ЧАП ЧЎНТАГИНИ ЎЙЛАГАН БАНКИР ҚИЛМИШЛАРИ УЧУН ҚОНУН ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРДИ

Ҳаётда рўй берадиган ҳар қандай жиноий қилмиш, кун келиб, бир кун албатта, ошкор бўлиши ва унга қўл урганлар қонун олдида жавоб бериши муқаррар экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Қуйида баён этиладиган воқеа ҳам бу фикрни тасдиқлайди.







Ўтган йил «Қишлоққурилишбанк»нинг Хива тумани филиали мутасаддиларининг баъзи сирли «қадам»ларию ажабтовур хатти-ҳаракатлари наинки тегишли назорат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки оддий фуқароларнинг ҳам эътиборини ўзига тортди. Шикоят, эътироз, норозиликлар ҳам орага ўрлади. Шамол эсмаса, дарахтнинг учи тебранармиди?! Ҳарқалай, шубҳа-гумонлар ортидаги ҳақиқат тезда юзага қалқиб чиқди. Тергов органи дастлабки назорат-тафтиш ва суриштирув тадбирлари натижасидан келиб чиқиб, ушбу банк муассасаси мутасаддилари ва уларга ҳамтовоқ бир гуруҳ шахсларни қонуний жавобгарликка тортди.

Айтиш керакки, 1985 йили туғилган ёш мутахассис Абдулла Абдуллаев ва унинг эндигина 30 ёшни қаршилаган ўринбосари Алишер Панаев, бир неча йил муқаддам ишонч билдирилиб, ушбу банк муассасаси раҳбарлигига тайинланганда, умрини шу ишга бағишлаган устозлар, катта авлод вакиллари анъаналарига кўра, зиммасидаги вазифани ҳалол адо этиш ўзлари учун ҳам бурч, ҳам мажбурият, ҳам фарз ва қарз эканини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмади. Аксинча, бир гуруҳ гумашталари «кўмаги»да нисбатан қисқа муддатда қиймати бир миллиард сўмдан зиёд миқдордаги суъиистеъмолликлар, растрата ва талон-торожликларни содир этишди. Аён бўлишича, банк маблағини талон-торож қилишга қаратилган дастлабки тадбирга бевосита бошлиқ муовини А. Панаев бош-қош бўлган. Унинг бу борадаги «ҳожатбарорлиги» боис А. Абдуллаевнинг яқин қариндоши И. Бекчоновга қарашли «Амир¬бек Нурбек» масъулияти чекланган жамиятига, гарчи у лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқармаса-да, «шу йўналишдаги фаолиятини кенгайтириш учун» уч йил муддатга нақд 140 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи жўнгина ажратиб берилган. Банк томонидан ажратилган кредит учун номигагина мавжуд бўлган, буткул яроқсиз ҳолдаги эски ғишт заводи гаровга қўйилган. Буниси ҳали ҳолва. Нега деганда, ажратилган маблағ кредит шартномасида белгиланганидек, лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ускуна ва дастгоҳлар сотиб олиш, бинобарин, бу борада фаолият кўламини кенгайтиришга эмас, балки «Амирбек Нурбек» корхонасининг муқаддам банкдан олган 137,8 миллион сўм миқдоридаги қарзини қоплаш учун йўналтирилганига нима дейсиз?! Албатта, қонун бундай «ғирром ўйин»ларни асло кечирмайди. Алқисса, зикр этилган пул ювиш «ўйини»да салкам 35 йиллик умри мобайнида 4 марта судланишга «улгурган» ҳазорасплик Дилшод Йўлдошевнинг хизмати янада «самарали» бўлди. А. Абдуллаевнинг яқин қариндоши И. Бекчонов бошқараётган корхонага ажратилган мўмай миқдордаги кредит маблағи пировардида лак-бўёқ дастгоҳини сотиб олиш учун Д. Йўлдошев норасмий равишда раҳбарлик қилаётган «Урганч махсус маҳсулот савдо» масъулияти чекланган жамияти ҳисобига ими-жимида ўтказиб берилди.

Таассуфки, корхонага тортиқ қи¬линган ушбу маблағ эвазига дастгоҳ эмас, балки ушбу матоҳ харид қилинганини тасдиқловчи сохта ҳужжатларгина қайтарилди, холос. Кредит пули эса, уқдирилганидек, банк мутасаддиси яқин қариндошининг хусусий корхонаси қарзини қоплашга йўналтирилди.

Буни қоронғуда тил топишган ҳамтовоқларнинг пул ўзлаштириш, ноқонуний равишда мол-дунё орттиришга қаратилган «хурмача қилиғи»дан бир чимдим, десак, ўринли бўлади. Негаки, бу жиноят занжири ниҳоятда узундир.

Жиноий кирдикорларнинг кейинги палласида банк раҳбари А. Абдуллаев ва «Хива Нафис Нур» масъулияти чекланган жамияти мутасаддиси Боғибек Абдушарипов бир-бирининг кўнглига осонгина йўл топишди. Бошқа бир тадбиркор — «Хива Маркс инвест» хусусий корхонаси раҳбари Ш. Мадримовага 100 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилгани икковлон учун айни муддао бўлди. А. Абдуллаев ўзини тадбиркор аёлнинг ишончли ҳомийси ва мададкори сифатида кўрсатганча унинг ҳузурида пайдо бўлди. Унга банкдан олган 100 миллион сўм пулни беистиҳола Б. Абдушарипов бошлиқ корхона ҳисоб рақамига ўтказиб беришни, ушбу маблағ эвазига қурилиш ишларида қўлла-ниладиган «шпаклёвка» маҳсулоти ва уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳ сотиб олишга кўмаклашишни ваъда қилди. Коса остида нимкоса борлигини пайқамаган тадбиркор аёл кимсан, банк раҳбарининг шахсан ўзи ўртага ташлаган таклифни қабул қилиб, кредит маблағини зудлик билан Б. Абдушариповнинг корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб берди.

Бу маблағ тез орада нақ¬дига дўнган кўйи А. Абдуллаевнинг «чап чўнтаги»дан жой олди. «Хива Маркс инвест» хусусий корхонаси раҳбари эса, бир йўла ҳам банкдан қарзга олган катта миқдордаги пули, ҳам ваъда қилинган йирик ҳажмли мол ва қимматбаҳо дастгоҳдан мосуво бўлди. Банк раҳбари ўзининг яқин ҳамтовоғи Б. Абдушариповнинг «камтарин хизмати» ва қоп-қоп ваъдалари эвазига қўлга киритилган пулни эгасига қайтармади. Аксинча, ўзганинг ҳақини ҳазм этишдан ор қилмаган «ёшулли» жиноий фаолиятини яна давом эттиришга киришди. Хусусан, ўзганинг пулини ўмаришга қаратилган нав¬батдаги «тадбир»ни бу гал ҳам А. Панаев билан ҳамкорликда амалга оширди. Тумандаги «Гандимён стандарт савдо» масъулияти чекланган жамияти раиси Ўткирбек Абдолов ушбу хуфя режанинг ишончли ижрочиси мақомида намоён бўлди. Устомонлар бу гал фуқаро Х. Худойберганов номига «Мавлуда-Мубина» хусусий корхонасини ташкил этишди. Сўнгра унинг номидан ариза битиб, банк филиали раҳбаридан 200 миллион сўм миқдорида узоқ муддатли кредит маблағи ажратишни сўрашди. «Ёшулли» ўзи бош бўлиб бошлаган сердаромад ишга йўқ, дермиди?! Ариза зудлик билан қаноатлантирилди. Гаров маслаласини ҳам «ёшулли»нинг ўзи ҳаялламасдан ҳал этди. Қайнотаси Б. Собировга тегишли иморатнинг 3 та хонасини нотурар жой — мулк сифатида қайта рўйхатдан ўтказиб, гаровга қўйди. Ҳақиқий «мўъжиза» ана шундан сўнг рўй берди. Х. Худойбергановнинг «хусусий корхонаси»га темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ажратилган 200 миллион сўмлик кредит маблағи орадан бир неча кун ўтмаёқ Ў. Абдоловнинг «Гандимён стандарт савдо» корхонаси ҳисоб рақамига келиб тушди.

Корхона эгаси ушбу пулнинг 80 миллион сўмини беистиҳола бетон ишлаб чиқариш ускунасини «харид» қилишга сарфлади. Аммо амалда бу маблағ эвазига арзигулик бирон-бир матоҳ харид қилинмади.

Бари сохта ҳужжатлар эвазига амалга оширилди. Устомон тадбиркор бетон ишлаб чиқариш ускунасининг эмас, 100 миллион сўм эвазига нақдлаштирилган 80 миллион сўмнинг соҳибига айланди.

Нақдлаштирилган пулнинг 20 миллиони банк мутасаддилари чўнтагини «семиртиради». Қолган 100 миллион сўмнинг тақдири ҳам шундай бўлди. Нақдига дўнган кўйи бир қисми хусусий корхона эгасининг, қолган қисми эса, икковлон банкирнинг чўнтагига бориб тушди.

Қисқаси, айтаверсак, гап кўп ва бари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳийлаю фириб амалларига бориб тақалаверади. Шу йўсиндаги бошқа бир «тадбир» ҳам ўзининг «жимжимадор» натижасини берди. Ундан наинки банк мутасаддилари, балки «ёшулли»нинг қайнонаси М. Ташимова ҳам наф кўрди. Банк раҳбариятининг ташаббусига биноан аввалига унинг номига «Комила-Бекзод» масъулияти чекланган жамияти таъсис этилди. Пировардида эса, қайнона номидаги бу масъулияти чекланган жамияти, гарчи, чорвачиликка ихтисослашган бўлмаса-да, унинг «ривожи» учун нақд 200 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилди. Маълум бўлишича, қайнона бунча миқдор пулни аслида йўқ соҳанинг тараққиёти учун эмас, балки тумандаги «Шоҳимардон», «Ойбек-Баҳром» фермер хўжаликларидан пул кўчириш йўли билан қорамол харид қилишга йўналтирган. Харид, чиндан ҳам, амалга оширилган. Аммо харид қилинган моллар тез орада яна бозорга чиқарилиб, пуллаб юборилган. Қайнона ва куёв эса, мўмай миқдорда нақд-лаштирилган маблағнинг соҳибига айланишган. Галдаги банк «операцияси» ҳам куёв ва унинг муовини ташаббусига асосан М. Ташимова номидан амалга оширилган.

Қайнона номига «Ласетти» русумли енгил автомашина харид қилиш учун 4 йил муддатга 132 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Ажабланарли жиҳати шундаки, мутасаддилар бу ишни амалдаги қоида, яъни Марказий банк бошқаруви қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида эмас, балки унга хилоф равишда: банк Кенгашининг рухсатини олмаган ҳолда амалга оширишган. М. Ташимова бу пулни чиндан ҳам, «Ласетти» русумли автомашинасини харид қилишга сарфлаган. Афсуски, қинғирликнинг совуқ турқи бу ерда ҳам бўй кўрсатади. Аниқроқ айтганда, мутасаддилар кредит эвазига харид қилинган автоулов гаров объекти саналиши ва қарз узилмай туриб, сотилиши ман этилганини билса-да, ўзлари билганидан қолишмаган. Яъни автомашинани самарқандлик бир харидорга сотиб юборишган. Чўнтакка яна нақд пул «оқиб» кирган. Давлатнинг 132 миллион сўмлик кредит маблағи бу гал ҳам ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Банк муассасаси раҳбари ва «Хива чорва насл» масъулияти чекланган жамия¬ти раиси Султонназир Полиёзов ўртасида амалга оширилган «ҳамкорлик операцияси» якунида эса, давлатимиз томонидан кам даромадли хонадонлар учун ажратилган 102 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган. Бу маблағ расмийлаштирилган қалбаки ҳужжатлар асосида банк раҳбари киссасига тушган.

Кейинчалик ҳам банкнинг устомон раҳбарлари шу тарзда ҳужжатларни сохталаштириб, Н. Қунназарованинг 220 миллион, М. Матёқубовнинг 55,2 миллион, Ш. Жуманиёзовнинг 67,7 миллион, Р. ва К. Тиллаеваларнинг 100 миллион сўмини алдов, фириб, растрата ва ўзлаштиришнинг антиқа усуллари асосида «ҳазм қилиб» юборишган.

Диёнатли инсон ҳеч қачон ҳаром луқмани ҳазм этолмайди, ҳазар қилади, ундан кўра, ҳалол ва фидойи меҳнати билан топилган ризқ-насибани афзал билади.

Зеро, закий аждодларимиз айтганидек, диёнатинг не бўлса, ёзиғинг ҳам шундай бўлади. Демакки, ҳар ким экканини ўради.

«Қишлоққурилишбанк»нинг Хива филиалига уя қуриб олган ҳамтовоқларнинг тақдири ҳам шундай кечди: «эккан»ини «ўришди»…

Тергов идораси томонидан банк филиали раҳбари Абдулла Абдуллаевнинг қилмиши Жиноят кодексининг талон-торожликка оид 167-моддаси 1-2-3-қисмлари турли бандлари, фирибгарликни ифодаловчи 168-модданинг 2-3-4-қисмлари тегишли бандлари, сохта тадбиркорликни назарда тутувчи 179-моддаси, мансаб сохтакорлигидан иборат 209-моддаси 2-қисми бўйича малакаланди.

Гумонланувчи ушбу айбларни қисман тан олди. Сохта тадбиркорлик юзасидан қўйилган айбни эса, тан олмади. Шу боис, суд тергови жараёнида айбланувчининг бу эътирозига аниқлик киритилди. Яъни судланувчи томонидан сохта тадбиркорликка тааллуқли Жиноят кодексининг 179-моддаси талаблари бузилмагани аниқланди. Шу муносабат билан бу айб унинг зиммасидан соқит қилинди. Бундан ташқари суд жараёнида тергов органи томонидан муқаддам эълон қилинган бошқа бир қатор айбларга ҳам аниқлик киритилиб, қонун тақозосига кўра, тегишли тарзда ўзгартирилди. Айни пайтда содир этилган қилмиш моддий ва ижтимоий жиҳатдан бирмунча оғир ва хавфли экани, жиддий ва асоратли оқибатларга олиб келгани, оддий фуқаролар, тадбиркорлик субьектлари бунинг жабрини тортишгани назарда тутилди. Суд судланувчини тегишли муддатга озодликдан, шунингдек, давлат иштирокидаги ташкилот ва корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Шунингдек, ушбу жиноий қилмишларнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳам, жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Ҳеч кимга сир эмас, банк иши аниқлик, назорат ва тафтишни, ажратилган кредитларга нисбатан эса, улардан мақсадли фойдаланишни талаб қилади. Бу фикр юқори турувчи банк соҳаси, маҳаллий ҳокимият идораси, бошқарув ва назорат органлари мутасаддиларига ҳам тегишли. Назаримизда, ушбу бўғинларнинг мазкур банкка нисбатан назорат ва раҳбарлиги сезиларли даражада сустлашган кўринади. Оқибатда давлат муассасаси бўлган банкда содир бўлган жиноий қилмишларга панжа орасидан қарашган.

Башарти, барча воқеликка қонун кўзи билан қарашганида ҳаммаси рисоладагидек кечиши муқаррар эди.

Улуғбек БЕКТУРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят
суди раиси вазифасини бажарувчи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: