ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ
2020 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Эътиборлиси, Пленум аъзолари Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи маротаба йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган судьялик мантиясида иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу қарор лойиҳаси судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Шу муносабат билан, судлар суд муҳокамаси ошкоралиги
ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур
шароит яратишлари лозим.
Суд муҳокамаси ошкоралигини, фуқаролар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборотдан хабардорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасига кўра судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Пленумда муҳокама этилган масалалар жуда долзарб ҳамда аҳамиятлидир.
Мазкур Пленум қарорларининг қабул қилиниши судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлашга, таъсирчан жамоатчилик назоратини шакллантиришга ҳамда суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ишларни кўришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган.
Ушбу Пленум қарорлари суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро амалий ҳамкорлигини ўрнатишга, шунингдек, низоларни тўғри ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш