БИРОВГА ТУЗОҚ ҚЎЙГАН УЗОҚҚА БОРМАЙДИ ЁКИ ОТА-ОНА МУЛКИГА ХИЁНАТ ХУСУСИДА

Тузоқ — аждодларимиздан қолган мерос ов қуроли. Ота-боболаримиз ундан ҳалол ризқ-насиба йўли билан тирикчилик қилиш мақсадида фойдаланишган. Ҳа, одамлар бу иборани фақатгина ов қуроли маъносида англашган. Аммо замонлар ўтиб, у бошқача маъно касб этишини эса, ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаган бўлса керак.



Эндиликда «тузоқ» сўзининг маъноси турфа хил. Кимлардир уни амал-мансаб, яна кимлардир пул, мол-дунё, ҳатто ўзгалар мулкига, бош­қа­лар эса, бировларни чалғитиш, йўлдан оздириш учун қў­йилган тузоққа менгзашади. Одамлар ҳозирга келиб, ўзганинг ҳа­лол ҳаққи, пули, молига кўз олайтирувчи, уни турфа усуллар, ҳийлаю найранглар би­лан қўлга киритишни кўзловчи фирибгарларни пулга, бой­ликка тузоқ қўйгучилар, дея таърифлайди.

…Қонун устуворлигини таъминлаш, ўзгаларнинг ризқини ўмаришга қарши қаратилган навбатдаги тадбирларнинг бирида ҳазорасплик Садоқат Авазованинг жиноий қилмишига чек қўйилди.

Ҳаётда ўзига боғлиқ бўл­маган сабабларга кўра, жиноий кирдикорларга аралашиб қолган аёллар ҳам учраб туради. Аммо ўзи бош бўлган ҳол­да жиноий қилмишга қўл урган аёллар ҳам бор экан.

Афсуски, С. Авазова аёл кишига хос бўлмаган ноинсоний қилмишлар йўлини танлади. Сўнг унинг ижросига бел боғлаб киришди. Бу ишни би­ровнинг таъсири, даъвати, кў­магида эмас, балки шахсан ўзи чизган шум режа асосида амалга оширди. У анча вақтдан буён Ҳазораспнинг машҳур буюм бозорида савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланса-да, ўзи машғул бўл­ган тижорат амалининг фарзу қарзларини англай олмади.

Садоқат ғаразли мақсадда Тошкентнинг «Ўрикзор» бозорида савдо қилувчи Ж. Меҳ­­моновни алдаб, чув туширди. Аниқроқ айтганда, Садоқат 2019 йилнинг март ойида Ж. Меҳмоновнинг дўконидан харид қилган 7 миллион 825 минг сўм­лик озиқ-овқат маҳсулотлари пулини эгасига қайтаришни ҳафталар, ойлар мобайнида пайсалга солиб келди. Қатъ­ий­ ва кескин талаб-тортишувлардан сўнггина насия молнинг 7 миллион сўми эгасига қайтди, қолгани яна насиялигича қолди.

Бу жараёнда «оларда кирар жоним, берарда — чиқар жоним» қабилидаги воқеалар рўй берди. Чўнтакка кирган пулнинг қайтиб чиқиши амри маҳол кечди. Кошкийди, бу Садоқат томонидан ишга солинган ҳийла амалнинг интиҳоси бўлса? Йўқ, бундай бўл­мади.

Садоқатнинг катта миқдордаги бойликни тубан йўл билан қўлга киритишга қаратилган ҳаракати анча олдин, аниқроғи, 2018 йил 27 август­да бошланган эди. Сирасини айтганда, Ж. Меҳмоновни чув тушириш йўли билан қўлга киритган маблағ унинг қуюшқондан чиққан кейинги ҳаракати асносида чўнтагига оқиб кирган бойлик олдида арзимас чақага айланиб қолди.

Қисқаси, С. Авазова ўзи ўй­лаб топган «катта ўйин»ни бир муддат муқаддам — 2018 йилнинг август ойида бошлади. Питнак шаҳар К. Отаниёзов кўчасидаги 3/2-уйнинг 9-хонадони, гарчи отаси Г. Авазовга қарашли эканини билса-да, уни А. Хўжаевга 60 миллион сўмга сотиб юборди. Садоқат чўнтакка кирган бу пулни оиланинг эҳтиёжлари учун эмас, балки ўзининг тор шахсий манфаати йўлига сарфлади. Табиийки, ота-она Г. Авазов ва Г. Латиповалар қи­зининг бу «ўйини»дан бехабар қолишмади. Садоқат ота уйини А. Хўжаевга сотгани ва унинг номига янги кадастр ҳужжатлари расмийлаштиришда шахсан ташаббус кўр­сатганини билишса-да, ўзларини билмаган-кўр­маганга олишди. Орадан бир неча ой ўтгач, со­тувчи ва олувчи ўртасида келишмовчилик келиб чиқди. Натижада Садоқат сотилган уйнинг пулини қайтиб беришдан бўлак илож тополмади. Бу воқеадан уйдагилар ҳам хабар топишди. Отанинг тараддуди ана шундан сўнг бошланди. Амалда А. Хўжаевнинг номидаги уйни сотиш нияти борлигини ўзгаларга ҳам маълум қилди.

Харидор ҳам ўзини кўп куттирмади. Фуқаро М. Искандарова Авазовлар хонадони, хусусан, С. Авазова томонидан яна бир марта сотувга қўйилган уйни сотиб олмоқчи бўл­ди. С. Авазова эса, гарчи уйнинг кадастр ҳужжатлари А. Хўжаевга сотилгани боис, эскириб, ҳуқу­қий мақомини йўқотган бўл­са-да, уни янги харидор М. Искандаровага кўрсатишдан ор қилмади. Томонлар сотилажак уйнинг нархини 7 500 АҚШ доллари қийматида баҳолашди. Орадан кўп ўтмай М. Искандарова 4 минг доллар миқдоридаги хориж пулини бўнак тариқасида Садоқатнинг қўлига тутқазди. Ўз нав­батида, Садоқат шунча миқдордаги маб­­лағни олгани тўғ­­рисида тилхат ёзиб берди. Харидор эртаси куни яна 1 500 АҚШ долларини С. Авазовага берди. С. Авазова бу ҳақида яна тилхат ёзиб берди. Уй учун тўланган пуллар миқдори 2019 йилнинг 24 апрелига келиб, жами 6 700 АҚШ долларини ташкил этди. Томонлар яна битимга келишди.

Харидор иморатнинг қолган 800 долларини уй ўз номига расмийлаштирилгач, тў­лай­диган, сотувчи эса, уш­бу муддаони ҳисоб-китоб иши поёнига тўла етганидан сўнг бажо келтирадиган бўл­ди.

…Иттифоқо, 2019 йилнинг 24 апрел куни ота — Г. Авазов хотини Г. Латипова, қизи С. Авазова ва харидор М. Искандарова билан бирга Питнак шаҳар Давлат нотариал идораси томон йўл олишди.

Бу­ни қарангки, йўлда тў­сатдан Садоқатнинг соғлиғи «ёмонлашиб» қолди. У зудлик билан касалхонага бориши зарурлигини айтиб, йўлини ўз­гартирди. Начора, нотариус ҳу­зурида бўладиган олди-сотди расмиятчилигини Садоқатсиз ҳам бемалол амалга оширса бўлади. Садоқатнинг бехосдан «касал» бўлиб қолиши харидор ва сотувчини шаштидан қайтара олмади. Улар ҳаялламай нотариус ҳузурига етиб боришди. Уй савдоси бобидаги ҳақиқий манзара шу ерда намоён бўлди. Давлат нотариуси уй аллақачон сотилгани ва унинг янги эгаси номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганини ётиғи билан тушунтирди. Г. Авазовнинг қў­лидаги уй ҳужжатлари эса, аллақачон эскириб, расмий ҳужжат мақомини йўқотгани, бинобарин, бир неча ойлар муқаддам сотилган уйни М. Искандарованинг номига ўтказиш қонунни қў­пол тарзда бузиш билан баробар эканлигини айтди.

Афсуски, улар изига қайтиб, сотилган уйнинг янги эгаси А. Хўжаевга рўпарў бў­лишди. Чинакам можаро ана шундан сўнг бошланди. Уйни С. Авазовадан сотиб олган фуқаро: «Бошпана меники, уни пулимга сотиб олганман, кадастр ҳужжатлари ҳам менинг номимга расмийлаштирилган» деса, уйни унга пуллаган Садоқат: «Бўл­маган гап, савдо бузилган. Пулини қайтиб берганман, ҳозироқ уйни бўшат», дея ўш­қирди. Можаро чўзилгандан-чўзилди. Тез орада бу можарога тергов органи ҳам аралашди. Ҳе йўқ, бе йўқ С. Авазованинг фириб «тузоғи»­га тушган ва бир неча ойлардан буён 6 700 АҚШ долларини ундан ундириб ололмаётган М. Искандарованинг аризаси бунга асос бўлди.

Қинғирликнинг умри қисқа, деб шунга айтишса, керак-да. Балки шундай бўлмаганида, ҳатто ёруғ осмонда чарақлаб турган ойни ҳам этак билан ёпиш имкони топилган бў­лармиди? Йўқ, элдан, айниқса, қонундан қолар гап йўқ. Ва Питнакнинг ушбу хилват кўчасида рўй берган бу фирибгарлик қилмиши орадан ҳеч қанча вақт ўтмай тегишли ҳуқуқ-тартиботи маҳкамасида акс-садо берди. Тергов органи Ж. Меҳмоновнинг анча миқдор пулини ўзлаштирган ва ота уйини амалдаги қо­нунларни топ­таган ҳолда бир йўла икки нафар ҳаридорга пуллашни кўзлаган С. Авазовани рўй берган жиноий кирдикорнинг асосий айбдори сифатида жавобгарликка торт­ди. Унинг қилмишини Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 3-қисми бўйича малакалади. Аммо қилмишни тавсифлаш борасида айрим хатоларга йўл қўйилган. Хусусан, амалдаги тартиб-таомиллар қонубузарлик ҳолатлари икки тоифа: тугалланган ва тугалланмаган қилмишлардан иборат эканлигини кўрсатади. Суд масаланинг бу жиҳатига синчиклаб разм солди. С. Авазованинг Ж. Меҳмоновга нисбатан содир этган қилмиши тугалланган фириб аломати сифатида тавсифланди. Қолган иккита ҳолат бўйича амалга оширган ноқонуний ҳаракати эса, тугалланмаган ёхуд суиқасд қилинган жиноятлар тоифасидан жой олди. Шу муносабат билан суд унинг ўзга шахсга тегишли 825 минг сўм миқоридаги пулини ўз­лаштиришга қаратилган ҳаракатини Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмига қай­та малакалади. Уй олди-соттиси билан боғлиқ воқеалар эса, тугалланмаган жиноят сифатида эътироф этилди ва кодекснинг қилмишга суиқасд тарзидаги 25,168-моддаси 3-қисми асосида тал­қин қилинди. Айни пайт­да ушбу моддалар бўйича тайинланиши зарур бўл­ган жазо чоралари ҳам эътибор марказидан жой олди.

Судланувчи шахснинг аёллиги, ои­ласи ва икки нафар фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани назарда тутилди. Та­йин­ланиши зарур бўлган жазо чорасини енгиллатиш учун шунинг ўзи кифоя ва суд ҳам шу йўлни танлади. С. Ава­зовага нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо та­йинлашни кўзда тутувчи 57-моддасини қўллаб, уни нисбатан оз муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ўз ҳукмини эъ­лон қилди.

Юқорида зикр этилган қў­ша жиноий ҳолат юзасидан айб­дор саналган шахсга келсак, у наинки жазо, балки ўз қилмишидан унут бўлмас ҳаётий сабоқ ҳам олди. Бироқ унга ва у сингари фириб усталарига чув тушган шахслар-чи? Бу каби ҳолатлар анқовлик, бой берилган ҳушёрлик ёки ғафлатда қолган огоҳликнинг аччиқ «меваси» эмасми?

Фириб амалларига муккасидан кетганларнинг қилмишини ҳадеб ва зўр бериб қоралайвергандан кўра, ўзимиз ва хатти-ҳаракати­миз­га ҳам синч­ковлик билан разм солмоқ ва қарши кураш чораларини қўлламоқнинг самараси каттароқ бўлмасмикан?

Сардорбек Тоғонов,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилояти

судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: