ЗАЛОЛАТ ИНСОННИ ҚАБИҲЛИККА ЕТАКЛАЙДИ
Муҳаббат инсоннинг кўзини кўр қилиб қўяди, дейишади. Шунданми, аксарият ёшлар бир-бирининг қусурларини ҳар доим ҳам илғашавермайди.
Заҳро (исм-шарифлар ўзгартирилган) Санжарга кўнгил қўйганди.
Санжар эса… яхшиси, воқеани ўқиб, бу ҳақда ўзингиз хулоса чиқаринг.
Бугун Заҳро уйқудан босинқираб уйғонди. Ўрнидан тургач, юз-қўлини ювди-да, нонуштага ўтирди. У кўрган тушини эслар экан, илоҳим, яхшиликка бўлсин, дея ўзига таскин бериб қўйди.
Аммо кўнглидаги ғашлик бари бир тарқалмади. Шу кун у кечга яқин Санжар билан учрашиши керак. Буёғини сўрасангиз, улар бир ой муқаддам жанжаллашиб қолишган, бугун эса, Санжар унга қўнғироқ қилиб, гапи борлигини, агар келмаса, оқибати ёмон бўлишини айтганди.
Дунёнинг ишлари қизиқ, одам боласи эртага нима бўлишини билмайди. Агар Заҳро ўша куни Санжарнинг ёнига бормаганида, балки бошига бу кулфатлар тушмасдими? Аксинча, Санжар айтганидек, «оқибати ёмон» эмас, ҳаммаси жой-жойида бўлармиди?
Бироқ Заҳро Санжарнинг дўқ-пўписасидан қўрқиб, учрашувга розилик берди. Ўзига қолганида-ку икки дунёдаям унинг гапига кирмасди.
Чунки Санжар уни қаттиқ ранжитган, қўпол муносабатда бўлиб, сўнгги пайтларда уриб, ҳақоратлайдиган одат чиқарган эди.
Санжар Заҳрони доимо учрашадиган жойда кутиб олди.
— Салом Заҳро, яхшимисан?
— Нега чақирдингиз? Сиз билан гаплашадиган гапим йўқ!
Бундай қатъият ва журъатни кутмаган Санжар дўсти Ҳалимнинг ёнида довдираб нима дейишини билмай қолди. Кейин ўзини пича тутиб олди-да, Заҳрога заҳрини соча бошлади. Улар жанжаллашиб кетишди. Ҳалим уларни тинчлантиришга уринди, аммо бундан бирон-бир натижа чиқмади. Азбаройи қутуриб кетган Санжар Заҳронинг бошига уч-тўрт маротаба мушти билан урди. Оқибатда Заҳро мушт зарбидан ҳушини йўқотди.
— Ҳалим тез машинани юрғиз, — дея бақирди Санжар.
Автомашинани ўт олдирган Ҳалим Санжарга шошилинч юзланди:
— Ҳайдасангчи!
— Қаерга ҳайдай, — деб сўради бутунлай эсанкираб қолган Ҳалим.
— Хоҳлаган томонга.
Ҳалим эса, довдирай-довдирай автомашинани шаҳар четидаги кимсасиз дала ҳовлилардан бири томонга ҳайдади. Автомашина тўхтагач, Санжар Заҳрони кўтариб дала ҳовлининг хоналаридан бирига олиб кирди-да, унинг номусини топтади, сўнг эса, суратга туширди. Заҳро жон-жаҳди билан қанчалик қаршилик кўрсатмасин, барибир Санжарнинг чангалидан қутула олмади.
Охир-оқибат эса, у Санжарнинг қўлидан қандай чиқиб кетгани ва уйига қандай алфозда етиб олганини ўзи ҳам билмайди. Уйига етиб келгач, қўрқа-пўса ётоғига кирди-да, ўзини тўшакка ташлади. Бироқ ота-онасига рўй берган воқеа ҳақида айтишга журъати етмади.
Ўша дамда у ўзини шаъни, қадр-қиммати ва ор-номуси таҳқирланганидан ўта бахтсиз ҳис этар, юраги нафрату аламга тўлиб-тошган, кўзига дунё қоп-қоронғи кўринарди.
Орадан, чамаси, икки ойлар ўтди. Буни қарангки, Санжар қабиҳ қилмишидан уялиш, афсус-надомат чекиш ўрнига баттар тубан йўлга ўтиб олди. Кунлардан бирида улар кўчада тасодифан яна учрашиб қолишди. Заҳро ундан қочишга уринди. Бироқ Санжарнинг икки оғиз сўзидан сўнг Заҳро бирдан бўшашиб, ўзини йўқотиб қўйди.
— Нима деяпсан аблаҳ, шунчаси каммиди, мени тириклай кўмасан-ку?! — деди у алам билан.
Санжар эса, ҳеч нарса бўлмагандек, совуқ иршайиб турарди.
Заҳронинг кутилмаганда бундай ҳолатга тушишига ўша, беҳаё суратлар сабаб бўлганди. Санжар уни Заҳрога кўрсатиб, «Агар айтганимни қилмасанг, бу суратларни бозорга плакат қилиб ёпиштириб чиқаман», дея таҳдид қилганди.
Шундан сўнг Заҳро итоаткор қиёфада зўрға пичирлади:
— Мендан нима истайсан?!..
— Ҳозир уйингдан икки миллион сўм олиб чиқасан, — деди Санжар.
Буткул чорасиз қолган Заҳро пулни олиб келиб, унинг қўлига тутқазди. Бироқ бу билан Санжарнинг қутурган нафси тинчимади.
Аксинча, у Заҳрога ҳар ойнинг охирида бир ярим миллион сўмдан бериб турасан, дея шарт қўйди. Заҳро буни эшитиб, ҳўнграб йиғлаб юборди ва Санжарга ялиниб-ёлворишга тушди:
— Ахир, мен бунча пулни қаердан оламан?!
— Бўпти, мен розиман, фақат эртага суратларинг бозорда пайдо бўлади, — деди Санжар сурбетларча.
Заҳро иложсиз қолди.
Шу тариқа Заҳро Санжарга ойига бир миллион сўм бериб турадиган бўлди. Энг ёмони, ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган Санжар ўзи камлик қилгандек, бу разолатга хотинини ҳам аралаштирди.
Кунларнинг бирида Санжарнинг хотини Салима Заҳрога телефон қилиб, 200 АҚШ доллари зарурлигини айтди. Заҳро бунча пулни топишнинг имкони йўқ эканини айтганида, у қулоғидаги зирагини сотишни маслаҳат берди. Яна дағдаға, қўрқитиш ва таҳдид исканжасида қолган Заҳро зирагини сотишга мажбур бўлди.
Таажжубланарли томони шундаки, бундай қабиҳлик кам эмас, кўп эмас, роппа-роса уч йил давом этди. Санжар ва унинг хотини Заҳронинг бор-йўғини сўриб олди. Заҳронинг топган пули, йиққан бисоти нафс бандалари Санжар ва унинг хотинининг чўнтагига оқиб кираверди.
Заҳро бошига тушган бу кулфатни ота-онасига билдирмасликка уринарди. Аммо унинг беўхшов хатти-ҳаракати, доимо қўрқув ичида юришини кўриб, оила-аъзолари ҳушёр тортишди.
Бунинг устига бир кун Санжар яна Заҳрога қўнғироқ қилганида, телефонни унинг опаси Зуҳра олди. Санжар уни Заҳро деб ўйлади, шекилли, масхаралаб, устидан кула бошлади. Табиийки, унинг гапларига Зуҳра чидаб туролмай қарғашга тушди. Санжар эса, бунга жавобан яна суратлар ҳақида гапирди ва гўшакни қўйиб қўйди. Зуҳра нима гап эканини англолмай буткул довдираб қолди ва Заҳрони қистовга олди. Заҳро эса, ҳаммасини опасига айтишга мажбур бўлди.
Шундан сўнг улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилишди.
Шу тариқа эр-хотин Санжар ва Салиманинг қилмиши тўлиқ ошкор бўлди.
Суд ҳукми ўқилди. Санжар Усмонов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланиб, панжара ортидан жой олди. Салиманинг эса, аёллиги ва вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Санжар ва Салиманинг соддадил Заҳрога ўтказган зулм ва зўравонликлари барчамиз учун сабоқ бўлиши даркор.
Исматулла МАМАНОВ,
Тошкент вилояти маъмурий судининг судьяси
Фикр қолдириш