ЯКУНИГА ЕТМАГАН БОСҚИНЧИЛИК

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида фикр юритганда уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни жиддий назорат қилиш лозимлигини бот-бот такрорлайди. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, ўз номи билан айтганда, уюшмаган — ҳеч қаерда ўқимайдиган ёки иш­ламайдиган ёшларнинг жиноят кўчасига қадам қўйиш эҳтимоли юқори. Чунки уларни алдаш, мўмай даромад ёхуд бошқа турдаги манфаатдорлик эвазига қинғир йўлга оғдириб олиш унчалик қийин эмас.

Афсуски, Сирғали туманида яшовчи, ҳали ўттизнинг ҳам остонасига етмаган Бекзод Рус­тамов ва Азиз Ҳаитовлар ҳам эътиборсизлик, назоратсизлик, қолаверса, лоқайдлик туфайли ўта оғир жиноят — босқинчиликка қўл уришди.

Аввало, таклиф ва «ташаббус» Бекзоддан чиқди: Сир­ғали тумани, 4-мавзе, 16-уйнинг 64-хонадонида яшовчи бу йигит ўзининг қўшниси — шу уйнинг 9-хонадони соҳибларининг ўзига тўқ, бадавлат эканлигини яхши биларди. Шу боис у Азизга ўша хонадонда катта миқдорда пул борлигига шаъма қилади:

— Эрталаб соат тўққизларда кирсак, эри ишга кетган бўлади. Уйда хотинининг ёл­ғиз ўзи қолади, — деб қизиқтиради у.

Атиги тўрт йил муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган А. Ҳаитов эса, бунга тезда кўна қолди. Чунки таниш-билишларидан 1 000 АҚШ доллари миқдорида қарзи бўлган Азизга пул жуда зарур эди. Шунинг учун 2019 йил 12 сентябрь куни эрталаб соат тўқ­қизларда икковлон ўша мавзеда жойлашган 104-умумтаълим мактаби олдида учрашиб, яна бир карра маслаҳатни «пишитиб» олишади.

Гап шундаки, улар мўлжалланган 9-хонадон 3-қаватда жойлашганди.

Бинобарин, Бекзод йўлакдан юқо­ри қаватга чиқишдан олдин юзига қора рангли тиббиёт ниқобини тақиб, бошига шапка кийиб олади.

Шунингдек, электрошокер билан ҳам қуролланади. Азиз Ҳаитов эса, шапка киядию, аммо юзига ниқоб тақмайди. Шу тариқа 3-қаватга кўтарилишгач, эшикни Б. Рустамов тақиллатади.

— Ким? — ичкаридан аёл кишининг овози эшитилади.

— Келинойи, ман қўшнингизман, калитни олиб қолинг, — деб алдайди у.

Бунга ишонган хонадон соҳибаси Шоира Умурзоқова эса, ҳеч иккиланмай эшикни очади. Шунда Бекзод тезкорлик билан унга ташланади. Кутилмаган ҳужумдан эсанкираб қолган аёл гурс этиб йиқилади. Унинг шовқин солмаслигини таъминлаш учун Азиз ушлаб туради. Б. Рустамов эса, қўллари билан аёлнинг оғзини ёпиб, электрошокерни белига босади. Бундан қўрқиб кетган ожиза жон ҳолатда бақириб юборади. Шу маҳал хотинининг бақирганини эшитиб, ичкаридан хўжайини Толибжон Оққулов югуриб чиқиб, қарасаки, нотаниш кимса хотинини ерга босиб турибди. Шунинг учун у Бекзоднинг бошига зарб билан бир тепади. Натижада йигитнинг бошидаги шапка учиб кетади. Шундан сўнг босқинчи Ш. Умурзоқовани қўйиб юбориб, электрошокерни Т. Оққуловга босмоқчи бўлади. Бироқ Толибжон эпчиллик билан унинг қўлига ҳам тепади.

Пировардида электрошокер ҳам ичкарига учиб тушади. Бундай фаол қаршиликни кутмаган жиноятчилар эса, тура солиб хонадондан чиқиб, қочиб кетишади. Ўша қочишда Бекзод Рустамов Эски Сирғали даҳасидан оқиб ўтувчи канал бўйига боради. Кейин устки кийимларини ечиб, каналга улоқтиради. Бу маҳал Азиз Ҳаитов ҳам яшаш уйига етиб борганди. Бинобарин, жабрланувчилар кийимидан таниб қолган бўлишларини ўйлаб, у ҳам кийимларини чиқиндихонага ташлаб юборади. Мана шу тариқа мўмай пул илинжида бошланган босқинчилик якунига етмай қолади.

Буни қарангки, Толибжон Оқ­қу­лов­нинг мурожаатига асосан, ишга киришган Сирғали ту­мани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари ўша куниёқ айбдорларни қўлга олишади. Негаки, 104-умумтаълим мактаби ва маҳалла ҳу­ду­дига ўрнатилган кузатув камералари босқинчиларнинг шахсини аниқлашда жуда қўл келди. Оқибатда Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жи­ноят­ иши қўзғатилади. Жиноят­ ишлари бўйича Сирғали туман суди эса, уларни мазкур модда билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қи­лиш жазосига маҳкум этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жазо тайинлашда суд судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, турар жойидан ижобий тавсифланганлиги, жабрланувчининг моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этиб, шу­нинг­дек, Сирғали тумани «Қип­чоқ» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хатини инобатга олган ҳол­да Жиноят кодексининг 57-моддасига асосан, улар айб­дор деб топилаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлади.

Яна бир гап. Судга кафолат хати тақдим қилган «Қипчоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Турсунбоев Б. Рус­тамов ва А. Ҳаитовларни ёшлигидан танишини, иккаласи ҳам маҳаллада ўзига яраша обрў-эътиборга эга эканлиги, хулқ-атвори ижобийлигини билдириб, суддан уларга қонуний енгиллик беришни сўради. Энди ҳақли савол туғилади: хўш, бугун жиноятчиларни кафилликка олаётган маҳалла оқсоқоли илгари қаерда эди? Нега у қў­ли­да бирор-бир касб-ҳунари йўқ Бек­зодни қачондир жиноят содир этиши мумкинлигини ўйлаб, уни ишга жойлаштиришга кў­мак­лаш­мади? Ахир, маҳалла фуқаролар йиғини етакчиси ўша ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитга жавобгар шахс саналади. Ачинарлиси, ҳали уйланмаган йигитлар темир панжаралар ортига равона бўл­ди.

Ваҳоланки, улар оила қуриб, шириндан-шакар фарзандли бўладиган ва фар­занд­лар тарбияси билан шуғулланадиган гаштли давр­ларини маҳкумликда ўтказмаган бў­ларди.

Ахир, халқимизнинг миллий қад­рият­ларида ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам бировнинг мулкига хиёнат қи­лиш, босқинчилик, йўлтўсарлик сингари қабиҳ иллатлар қаттиқ қораланади. Негаки, улар оғир ва кечирилмас гуноҳлардандир. Шундай экан, ҳаётда фақат тўғри ва ҳалол яшаш ин­сонга чинакам бахтни туҳфа эти­ши­ни ҳеч қачон ёддан чиқармайлик.

Ғофур АМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: