ЕТТИ ЙИЛДАН СЎНГ АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ
Ҳаётда ҳар бир инсон ҳалол меҳнати, касбига садоқати ҳамда эзгу ва савоб ишлари билан қадр топади, обрў-эътибор орттиради. Айниқса, ўқитувчи, устоз, деган ном нақадар шарафли, шу билан бирга фақат ва фақат фидойиликни талаб қиладиган касбдир.
Мен ҳам 2002 йилда Фарғона давлат университетининг тарих факультетини тамомлагач, устозларимдек ёш авлод камолоти йўлида фидоийлик билан меҳнат қилишни дилимга туккандим. Шу мақсадда туманимиздаги 49-умумтаълим мактабида ўқитувчилик фаолиятимни бошладим. Кейинчалик, 2004 йилда менинг номзодим мактаб директорлигига лойиқ топилди.
Шундан сўнг таълим-тарбия сифатини янада ошириш, шу орқали мактаб нуфузини юксалтириш борасида педагогик жамоа ва ота-оналар билан бамаслаҳат иш юритдим. Бу меҳнатларим эвазига эса, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси унвонига сазовор бўлдим. Бироқ….
Бироқ 2011 йил декабрь ойида фуқаро Саминжон Маражабовнинг «шарофати» туфайли бошимга жиддий ташвиш тушди. Гап шундаки, С. Маражабов 2005 йилдан 2011 йил октябрь ойига қадар энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ижара ҳақи тўлаш шарти билан мактабимизга қарашли савдо дўконидан фойдаланиб келаётганди.
2011 йил ноябрь ойида эса, унга мактаб тамаддихонаси озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиш учун ижарага берилди.
Тамаддихона дўконга нисбатан анча катта эканлиги ва савдо ҳажми ҳам шунга яраша кўпроқ бўлгани боис ижарачи мактабимизга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида ҳақ тўлаши керак эди.
Бу ҳолат ижара шартномаси ва мактаб педагогик кенгашининг 2011 йил 10 ноябрдаги 2-сонли баённомасида ўз ифодасини топган. Аммо энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида ижара ҳақи тўлаш С. Маражабовга маъқул келмай, у 2011 йил декабрь ойининг бошида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага шикоят қилган. Аммо биз бундан бехабар бўлганмиз.
Буни қарангки, С. Маражабов 2011 йил 15 декабрь куни 500 000 сўм нақд пулни ижара ҳақи ҳисобидан менга берди. Бироқ тегишли идора ходимлари мен бу пулни гўёки пора тариқасида олаётганлигимда айблашди. Негаки, С. Маражабовнинг аризасига биноан тезкор тадбир уюштирилган экан. Оқибатда, менга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б»-банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари тезкор тадбирдан сўнг Молия вазирлигининг Фарғона вилоят назорат тафтиш бошқармаси мутахассислари томонидан мактабимизда текшириш ҳам бошланган. Пировардида, текшириш хулосаси асосида менга Жиноят кодексининг яна бир қатор моддалари билан ҳам айблов эълон қилинди. Натижада жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2012 йил 28 майдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г”-бандлари, 206-моддаси 2-қисми «в»-банди, 209-моддаси 2-қисми «а»-банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57 ва 59-моддалари тартибида 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилдим. Шу боис иш фаолиятимни оддий ўқитувчи сифатида давом эттирдим.
Кейинчалик, яъни 2013 йил август ойида жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди томонидан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) асосида қўшимча равишда тайинланган 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланди ҳамда судланганлик ҳолатим тугалланди. Чунки Жиноят кодексининг 78-моддаси «в»-бандида жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач, шахснинг судланганлик ҳолати тугалланиши белгиланган.
Пировардида 2013 йил 10 октябрда яна мактаб директори лавозимига тайинландим. Энг муҳими, аввалгидек эзгу мақсадим йўлида, яъни педагогик жамоанинг бошини қовуштириб, ёшларни комиллик сари етаклашда давом этдим.
Шуни эътироф этмоқчиманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, шахсни айблашда қонунга зид усулда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланди. Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор такрорлайман: судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик ҳукмрон бўлиши керак» дея таъкидлаган фикрларидан руҳий қувват олиб, ҳимоячим Б. Тиллабоев билан бирга жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига кассация шикоятини бердик.
Кассация суди мажлисида менинг айбсиз эканлигим тўлиқ ўз исботини топди. Бинобарин, суд 2019 йил 24 январдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2012 йил 28 майдаги ҳукмини бекор қилиб, мени оқлади. Яъни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди 7 йилдан сўнг адолатни юзага чиқариб, мен ва оиламнинг шаънини ҳимоя қилди, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, ҳамкасбларим ва ёру дўстларим олдида юзим ёруғ бўлди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганини таъкидлаганида ана шу инсонлар орасида ўзим ҳам борлигим учун жуда тўлқинланиб кетдим. Бинобарин, Президентимиздан беҳад миннатдорман.
Рустамжон ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон туманидаги
49-умумтаълим мактаби директори,
халқ таълими аълочиси
Фикр қолдириш