ИНТЕРНЕТДАГИ МЕССЕНЖЕР ОРҚАЛИ ТОВЛАМАЧИЛИК ҚИЛГАН «ШОВВОЗ»
Бугунги кунда ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада тараққий этгани, дунёнинг нариги четида содир бўлган воқеадан ўша фурсатда хабардор бўлаётганимиз ҳар биримизни ҳайратга солади. Бу, ўз навбатида, инсоннинг камолотига хизмат қилади. Аммо ана шундай қулайлик ва имкониятлардан ўзининг тор мақсади йўлида фойдаланадиган кимсалар ҳам учраб туради.
Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина йигирма беш ёшга тўлган Холмурод Усмонов билим юртини тугатгач, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга киришди. Ўша пайтда унинг ишбилармонлиги ва ғайрат-шижоатига кўпчиликнинг ҳаваси келарди.
Бироқ…
Аммо у ўзига тегишли савдо дўконида сотувчи бўлиб ишлайдиган Лобар Парпиеванинг телефон рақами орқали унинг интернетдаги «Telegram» мессенжеридаги профилига кириб, жияни Муҳсин Олимов билан ўзаро мулоқот қилиб юрганини ўқиб қолади ва кўнглида ғаразли ният пайдо бўлади.
Аниқроқ айтганда, у «Telegram» мессенжери орқали янги профил очиб, Лобар Парпиева учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни тарқатиб юборишини айтиб, уни қўрқитиб, товламачилик йўли билан 500 АҚШ доллари талаб қилади.
Албатта, Л. Парпиева буни эшитиб, қўрқиб кетади ва Х. Усмоновнинг талабига рози бўлади. Охир-оқибат эса, товламачи Х. Усмонов ушбу ёзувларни ошкор қилмаслик эвазига 3 500 000 сўм олишга розилик билдиради. Л. Парпиева айни шу вазиятда қонуний йўл тутади, яъни у Х. Усмоновнинг хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беради.
Х. Усмонов эса, билим юртида ўзи билан бирга ўқиган Нозим Валиевни алдаб, уни Л. Парпиевадан келишилган пулни олиб келиш учун юборади. Товламачининг ўзи эса, «Telegram» мессенжери орқали Лобар Парпиевага пулни қаерга олиб боришини айтиб туради.
Аммо Х. Усмоновнинг худди ғарб кинофильмларида тасвирлангани каби усталик билан Лобар Парпиевадан пул ундириш жиноий нияти амалга ошмай қолди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан товламачи ушланди.
Ушбу жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва Х. Усмонов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан айбдор деб топилди. Унинг айбига иқрорлиги ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёшлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши, жиноят содир қилганидан кейинги хулқ-атвори, жабрланувчидан кечирим сўрагани, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, биринчи марта унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани ҳамда яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар эътиборга олинди, инсонпарварлик ва одиллик принципларига риоя қилинган ҳолда жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтганда, бу воқеада кишини ўйлантирадиган, ҳатто таажжубга соладиган бир жиҳат бор. Мақоламиз «қаҳрамон»и худди ғарб киноларидаги каби персонажни ҳосил қилади. Демак, у шу йўл билан жиноий кирдикорини беиз йўқотмоқчи бўлган. Йўқса, бундай қалтис «ўйин»га бош қўшмаган бўларди. Ахир, кино бошқа, ҳаёт бошқа. Ҳаётда ҳеч бир қилмиш беиз кетмаслигини, хусусан, ҳар қандай жиноят муқаррар жазога етаклашини ёшларимиз яхши англаб етиши лозим.
Шаҳзод Бахтиёров,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти судининг судьяси
Фикр қолдириш