ОҚЛОВ ҲУКМИ ВА АЖРИМЛАРИ ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЭНГ ЁРҚИН НАМУНАСИДИР
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида сўнгги 3 йилда 1989 нафар, 2019 йилнинг ўзида эса, 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганини қайд этиб, «Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман» дея таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари нафақат биз судьялар меҳнатининг эътирофи, балки адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариш бўйича зиммамизга юклатилган улкан масъулият ҳамдир.
2019 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан 27 нафар, туман ва шаҳар судлари томонидан эса, 5 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди.
Шу ўринда мисолларга эътибор қаратсак, Марғилон шаҳрида яшовчи Зулфия Исақова машаққатли ва шарафли касб соҳибаси — қонун ҳимоячиси эди. Яъни у 1991 йилдан Тошлоқ тумани, Фарғона шаҳар ва собиқ Й. Охунбобоев (ҳозирги Қўштепа) туман ички ишлар бўлимларида суриштирувчи ва терговчи лавозимида фаолият юритган. 2009 йил декабрь ойининг бошида эса, Риштон тумани ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси вазифасига ўтказилган.
2009 йил декабрь ойида З. Исақова Қўштепа туман ИИБ тергов бўлинмасида иш ҳажми ортиб кетганлиги боис вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли буйруғи билан мазкур туманга хизмат сафарига юборилади.
2010 йил 6 январь куни эса, бўлинма бошлиғининг тегишли кўрсатмасига мувофиқ, терговчи Р. Бойназаров иш юритувида бўлган, Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан фуқаро Иминжон Қаҳҳоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) га нисбатан қўзғатилган жиноят иши З. Исақовага олиб берилади.
Шу ўринда юқоридаги жиноят иши тафсилотларини қисқача келтириб ўтсак. Аниқланишича, И. Қаҳҳоровга нисбатан фуқаро Ёқутхон ўозиеванинг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилган.
Гап шундаки, И. Қаҳҳоров тумандаги 18-умумтаълим мактабида мусиқа фани ўқитувчиси вазифасида фаолият юритган пайтда Ё. Ғозиева ўқийдиган синфга раҳбарлик қилган. Натижада у Ё. Ғозиевани яхши кўриб қолади. Кейинчалик қиз турмушга чиққач, икки кунда ажрашиб, уйига қайтиб келади. Бунга унинг ахлоқсизлиги сабаб бўлади. Куёв томон эса, қудаларга шундай шарт қўяди: тўй ҳаражатлари учун сарфланган 10 000 000 сўмни қайтаришса, келиннинг кийим-кечак, тилла тақинчоқлари ва бошқа буюмларини беришади. Ё. Ғозиеванинг ота-онаси эса, И. Қаҳҳоровни айблаб, қудалар сўраётган 10 000 000 сўмни беришини, шундагина унинг сепини қайтариб олиб, ўзини ҳам тинч қўйишини маълум қилишган.
Аммо И. Қаҳҳоров бу айбловни тан олмаган. Бинобарин, Ё. Ғозиева И. Қаҳҳоровга қонуний чора кўриш ва ундан 10 миллион сўм маблағни ундириб беришни сўраб, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Пировардида И. Қаҳҳоровга нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Албатта, терговни давом эттириш мобайнида З. Исақова И. Қаҳҳоровга Ёқутхон ва Давлатали ўозиевнинг талабини етказган. И. Қаҳҳоров эса, бу маблағни топишга ҳаракат қилишини айтган. Аммо орадан кўп ўтмай у 10 000 000 сўм эмас, 8 000 000 сўм беришини маълум қилган. Д. Ғозиев ҳам бунга рози бўлган. Фақат Д. Ғозиев бу маблағни терговчининг ҳузурида олишини билдирган.
Қисқаси, 2010 йил 23 январь куни И. Қаҳҳоров турмуш ўртоғи билан бирга терговчининг хонасига 8 000 000 сўмни олиб келган.
Бинобарин, З. Исақова жабрланувчига хабар бериш учун қўнғироқ қилган. Ўша дамда телефон гўшагини Д. Ғозиевнинг ўғли кўтарган ва отаси маҳалладаги тўйда эканлигини айтган. Терговчи эса, унга отаси тезроқ туман ИИБга келишини тайинлаган. Сўнг З. Исақова И. Қаҳҳоров ва хотинини хонада қолдириб, тергов бўлинмаси бошлиғи Жуманазар Раҳимовнинг хонасига кирган ва гумонланувчи жабрланувчига нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун пул олиб келганини айтган. Айни шу пайтда хонага МХХ ходимлари кириб, уни гўёки 8 000 000 сўмни И. Қаҳҳоровга жиноят ишини Жиноят кодекснинг 118-моддасига қайта малакалаб, қамоққа олинишини айтиб қўрқитган ҳолда пора тариқасида олганликда айблаб, қўлга олишади. Натижада унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б»-банди билан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2010 йил 5 апрелдаги ҳукмига биноан эса, З. Исақова 3 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Суднинг 2010 йил 5 майдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2013 йил 26 февралдаги ажримига кўра, З. Исақованинг ўталмай қолган 2 йил 6 ой 12 кунлик жазо муддати шу муддатга аҳлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилади.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг 2014 йил 3 июндаги ажримига асосан эса, З. Исақова ўталмай қолган 8 ой 29 кунлик ахлоқ тузатиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2016 йил 30 июндаги ажримига мувофиқ, унинг ҳаракати Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандига қайта малакаланган. Натижада собиқ терговчига 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2011 йил 5 декабрдаги амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод этилган.
Албатта, бундай ноҳақлик ва адолатсизлик З. Исақованинг ҳаётини буткул издан чиқариб юборган, оиласи, яқинлари ва маҳалла-кўй олдида боши эгилиб қолганди.
Бундан ҳам ёмони шундаки, ўша пайтда унинг дардини тинглайдиган одам йўқ эди. Шу боис, унинг адолатни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари самара бермади.
Фақат Президентимиз ташаббуси билан жамиятда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар З. Исақованинг ҳам юрагида умид уйғотди. Унинг мурожаатига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раёсатининг 2019 йил 26 апрелдаги қарори билан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2010 йил 5 майдаги ва Олий суднинг 2016 йил 30 июндаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилди.
Жиноят ишини янгидан апелляция инстанциясида кўриш жараёнида тергов органи ва дастлабки босқич судлари томонидан Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленуми қарорлари талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланди. Хусусан, тезкор тадбир мобайнида диктафонга ёзиб олинган И. Қаҳҳоров ва З. Исақова ўртасидаги суҳбатга эътибор қаратилса, аудиоёзувда терговчининг моддий зарарни қоплаш учун келтирилган 8 000 000 сўмни ўзида сақлай олмаслиги, шу боис, жабрланувчининг манзилини тушунтирса, пулни элтиб беришини айтгани, аммо И. Қаҳҳоров бунга кўнмагач, Д. Ғозиевга қўнғироқ қилиб, пулни олиб кетиши ҳақида хабар бергани аниқ-равшан акс этган. Қолаверса, И. Қаҳҳоров пулни олиб кираётганда туман ИИБ навбатчилик қисми ходимига зарарни қоплаш учун олиб келганини билдирган. Шу боис, З. Исақова пулни жабрланувчига топшириш жараёнида иштирок этиш учун фаррош аёлларни холис сифатида жалб қилган.
Бундан ташқари Д. Ғозиевнинг гувоҳлик беришича, у маҳалладаги тўйда ошпазлик қилаётган пайтда ўғли уйда қолиб кетган телефонини олиб келиб, терговчи аёл туман ИИБга етиб боришини тайинлаганини айтган. Шунга кўра, ота бўлмиш З. Исақовага қўнғироқ қилган. Шунингдек, туман ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Жуманазар Раҳимов З. Исақованинг Д. Ғозиев билан телефонда гаплашганига гувоҳ бўлган. Бундай ҳолатда шахсни пора олиш жиноятини содир этган, деб айблаб бўлмайди.
Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, 463-моддасида эса, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбдор эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши белгиланган. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги ўз ифодасини топган.
Юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига таянган суд жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2010 йил 5 апрелдаги ҳукмини бекор қилди, З. Исақовани айбсиз деб топди ва оқлов ҳукми қабул қилди.
Айни пайтда З. Исақова севган касбига, ўз ишига қайтиш ҳаракатида.
Негаки, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди 2019 йил 18 ноябрда уни ўз ишига тиклаш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Демакки, қаҳрамонимиз қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли ишини яна давом эттиради.
Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида «Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак» деб таъкидлади. Шундай экан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги эзгу ишларимиз бундан кейин ҳам давом этади.
Маҳаматиброҳим ТЎЛАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист