KUN.UZ САЙТИДА 2020 ЙИЛ 6 ФЕВРАЛЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ХАТОЛИК ТУФАЙЛИ УЙИДАН ҲАЙДАЛГАН ФУҚАРО АДОЛАТ ИСТАМОҚДА. УЙНИ ЭСА ОЛИЙ СУД ЎЗИНИКИ ҚИЛИБ ОЛГАН” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2009 йил 20 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалар билан судланган А. Б. га оид жиноят иши бўйича дастлабки терговда хатланган, Р. Камалов номига расмийлаштирилган, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 19-квартал, 32-уй, 48-хонадон А. Б. томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳисобига ўтказилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 26 январдаги ажримига асосан ҳукм ўзгартирилиб, мазкур уй-жой Р. Камаловга қайтарилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 229-модасида, агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида қўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Бироқ кассация инстанцияси суди ушбу хонадон суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилганлигини эътиборга олмаганлиги сабабли, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 20 сентябрдаги ажрими бидан кассация инстанцияси судининг ажрими ўзгартирилиб, Р. Камаловга мазкур хонадонни Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиалининг аукцион савдосида сотилган қиймати 58 000 000 сўм қайтарилиши белгиланган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 57-бандида, мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги суд қарори ёки ваколатли орган қарори бекор қилинганда мол-мулк ёки унинг қиймати қайтарилиши, 59-бандида, агар мол-мулк сотилган ёки қайта ишлашга топширилган бўлса, мол-мулк қийматини қайтариш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағларидан ва давлат органларининг тегишли ҳисоб рақамларидан илгари маблағлар тақсимланган айни бир фоиз нисбатида мол-мулк қийматини тўлаш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб ўн кун муддатда амалга оширилиши белгиланган.
А. Б. га оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб, Р. Камалов ва М. Камалованинг Олий судга ёзган ва Олий суд раисининг сайёр қабулида топширган шикоятлари такроран назорат тартибида ўрганиб чиқилди.
Шикоятда, А. Б. га оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб, уларга тегишли бўлган хонадонни қайтариб беришни сўралган.
Муқаддам шу мазмундаги шикоятлар ўрганилиб, Олий суд раҳбарияти томонидан қаноатлантирилмасдан қолдирилиб, бу ҳақида бир неча маротаба асослантирилган жавоб хатлари юборилган.
Бундан ташқари, такроран назорат тартибида ёзган шикоятлари ўрганиб чиқилиб Олий суд раҳбарияти томонидан назорат тартибида ёзган шикоятларидаги важлар яна бир бор жиноят иши ҳужжатлари асосида қайта текширилиб, Олий суд раҳбарияти томонидан суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб топилганлиги сабабли шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш