С. САТТОРОВНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД
2020 йил 22 январда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Санжар Сатторовнинг видеомурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=8oX460zBWk8) юзасидан маълумот
Даъвогар Санжар Сатторовнинг жавобгар Зафар Ҳайдаровга нисбатан уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори ҳамда Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 24 сентябрдаги ажрими устидан даъвогар С. Сатторовнинг назорат тартибидаги шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, даъвогар С. Сатторов жавобгар З. Ҳайдаровга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарни Булунғур тумани “Саховат” маҳалласи “Қувондиқ” қишлоғидаги уй-жойдан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 24 сентябрдаги ажрими билан суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Қуйидаги асосларга кўра, даъвогар С. Сатторовнинг назорат тартибидаги шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисобланган.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, низоли бўлган Булунғур тумани, “Саховат” маҳалласи “Қувондиқ” қишлоғидаги уй-жой 2019 йил 21 июндаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан даъвогар С. Сатторовга тегишли, уй-жой унинг номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Даъвогар С. Сатторов томонидан киритилган даъво талабининг асосида Булунғур тумани “Саховат” маҳалласи “Қувондиқ” қишлоғидаги уй-жой марҳум отаси Ю. Сатторов тегишли бўлганлиги, отасининг вафотидан сўнг жавобгар З. Ҳайдаров ушбу уй-жойда оила аъзолари билан бирга яшаб келаётганлигини, бироқ ушбу низоли уй-жой қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан унга тегишли эканлиги, жавобгар З. Ҳайдаров унинг мулкка бўлган ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келаётганлигини кўрсатган.
Аниқланишича, жавобгар З. Ҳайдаров оила аъзолари билан низоли бўлган Булунғур тумани “Саховат” маҳалласи “Қувондиқ” қишлоғидаги уй-жойда 2001 йилдан буён доимий рўйхатда туради.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-банди талабига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 172-моддаси 1-қисмига кўра, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Биринчи инстанция суди Булунғур тумани “Саховат” маҳалласи “Қувондиқ” қишлоғидаги уй-жой ҳуқуқий ҳужжатларга асосан даъвогарга тегишли бўлса-да, бироқ жавобгар ушбу низоли уй-жойда 2001 йилдан буён доимий яшовчи шахс сифатида рўйхатда туришини, айни пайтда у оила аъзолари билан бирга ушбу уй-жойда доимий равишда яшаб келаётганлиги ва унинг бошқа турар жойи йўқлигини инобатга олиб, даъво талабини рад қилиш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.
Вилоят суди апелляция инстанцияси ҳам суд қарори билан асосли равишда келишган.
Ўз навбатида шикоятдаги жавобгар низоли уйда рўйхатда турмаслиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди, чунки даъвогар томонидан ушбу важини тасдиқловчи иш учун исботлаш воситаси бўла оладиган далиллар тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, жавобгар З. Ҳайдаров даъвогарни у кўрсатган жойда яшашини айтиб қаршилик қилиб, даъвогарнинг мулк ҳуқуқини бузаётганлиги, ушбу ҳолат жанжалга сабаб бўлаётганлиги ҳақидаги важлари суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Шунингдек, С. Сатторовнинг З. Ҳайдаровнинг номида бошқа уй-жойи мавжудлиги ҳақидаги важлари қуйи судлар томонидан тўлиқ текширилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилган.
Шунга кўра, шикоятдаги важлар асоссизлиги боис, иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдириш лозим деб ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси М. Рабиеванинг 2019 йил 30 октябрдаги ажрими билан С. Сатторовнинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топилган.
С. Сатторов томонидан фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори ҳамда Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 24 сентябрдаги ажримидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилган такрорий шикояти ўрганиб чиқилиб, Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров имзоси билан 2019 йил 23 декабрдаги 12-3388-19 рақамли жавоб хати билан С. Сатторов келтирган важлар Олий суднинг 2019 йил 30 октябрдаги ажримида батафсил муҳокама қилинганлиги ва суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўла олмаслиги сабабли шикоят қанотлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш