ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ: МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ИШЛАРНИ СИФАТЛИ КЎРИБ ЧИҚИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги йиғилишида «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарор лойиҳаси муҳокама этилиб, қабул қилинди. Хўш, ушбу Пленум қарорини қабул қилишда амалда қандай зарурат бор эди? Қарорда судлар учун қандай тушунтиришлар ўз ифодасини топган?

Бу саволларга жавоб тариқасида шуни айтиш керакки, 2018 йилда маъмурий судлар томонидан маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги 16 минг 52 та иш кўрилган бўлса, 2019 йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 14 минг 784 тани ташкил этган.

Мазкур тоифадаги ишларнинг 10 мингдан зиёди қаноатлантирилган бўлса, 3 минг­дан ортиғини қаноатлантириш рад этилган. 469 таси кўр­масдан қолдирилган, Минг­дан зиёдроғи бўйича эса, иш юритиш тугатилган.

2019 йилнинг 11 ойи давомида кўрилган ишларнинг 7 минг 528 таси маъмурий ор­ганлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар бўлса, 7 минг 256 таси маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф, деб топиш тўғрисидаги ишлар ташкил этган.

Буларнинг 6 минг 480 та­сини Молия вазирлиги тизимига кирувчи органлар ва 4 минг 913 тасини маҳаллий ҳо­ким­ликлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан келиб тушган шикоятлар (аризалар) бўйича кўрилган ишлар ташкил қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2019 йилнинг 11 ойи давомида маъмурий судлар томонидан давлат органлари, шу жумладан, ҳокимларнинг 1165 та қонунга зид қарорлари бекор қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Статистик маълумотлардан кўринишича, ушбу тоифада кўрилган ишларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу сабабли, ушбу тоифадаги ишларни кўришда амалдаги қонун нормалари турлича қўлланилишининг олдини олиш, манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун билан қў­риқланадиган манфаатларининг тўлақонли ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида, янги Пленум қарори қабул қилиш зарурати вужудга келди. Бу ҳолат инобатга олиниб, иш­­чи гуруҳи томонидан «Маъ­мурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳа­ракатсизлиги) устидан ши­коят­ қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қа­рор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Пленум қарорида назарда тутилган тушунтиришлар маъмурий судлар томонидан давлат органлари ёки улар мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар бўйича ишларни кўришда қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўллашга қаратилган.

Хусусан, Пленум қарорининг 2-бандида суд амалиётида қонун ҳужжатлари турлича талқин этилишининг олдини олиш мақсадида, маъмурий органлар тушунчасига изоҳ берилган. Жумладан, маъмурий органлар деганда, давлат бошқарув органлари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги иж­ро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа ор­ганлар ва маъмурий-бошқарув ваколати берилган махсус ташкил этилган комиссия­лар тушунилиши баён этилди.

Шунингдек, қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган мансабдор шахснинг ўзи кимлигига аниқлик киритиш мақсадида, қарорда мансабдор шахс тушунчасига ҳам тушунтириш берилди.

Хусусан, Пленум қарорининг 3-бандида маъмурий органларнинг мансабдор шахслари деганда, ҳокимият вакили вазифасини бажарадиган ёхуд мазкур органларда маъмурий-бошқарув (маъмурий — хўжалик) вазифасини амалга оширадиган ва юридик аҳа­миятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар тушунилиши кўрсатилган.

Қарорнинг 4-бандида ўзининг бузилган ҳуқуқлари ҳи­моя қилинишини таъминлаш мақсадида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган манфаатдор шахс тушунчасига изоҳ берилган. Унга кў­ра, манфаатдор шахс деганда, маъмурий органнинг қа­рори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳа­ракатсизлиги) қаратилган фуқаро ёки юридик шахс ёхуд қа­рор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа шахс тушунилиши белгилаб қўйилди.

Қарорнинг 5-бандида манфаатдор шахслар ҳақиқий эмас, деб топишни сўраётган қарорлар сирасига қандай ҳужжатлар кириши ва уларнинг шакли юзасидан тушунтиришлар берилди. Унга кўра, қарорлар деганда, якка тартибда ва ҳайъат томонидан қабул қилинган маъмурий органларнинг ҳужжатлари, таъсир чоралари мавжуд бўлган, оммавий ҳуқуқни вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳамда алоҳида жисмоний шахслар ёки юридик шахслар ёхуд муайян индивидуал белгиларга кўра, ажралиб турувчи шахслар гуруҳига маълум бир ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтирувчи қарорлар таркибига маъмурий органларнинг, улар мансабдор шахсларининг шахсан ёки жамоавий равишда қабул қилинадиган, ижтимоий-ҳуқу­қий муносабатларни яратишга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний шахслар ёки юридик шахслар ёхуд айрим индивидуал белгиларга кўра, ажралиб турувчи шахслар гуруҳига таъсир чораларини ўз ичига олувчи ҳужжатлар киради. Бунда қарорлар ҳам белгиланган шаклда (мисол учун жойларда ижро ҳоки­мия­ти органларининг қарорлари), ҳам ихтиёрий шаклда (мисол учун мансабдор шахс­нинг фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма ха­ти) қабул қилиниши мумкинлиги тушунтирилди.

Қарорнинг 6-бандида мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги деганда, нима тушунилиши аниқлаштирилди.

Хусусан, унга кўра, маъмурий ор­ганлар ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 23-бобига кўра, қайд этилган ор­ганлар ва улар мансабдор шахсларининг қарор шаклида бўлмаса ҳам, манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келадиган ёхуд ҳу­қуқ­ларини амалга оширишга тўс­қинлик қиладиган юридик аҳамиятга эга қарорлари кириши, ҳаракатсизлик деганда эса, маъмурий орган, унинг мансабдор шахси зиммасига ушбу органлар ва мансабдор шахс­ларнинг ваколатларини белгиловчи норматив-ҳуқу­қий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, қоидалар, буйруқлар) билан юкланган мажбуриятни бажармаслик кириши ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Пленум қарорининг 11-бандида маъмурий органнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмасига нисбатан шикоят келтирилганда, суд томонидан қандай ҳаракатлар амалга оширилиши лозимлиги билан боғлиқ тушунтириш берилди. Унга кў­ра, маъмурий органнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмасига нисбатан ши­коят келтирилганда, суд Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 42-моддаси қоидаларига биноан, тегишли органни жавобгар сифатида жалб қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши, агар иш мазмунан кўриб чиқилгунга қадар маъмурий орган қайта ташкил этилган ёки тугатилган бўл­са, суд унинг ҳуқуқий ворисини ёхуд аризачининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ваколатига эга ташкилотни ишда иштирок этиш учун жалб этиши, агар иш кў­риб чиқилаётган вақтда қа­рорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) бўйича шикоят қилинган шахс мансабдор шахс бўлмаса, суд ушбу лавозимни эгаллаб турган шахсни ёхуд аризачининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ваколатига эга тегишли ташкилотни иш­да иштирок этиш учун жалб қилиши кўрсатилган.

Бундан ташқари Пленум қарорида судга ариза билан мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилганининг сабаблари аниқ қилиб белгилаб қўйилди.

Чунончи, Пленум қарорининг 19-бандига кўра, суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан судга мурожаат қилишда қо­нуний муддатга риоя қилинганлигини аниқлаши керак. Агар бу муддатлар бузилган бўлса, манфаатдор шахс мурожаат қилган-қилмаганлигидан қатъи назар, муддатларни ўтказиб юбориш сабаблари муҳокама қилиниши талаб этилади.

Судга мурожаат қилиш муддати: аризачи ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилганлиги; ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги; зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир маж­бурият­ юкланганидан хабар топган куннинг эртасидан бошланади.

Пленум қарорининг 25-бандида суд қарорларининг ижроси юзасидан судларнинг ўзи назорат олиб бориши ва қарорлар ижро этилгани тўғрисида ижро органининг маъ­лумотномалари мавжуд бўлмаганда, уларни талаб қилиб олиш зарурлиги белгилаб қўйилди. Унга кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 276-моддаси иккинчи қисмига асосан, суд ҳужжатининг ижроси ҳал қилув қарори (қарор) асосида белгиланганлиги сабабли, қонунда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида суд қарорини юбориш ҳақидаги кузатув хатида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги ко­декс­нинг 189-моддаси бешинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилишни кўрсатиш лозим.

Судлар қарор ижроси устидан назоратни амалга ошириши, унинг ижроси ҳақида маълумот мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли тартибда талаб қилиб олиши зарур.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ва мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда қўлланиладиган қо­нун нормаларига тушунтириш бе­ри­лиши ушбу тоифадаги иш­­­­­ларнинг сифатли кў­риб чи­қиш, бу борада ягона суд амалиёти шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Пленум қарори жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлат ор­ган­ла­ри ва улар мансабдор шахс­ларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг судларда тў­ла­қонли ҳимоя қилинишида зарур ҳу­қуқий асос вазифасини ўтайди.

Шаҳноза АХАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси

  • Umida

    Биринчи инстанция маъмурий суди карорини аппеляция ёки кассация тартибида куришни вилоятларда куришни фойдаси йук. Факат номига тартиби учун бериляпти. Бор умид олий суддан булиб колган.

    27.01.2020 at 20:40
  • Umida

    Карга каргани кузини чукимайди деган маколга судьялар катьий амал киладилар.

    27.01.2020 at 20:42
  • Umida

    Маъмурий судларга чикарган карорлари учун жиноят суди каби масъулият юклаш керак.

    27.01.2020 at 20:46

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: