ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТИМИЗДА ҚАНДАЙ АҲАМИЯТГА ЭГА?
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларининг қўллаб-қувватланиши ва уларга берилаётган имтиёзлар натижасида халқимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга юксалиб бормоқда. Албатта, бу соҳадаги натижаларни солиқ тизимидаги ислоҳотларсиз тасаввур қилиш қийин.
Юртимизда ўз тадбиркорлигини ташкил этаман, деган фуқаро ёки миллий иқтисодиётимизга сармоя киритадиган инвестор биринчи навбатда, солиқ имтиёзларига, бу борадаги сиёсатнинг самарадор ва адолатли эканига эътибор қаратади.
Агар давлатнинг солиқ тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаса, тадбиркорлар яширин фаолият юритиш йўлига ўтади.
Афсуски, бу ҳолат уларнинг солиқлардан қочишига олиб келади.
Бунинг оқибатида коррупция ривожланади. Иқтисодиётнинг ривожланишига жиддий путур етади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шарт. Токи фуқароларимиз солиқдан қочмасинлар, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлсинлар.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳамда ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, иқтисодиётга ҳақиқий бозор механизмларини жорий этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоида амалиётга киритилди. Жумладан, солиқ ва йиғим турлари 13 тадан 9 тагача камайтирилди. Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, қайтариш тартиби татбиқ этилди.
Маълумки, кейинги даврда давлатимиз раҳбари томонидан Президент ваколатларининг айримларини парламентга, ижро этувчи ҳокимият ва маҳаллий ҳокимликларга бериш бўйича бир қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимизда Давлат бюджетини Президент қарори билан қабул қилиш амалиётидан воз кечилиб, қонун билан қабул қилиш жорий этилди.
Шундай ташаббуслардан бири Солиқ кодексида ҳам ўз аксини топди.
Яъни бугунги кунга қадар солиқ имтиёзларини бериш фақатгина Президент ваколатида бўлгани ҳолда, эндиликда бундай имтиёзлар Солиқ кодекси билан берилиши белгиланди.
Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди. Солиқ кодексига биноан, солиқ текширувларининг бир нечта тури ўрнатилди.
Хусусан, камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштиришни назарда тутади. Бунинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак.
Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади, холос. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин.
Сайёр солиқ текшируви — солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганишдир. Бундай текширувнинг мақсади — фақат фактларни қайд этишдан иборат.
Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди ва молиявий санкциялар қўлланилмайди.
Солиқ аудити — катта ҳажмдаги айланмаларда юқори даражада хатарга эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганишдир. Бундай аудит солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи ва солиқ тўлаш билан боғлиқ бошқа омиллар мавжуд бўлганда, уларни таҳлил қилиш асосида тегишли солиқ тўловчиларда ўтказилади. Солиқ аудити натижаларига кўра, қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.
Янги таҳрирдаги кодексда солиқ муносабатлари билан боғлиқ нормаларнинг қўлланилиши енгиллаштирилди. Мавжуд айрим зиддиятлар ва тушунмовчиликлар тузатилиб, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоялаш, солиқ назорати шакл ва механизмлари соддалаштирилди.
Шунингдек, солиқ объектлари ва солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш, ушбу муносабатларда инсон омили таъсирини камайтиришни таъминлайдиган ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш каби муҳим масалаларга жиддий эътибор қаратилди.
Бунга бир мисол: солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларини янада камайтириш, шунингдек, қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиқиб, солиқ органлари томонидан киритилаётган молиявий санкцияларни кўзда тутувчи 10 дан ортиқ модда кодексдан чиқариб ташлангани диққатга моликдир.
Мазкур Солиқ кодексини ишлаб чиқишда солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалаларини ҳал этиш вазифаси белгиланган эди. Шунга кўра, кодекс орқали солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторига қаратиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди.
Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш, яъни тўлаш даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.
Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш ва қайтариш механизми жорий этилди. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилди.
Хулоса қилиб айтганда, Солиқ кодексидаги назарий-ҳуқуқий ўзгаришлар, аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини имкон қадар соддалаштиришга қаратилган. Бунда қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга жиддий эътибор берилди.
Умуман, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ тўловчилар учун ижобий янгиликлар кўп. Шу маънода кодекс ижроси тўла таъминланиши иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли реал даромадлари ошиши ва солиқ маъмурчилиги яхшиланишига хизмат қилади.
Шуҳрат Мамадияров,
Қашқадарё вилояти иқтисодий судининг раиси,
Отабек Мирзаев,
Касби туманлараро иқтисодий судининг судьяси
Фикр қолдириш