарангки, жиноятга қўл ураётган одам барибир талвасага тушар экан. Аслиддин ҳам товламачилик йў­ли билан олаётган пулни қўлига ушлашга чўчийди. Отажонга пул солинган целлофан пакетни ғўза қатор орасини кўрсатиб, ўша жойга қўйишни буюради. Шундан сўнг у О. Ботировга фуқаролик паспортини қайтариб беради. Тилхатни эса, йиртиб ташлайди. Аммо орадан бир неча да­қиқа ўтиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ган ходимлари томонидан у ашёвий далиллар билан ушланади.

Шу ўринда товламачи А. Қўшбоқовнинг шахсига ойдинлик киритадиган бўлсак, жабрланувчи О. Ботиров ва гувоҳ З. Тўраевага ўзини таништирганидек, у ушбу фермер хўжалигининг раиси эмас, балки оддий ишчи­ эди. Тов­ламачилик билан ўзганинг мулкини эгаллашга бўлган ға­раз ния­ти уни ана шундай қабиҳ йўл­га бошлаган ва қилмиши аянчли якун топганди.

Биринчи босқич суди судланувчи А. Қўшбоқовни товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиси учун сир сақланиши лозим бўлган маъ­лу­мотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳу­­қуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсинда­ги ҳаракатлар содир этишни талаб қи­лиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулк­ка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қў­йиш, ғараз ниятда фуқаролик паспортини эгаллашда ифодаланган айби судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳнинг кўр­сатмалари, судга оид кимёвий экспертиза хулосаси ҳамда судда текширилган ишончга сазовор бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.

Суд судланувчига нисбатан жазо та­йин­лашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қа­рори 5-бандига таянди.

Қарорнинг ушбу бандида «Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузалиши мумкин бўлган шахс­ларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак», деган раҳбарий тушунтириш берилган.

Биринчи босқич суди А. Қўшбоқовни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқ­рорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида уч нафар фарзанди бўлиб, оилада ягона бо­қувчи эканлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олди ва узил-кесил уч йил бир ой озодликни чеклаш жазоси та­йин­лади.

Хулоса қилиб айтганда, товламачилик қилган мақоламиз «қаҳрамон»и бировнинг ҳақи бировга татимслигини тушуниб етган бўлса, аввало унинг ўзига яхши. Зеро, тўғриликда, ҳалолликда ҳикмат кўп. Товламачилик, тамагирлик эса, инсоннинг ўзига нисбатан залолатдир.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Жиззах вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: