ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ О. САТТОРОВ ВА БОШҚАЛАРГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТИ
“Ўзметкомбинат” АЖга етказилган моддий зарар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179 (сохта тадбиркорлик), 184 (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 209 (мансаб сохтакорлиги), 227 (ҳужжатлар, штапмлар, муҳрлар, бланкаларни, автомотранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш) ва 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддаларининг тегишли қисм ва бандлари билан айб эълон қилинган ва судга берилган О. Сатторов ва бошқаларга оид 11-1802/55-сонли жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига 2019 йил 14 январь куни келиб тушган.
Жиноят ишини судда кўриш 2019 йил 31 январь кунига тайинланган.
Жиноят ишини судда кўриш шу куни бошланиб, 2019 йил 30 март куни жиноят ишини кўриб чиқиш муддати 2019 йил 31 май кунига қадар узайтирилган.
2019 йил 17 апрель куни Х. Аҳмедов ва Н. Мирвосиловга оид 1-11-1902/22-сонли жиноят иши 11-1802/55-сонли жиноят ишига бирлаштирилган.
2019 йил 27 июнь куни А. Нурмуҳамедовга оид 1-11-1902/34-сонли ҳамда А. Хамракуловга оид 1-11-1909/4-сонли жиноят ишлари 1-11-1802/55-сонли жиноят ишига бирлаштирилган.
2019 йил 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбланган О. Сатторов ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича қайта ҳужжатли тафтиш тайинланган.
Бундан
ташқари, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг иш юритувига Ўзбекистон
Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбланган Б. Аббосовга
оид 1-11-1902/42-сонли жиноят иши 2019 йил
19 июль куни келиб тушган бўлиб, мазкур жиноят ишини судда мазмунан кўриш 2019
йил 5 август кунига тайинланган.
Судья Ю. Илҳомов 2019 йил 2 август куни лавозимидан озод қилинганлиги сабабли, мазкур жиноят иши судья Х. Раҳмоновнинг иш юритувига олиб берилган.
Судья Х. Раҳмоновнинг иш юритувида иш ҳажми кўплиги сабабли, унинг 2019 йил 21 августдаги билдиргисига асосан ушбу жиноят иши вилоят судининг раиси томонидан судья Х. Шермуҳамедовнинг иш юритувига олиб берилган.
Жиноят
ишини судда кўриш, судья Х. Шермуҳамедовнинг 2019 йил
27 августдаги қарорига кўра, 2019 йил 5 сентябрь кунига тайинланган.
Суднинг 2019 йил 5 сентябрдаги ажрими билан О. Сатторов ва бошқаларга оид 11-1802/55-сонли жиноят иши Б. Аббосовга оид 1-11-1902/42-сонли жиноят ишига бирлаштирилган.
Жиноят ишини судда кўриш 2019 йил 5 сентябрь куни бошланиб, 2019 йил 4 ноябрь куни жиноят ишини кўриб чиқиш муддати 2020 йил 5 январь кунига қадар узайтирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ажримига асосан судланувчилар Ж. Халилов, Ф. Жўраев, Х. Аҳмедов, Н. Мирвосилов ва Б. Аббосов ҳамда суднинг 2019 йил 16 сентябрдаги ажримига асосан А. Ҳамроқуловга нисбатан танланган “қамоқа олиш тарзидаги” эҳтиёт чораси “уй қамоғи” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, улар суд залида қамоқдан озод қилинишган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айб эълон қилинган Қ. Мирзажонов ва Г. Абидовага оид 2-65-19-сонли жиноят иши, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига 2019 йил 26 декабрь куни келиб тушган бўлиб, ушбу жиноят иши судья Х. Шермуҳамедовнинг иш юритувига берилган.
Ушбу
жиноят ишини судда кўриш, судья Х. Шермуҳамедовнинг 2019 йил
30 декабрдаги қарорига кўра, 2020 йил 6 январь кунига тайинланган.
Ҳозирги кунда, мазкур жиноят иши юзасидан тарафларнинг розилиги асосида 2020 йил 12 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 448-моддасига асосан суд тергови тамомланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 449-моддасига асосан суд музокарасига ўтилган.
Суд жараёни давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, судланувчиларнинг суд мажлисида баён қилган барча важлари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 54-бобида белгиланган тартибда ҳукм чиқариш вақтида суд ҳайъати томонидан маслаҳатхонада муҳокама этилиб, ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш