ХИЁНАТ
Хоразм вилоятида нопок қилмишлари билан журналистлар ҳақига хиёнат қилган бир гуруҳ шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Жиноятга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Аслида «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниясининг Хоразмдаги шўъба корхонасида рўй берган давомли жиноий қилмишлар ҳақидаги гап-сўзлар ўтган йили бутун воҳага ёйилди. Бу гап-сўзлар ҳали поёнига етмай туриб, айнан шундай суиистеъмолликлар ушбу компаниянинг Хонқа ва Хива тумани филиалларида ҳам рўй бергани аниқланди. Чиндан ҳам, элдан қолар гап йўқ. Анча вақтдан буён кўп сонли қаламкашлар, таҳририятларнинг эътирози, норозилигига сабаб бўлиб келаётган ушбу овозалар тез орада тегишли ҳуқуқ тартиботи ва қонун назорати идораларида ҳам акс-садо берди. Шундан сўнг ўтказилган тергов-тафтиш, суд жараёнларида таҳририятларга жуда катта миқдорда иқтисодий зиён етказилгани, умуммулк талон-торож этилгани маълум бўлди.
Хусусан, шўъба корхонасининг Хива филиалида рўй берган суиистеъмолликлар, аслида, вилоят марказида юзага келган жиноят занжирининг бир ҳалқаси, холос.
Эллик ёшни қоралаган Муборак Абдуллаева ана шу филиалга 2016-2018 йиллар давомида раҳбарлик қилди, бухгалтерлик вазифасини ҳам ўзи бажарди. Бунда ушбу филиал раҳбарининг «ҳиммати, хизмати» ўзгача бўлди. У таҳририятлар, шунингдек, филиалга тегишли пул маблағини бегонага эмас, балки ўзи ва яқинларига «тортиқ» этишга чунонам берилдики, натижада 2017 йилнинг 23 октябрида 50 миллион, ўша йилнинг 1 ноябрида 48 миллион, орадан бир ҳафта ўтгач, яна 45 миллион, жами 143 миллион сўм миқдоридаги маблағни ўзи раҳбарлик қилаётган яна бир корхона — «Бахт Шоҳида» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб-рақамига ўтказиб юборди. Аслида моддий ёрдам тариқасида ўтказилган бу маблағ қоидага кўра, қарз ҳисобланади ва қарз муайян вақт ўтгач, эгасига қайтарилиши шарт. Афсуски, М. Абдуллаеванинг бир чўнтагидан иккинчи чўнтагига оқиб ўтган бу маблағнинг атиги 44 миллиони тергов-тафтиш ишлари бошлангунига қадар ортга қайтди.
Қолган салкам 99 миллиони эса, дом-дараксиз кетгани йўқ, аксинча, М. Абдуллаева бошқараётган «Бахт Шоҳида» масъулияти чекланган жамиятининг банкдан олган кредит қарзини қоплашга йўналтирилди…
М. Абдуллаева томонидан содир этилган қинғирликнинг бошқа бир «антиқа» усули филиалга тегишли жорий корпоратив карточкасини қўллаш асносида «кашф» қилинди. Филиал раҳбари амалдаги низом талабларини қўпол тарзда бузган ҳолда мавжуд 2 та корпоратив карточка ёрдамида 2017 йили 52,7 миллион, 2018 йил давомида эса, 10,6 миллион сўм миқдоридаги пулларни турли идора ва ташкилотларга ўтказиб юборди. Филиалнинг маблағини бошқалар тасарруфига бериш жараёнида яна бир жиноий қилмиш содир этилди. Аниқроқ айтганда, М. Абдуллаева белгиланган тартибга риоя этмаган, таъсисчи — юқори турувчи органнинг ёзма розилигини олмаган ҳолда пул маблағларини тегишли ташкилотларга ўтказиб берган. Суд ва тергов жараёнида корпоратив карточкалар орқали ўзга шахсларга бериб юборилган пулнинг атиги 10,6 миллион сўми филиалга қайтарилгани, бу пул эвазига эса, ташкилот тасарруфидаги автомашинага табиий газ ёнилғиси ва эҳтиёт қисмлар олингани маълум бўлди. Филиал раҳбари тергов жараёнидаги кўрсатмасида, аввалига шу пайтга қадар китоб савдосининг сиртидан ўтмаган «Қўшкўпир шароб савдо» корхонасидан салкам 14 миллион сўм эвазига турли хил адабиётларни сотиб олганини билдирган бўлса, судда эса, сўзидан тониб, ушбу китобларни Ҳазорасп бозоридан харид қилганини таъкидлади. Энг ажабланарлиси, у бу ҳаракатлари қонунга зид эмаслигини уқдиришга уринди, айбига иқрорлик, қилмишига пушаймонлик билдирмади, етказилган зарарни қоплашга ҳам ҳаракат қилмади. Ўзга субъектларга ўтказилган пул маблағлари — нақд ҳолида қайтарилмагани, унинг эвазига натура тарзида мол ва маҳсулотлар етказиб берилгани, буни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни шўъба корхонаси раҳбари О. Қурбоновга топширгани, лекин у буларнинг барини йўқотиб юборганини баён этиш билан чекланди.
Аммо М. Абдуллаева бу ҳолатда ҳам ноҳақ. Башарти, ўтказилган пул маблағлари эгасига нақд эмас, балки мол ва маҳсулот шаклида қайтарилар экан, бу ҳолат тегишли шартнома ҳужжатларида аксини топиши, қаздорликка оид маълумотлар эса, ҳисоботларда қайд қилиниши керак. Аслида манзара бошқача. Расмийлаштирилган ҳужжатлар, шартномалар, зиммага олинган мажбуриятларда масаланинг бу жиҳати очиқ қолдирилган. Мадомики, моддий ёрдам шаклидаги маблағлар мол ва маҳсулот шаклида корхонага қайтарилар экан, бу ҳолат ишончнома аталмиш расмий ҳужжат орқали амалга оширилиши ва у кирим дафтарига албатта, қайд этилиши зарур. Амалда эса, зиммадаги мажбуриятнинг бу жиҳати ҳам назардан четда қолган. Филиал раҳбари кўрсатилган моддий ёрдам натура тарзида қайтариб олинганини тасдиқловчи ишончнома ва кирим ёзувлари мавжудлигини исботлай олмади.
Суд М. Абдуллаеванинг хатти-ҳаракатини ўзини масъуллик ва жавобгарликдан халос этишга қаратилган уриниш сифатида баҳолади. Шу алфозда аниқланишича, филиал раҳбари жиноий қилмишдан ўзини четга олмаган. Аксинча, қонун талабларини бузишга қаратилган қилмишини давом эттираверган. Оқибатда эса, вилоятда бўй кўрсатган жиноят занжирида янгидан-янги ҳалқалар вужудга келган. Бунинг жабрини эса, кўпинча босма нашрлар ва унда тер тўкиб ижод қилаётган журналистлар тортишган.
Айтиш керакки, М. Абдуллаева корхонага раҳбарлик қилган 2016-2018 йиллар оралиғида жами 940 миллион сўмлик обуна тадбирлари амалга оширилган, шу юзасидан тегишли ҳужжатлар: обуна варақалари расмийлаштирилган. Таҳририятлар эса, нашр билан боғлиқ харажатларни қоплайдиган миқдорда улуш олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Гал ушбу мажбуриятни адо этишга келганида, филиал раҳбари ўзининг билганидан қолмаган. Яъни обунадан тушган жами 337,3 миллион сўмлик маблағ бўйича тегишли таҳририят ва матбаа корхоналарига буюртмалар берилмаган.
Натижада ижодий ва матбаачилик фаолияти билан шуғулланувчи жамоалар ана шу ҳажмдаги сармоядан маҳрум бўлган, кўп сонли обуначилар ҳақига ҳам шу миқдорда хиёнат қилинган. Юз, ҳатто мингларча киши пулини тўлаб, ўзи обуна бўлган нашрларни ўқиш, ундан баҳра олиш, билими ва дунёқарашини бойитиш имконидан мосуво бўлиб қолган.
«Матбуот тарқатувчи»нинг вилоятдаги шўьба корхонаси мутахассиси С. Йўлдошеванинг гувоҳлик кўрсатмасида уқдирилишича, шўъба корхонасининг Хива филиали мутасаддисининг шу қабилдаги машъум қилмиши боис, чиндан ҳам, 337,3 миллион сўмлик газета ва журналлар қонуний эгалари қўлига етиб бормаган.
Филиалда чалкаш ва бири-бирига зид мазмунда битилган ҳужжатлар, чунончи, молиявий ёрдам кўрсатилганини бир қарашда инкор этувчи битиклар ҳам мавжуд. Шу ҳақидаги шартномалар остига М. Абдуллаева томонидан жимжимадор тарзда «Молиявий ёрдамдан воз кечди» жумласининг битилгани бу борадаги ғаройиб «ўйин»ларнинг бири ва дўппи «тор келгани» боис «кашф» этилган ажабтовур «ихтиро», десак янгилишмаймиз. «Дўппи тор келган» чоғ «Қўшкўпир шароб савдо» корхонасидан турли хил китоблар харид қилинганига оид бошқа бир ҳангома юзага қалқиб чиққани ҳам ўзингизга аён. Ҳақиқатан ҳам, ажабланарли ҳол: наҳотки, шароб ва спиртли ичимликлар бозорида фаолият юритувчи идора китоб савдоси билан ҳам шуғулланса?! Йўқ, бундай эмас. Бу ташкилотнинг китоб савдосига мутлақо дахли йўқ. Судда гувоҳлик берган ушбу корхона бош ҳисобчиси Ҳ. Сатторов буни очиқ-ойдин тушунтирди.
«Шароб савдо» фақат алкоголли ичимликлар савдосини амалга ошириб келаётгани, китоб ёки идора ёзув-чизув моллари билан аввал ҳам, ҳозир ҳам шуғулланмаслигини алоҳида таъкидлади.
Хуллас, айтаверса гап кўп. «Матбуот тарқатувчи»нинг Хивадаги филиали раҳбари томонидан корпоратив карталардан жами 52,6 миллион сўмни ювиб олиш, корхонанинг 98 миллион сўм пулини «молиявий ёрдам» ниқоби остида асоссиз равишда ўз хусусий корхонасига инъом этиш йўли билан талон-торож қилинган 151,5 миллион сўм (аппеляция босқич суди бу миқдорни анча камайтириб, 131,5 миллион сўм қилиб белгилади) миқдоридаги пуллар ҳали қопланганича йўқ. Туман «Матбуот тарқатувчи» корхонасини салкам 3 йил мобайнида бошқарган собиқ раҳбар эса, ўзини ушбу камомадда мутлақо айбсиз санайди. Ҳатто юқорида ҳукмингизга ҳавола этилган ва рад қилишнинг иложи бўлмаган далил-исботларга ҳам инонмайди.
Шу билан бирга, корхонада рўй берган машъум ўпирилиш учун ким жавобгарлигини ҳам изоҳлаб беролмайди.
Суд шу сингари ҳолатларни синчиклаб ўрганар экан, корпоратив карталар орқали қонунга мутлақо зид ҳолда ечиб олинган 52,6 миллион сўм пулнинг тўлови учун корхонанинг собиқ раҳбари М. Абдуллаева, «молиявий ёрдам» ниқоби остида «Бахт Шоҳида» масъулияти чекланган жамияти ихтиёрига ўтиб кетган салкам 99 милллион сўм маблағ учун эса, мулкий мақомини янгисига ўзгартирган ҳолда фаолият кўрсатаётган ва меросхўр субъект сифатида эътироф қилинган оилавий корхона ва унинг раҳбари, айбланувчининг ўғли У. Отажонов жавобгар, деган хулосага келди.
Етказилган жами 131,5 миллион сўмлик молиявий зиённи қоплаш мажбурияти уларнинг зиммасига юклатилди. Айбланувчи сифатида судга жалб қилинган М. Абдуллаеванинг давомли қилмишлари эса, Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга оид 167-моддаси 2-қисми «а», «б» ва «г» бандлари, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилишга доир 209-модданинг 1-қисми ҳамда 205-модданинг 2-қисми «а» бандига биноан малакаланди. Судланувчи тегишли муддатга давлат иштирокидаги идораларда мансаб ва моддий жавобгарликка дахлдор вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда бир неча йил мобайнида озодликни чеклаш жазосини ўтайдиган бўлди.
Ўзганинг ҳалол ризқ-насибасига кўз олайтириш, уни талон-торож қилиш, фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришга қаратилган қилмишлардан, одатда, бир-икки ёки саноқлигина киши жабр тортади. Бироқ ҳукмингизга ҳавола этилгани каби хатти-ҳаракатлар бир-икки ёхуд 5-10 эмас, балки юзларча ҳалол, фидойи, меҳнатсевар ва заҳматкаш инсонлар — қалам аҳллари ҳаёти, турмуш тарзи, иш маромига салбий таъсир ўтказиши турган гап. Матбуот — дахлсиз даргоҳ. У юқорида баён этилгани каби нопок кимсаларнинг ўргимчак уяси эмас, аксинча, мамлакат истиқболи, халқ, давлат ва жамият манфаатларини собит туриб ҳимоя қиладиган пок маскан сувратида намоён бўлмоғи, кўп сонли обуначилар, ўқувчи-мухлислар, кенг жамоатчилик эса, юртимизда чоп этилаётган нашрларни расмийлаштириш, ўз эгаларига тарқатиш учун масъул бўлган идора ва ташкилотлар фаолиятига нисбатан талабчанликни, назорат ишларини кескин кучайтиришлари зарур. Хато ва қусурлар, ножўя, ножоиз хатти-ҳаракатлар олдидаги лоқайдлик, бепарволик иллатнинг ярага дўниши, газак олиши омили эканлигини эътибордан соқит этмаслик даркор.
Маҳмуджон Маҳмудов,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси
Фикр қолдириш