ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ “СУД МУҲОКАМАСИ ОШКОРАЛИГИНИ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ДОИР АХБОРОТ ОЛИШ ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚАРОРИ (2020 йил 21 февраль, № 04)
Суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи амалга оширилишини, шунингдек, судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:
1. Судларга тушунтирилсинки, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Шу муносабат билан судлар суд муҳокамаси ошкоралиги
ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур
шароит яратишлари лозим.
2. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, суд муҳокамаси ошкоралигини, фуқаролар,
ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органлари
ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборотдан
хабардорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар
тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари
ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари
ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги,
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги,
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги
қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, тегишлича, Ўзбекистон
Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб
юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (бундан буён
матнда ЖПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал
кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб
юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексида (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) белгиланган тартибда амалга
оширилади.
3. Судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди.
4. Суд
муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик,
жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга
хизмат қилиши ва судлов фаолиятига
бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Ўзбекистон
Республикаси Конституциясининг 112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар ва
фақат қонунга бўйсунадилар.
5. Тушунтирилсинки, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас.
Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
6. Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.
Очиқ суд мажлисларини процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар қатнашишини истисно этадиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмайди.
Очиқ суд мажлисида процесс иштирокчиси бўлмаган вояга етмаганлар ҳозир бўлишига фақат тегишли процессуал қонун талабини инобатга олган ҳолда йўл қўйилади.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
7. Иш муҳокамаси тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида
ўтказилишига фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра, йўл қўйилади
(ФПК 12-моддаси иккинчи қисми, ЖПК 19-моддаси биринчи, учинчи, тўртинчи,
бешинчи қисмлари, ИПК 11-моддаси иккинчи қисми,
МСИЮтК 13-моддаси иккинчи қисми).
Иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқаради ва унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши керак.
Иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши лозим.
Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши ҳақида суд мажлиси баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида ҳам кўрсатилади.
8. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.
Иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш ҳақидаги
ажрим эълон қилинганидан сўнг процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий
ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиб,
бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисининг шу қисмига киритилмайди.
Ёпиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга йўл қўйилмайди, бундай мажлисда аудио- ва видеоёзув амалга оширилмайди.
Ёпиқ суд мажлиси ўтказилганда ишни электрон тарзда шакллантиришга йўл қўйилмайди.
9. Агар фуқаролик ишида, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишда давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлса ёки фуқаролик иши ёпиқ суд мажлисида кўрилиши шартлиги қонунда назарда тутилган бўлса, суд фуқаролик ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.
Процесс иштирокчисининг илтимосномасига биноан, суд шахсий ҳаёт дахлсизлигини ёки қонун билан қўриқланадиган маълумотлар сир сақланишини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга ҳақли (ФПК 12-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари, МСИЮтК 13-моддаси иккинчи қисми).
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, суд муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги илтимоснома нафақат ўз шахсий манфаатлари борасида илтимоснома киритаётган шахс ва (ёки) унинг вакили томонидан, балки ФПК 50, 52-моддаларига кўра, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган шахслар (масалан, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органи ва ҳ. к.) томонидан ҳам берилиши мумкин.
10. Жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида ўтказишга ЖПК 19-моддаси биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
11. Давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ишнинг ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилинишига, фақат Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ишда давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
12. Иш тижорат сирини сақлаш мақсадида ёпиқ суд
мажлисида, башарти бундай маълумотга эга бўлган ва тегишли илтимоснома киритган
шахс Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуни
10-моддасига мувофиқ, тижорат сирини муҳофаза қилиш чора-тадбирини кўрган
бўлса, муҳокама қилиниши мумкин.
Иш муҳокамасини тижорат сирини сақлаш учун ёпиқ суд мажлисида ўтказиш масаласини ҳал этишда, судлар Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуни 5-моддасида назарда тутилган маълумотларга нисбатан тижорат сири режими татбиқ этилмаслигини ҳисобга олишлари лозим.
13. Шахснинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига бўлган ҳуқуқини таъминлаш учун иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш масаласини ҳал этишда, судлар бундай маълумотлар хусусияти ва мазмунини, шунингдек, улар ошкор қилиниши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни эътиборга олишлари лозим.
14. Шуни инобатга олиш лозимки, қонунга кўра:
а) очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;
б) очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.
Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.
15. Суд мажлиси боришини қонунда йўл қўйилган кўринишда қайд этишни амалга ошираётган шахслар ҳаракати суд мажлиси тартибига халақит бермаслиги лозим.
Суд мажлисида иштирок этаётган ва унинг боришини қайд этиш ҳуқуқидан фойдаланаётган шахслар томонидан бу ҳуқуқнинг суиистеъмол қилиниши суд мажлиси тартибини бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолда суд айбдор шахсларга нисбатан процессуал қонунда назарда тутилган таъсир чораларини қўллашга ҳақли.
16. Шуни назарда тутиш лозимки, суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим. Шу муносабат билан судлар ушбу ҳужжатлар билан суд биносига кириш жойида танишиш имкониятини таъминлашлари зарур.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига улар Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этган тақдирда киритиладилар.
17. Процессуал қонун талабларига мувофиқ фуқаролик, жиноят, иқтисодий, маъмурий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари, суд муҳокамаси очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилишидан қатъи назар, ошкора эълон қилинади, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жумладан, вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тегишли ёпиқ суд мажлисида кўрилган фуқаролик иши бўйича суд қарори (масалан, фарзандликка олиш ҳақидаги) ошкора эълон қилинмайди.
18. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади ва бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
19. Судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси).
Фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга, жумладан, қуйидагилар киради:
давлат сирларига доир, (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 3, 5-моддалари);
қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);
шифокорлик сирига доир (Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 25-моддаси бешинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси);
қонунга асосан фойдаланиш чекланган бошқа ахборотлар.
Суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас.
Бундай ҳолатда ахборотнинг умумфойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.
20. Фойдаланувчиларга тақдим этилаётган ахборот ўз вақтида берилиши ва қонунда белгиланган муддатда тақдим этилиши лозим.
21. Судлар фаолиятига доир маълумот фойдаланувчиларга уларнинг сўровига асосан, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ҳужжат кўринишидаги мурожаатига асосан тақдим этилиши мумкин.
Умумжаҳон ахборот Интернет тармоғи (бундан буён матнда Интернет тармоғи деб юритилади) орқали судга келиб тушган сўровга, яъни электрон ҳужжат тарзидаги сўровга ёзма сўровларни расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талаблар қўлланилади.
Оғзаки сўров бўйича судлар
фаолиятига доир махсус текширишни
ва излашни талаб этмайдиган ахборот тақдим этилиши мумкин.
Масалан, оғзаки сўровга асосан суд мажлиси вақти ва жойи, иш кўрилиши босқичи ва натижаси ҳақидаги, иш судловга тегишлилиги бўйича юборилганлиги ҳақидаги ахборот берилиши мумкин.
22. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, қонунга кўра, маълумот тақдим этиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш муддати уни рўйхатга олинган кундан бошланади. Сўралган ахборотни ўз вақтида тақдим этиш мақсадида судлар келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олиш ва уларга жавоб бериш юзасидан судда иш юритишни тартибга солувчи ҳужжатларда белгиланган муддатларга риоя этилишини таъминлашлари лозим.
23. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, сўралган маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ва (ёки) судларнинг Интернет тармоғида расмий веб-сайтларида жойлаштирилган бўлса, судлар оммавий ахборот воситасининг номи, санаси ва чиқиш рақами ҳамда (ёки) расмий веб-сайтнинг сўралган маълумот жойлаштирилган саҳифасини кўрсатиш билан чекланишга ҳақли.
24. Фойдаланувчиларни архив фондларида сақланаётган судлар фаолиятига доир ахборот билан танишиши архив ишига оид қонун ҳужжатлари ҳамда унга мувофиқ қабул қилинаётган бошқа ҳужжатлар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
25. Судлар фаолиятига доир ахборот оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тарқатилади.
Судлар фаолиятига доир Интернет тармоғида жойлаштирилиши
шарт бўлган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни 5-моддасида келтирилган
рўйхатдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим.
26. Судларнинг эътибори шунга
қаратилсинки, судларнинг расмий
веб-сайтларида суд қарорлари матнларини жойлаштириш ФПК 12-моддаси еттинчи
қисми, ЖПК 19-моддаси ўн биринчи қисми, ИПК 11-моддаси олтинчи қисми
талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
Суд қарорлари матнидан давлат сирлари ёки бошқа қонун билан қўриқланадиган сирга доир маълумотлар чиқарилиши лозим. Қонуний кучга кирган суд қарорлари матни суднинг расмий веб-сайтида эгасизлаштирилган ҳолда ёки процесс иштирокчилари розилиги билан тўлиқ эълон қилиниши мумкин. Қонунга мувофиқ эълон қилиниши талаб этиладиган (масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги), суд қарорлари матнлари судлар расмий веб-сайтларида тўлиқ ҳажмда жойлаштирилади.
27. Фойдаланувчиларни судлар иши тўғрисидаги кундалик ахборот билан таништириш учун суд биноларида маълумотлар пештахтаси ва (ёки) шундай вазифа бажарадиган техник воситалар ўрнатилиши лозим бўлиб, уларда қуйидаги маълумотлар берилади:
суднинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида (уларнинг рўйхати);
суднинг иш тартиби, ишонч телефони рақамлари тўғрисида;
аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш тартиби тўғрисида;
ўтказиладиган суд мажлислари, шу жумладан, очиқ суд мажлислари тўғрисида;
суднинг фаолияти тўғрисидаги ахборот бериш тартиби тўғрисида.
Ахборот пештахталари ташриф буюрган шахсларга қулай жойларда ўрнатилган бўлиши лозим.
Ўтказиладиган очиқ суд мажлислари ҳақидаги хабарлар тегишли суднинг расмий веб-сайтида ҳам эълон қилиниши лозим.
28. Судларда уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишни таъминловчи қонунга зид бўлмаган ва судьялар мустақиллиги принципини бузмайдиган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин (хусусан, фуқароларни, жамоатчилик вакилларини қабул қилиш, брифинг, интервью, матбуот конференцияларини ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли олдида чиқишлар қилиш, пресс-релизлар тарқатиш ва ҳ. к.).
29. Жамоатчилик билан доимий алоқада бўлишни таъминлаш мақсадида судларнинг расмий вакиллари оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.
30. Жамоатчиликни судлар фаолияти тўғрисида хабардор этиш мақсадида вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари:
йилда камида бир марта фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳолати юзасидан тегишли давлат вакиллик органига маълумот тақдим этишлари;
ойида камида бир марта судьяларнинг жойларда аҳоли билан учрашувларини ташкил этишлари лозим.
31. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар раислари ҳар чоракда ишларнинг тегишлича назорат, апелляция ва кассация тартибида кўрилиши юзасидан ҳар чоракда суд обзорларини чоп этилишини таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси К. Комилов
Пленум котиби,
Олий суд судьяси И. Алимов
Фикр қолдириш