СИТОРА ХУРСАНОВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД
2020 йил 14 февралда Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Дастагул Равшановнанинг саҳифасида эълон қилинган фуқаро С. Хурсанованинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси З. Қурбонова томонидан аризачи Ж. Хурсановнинг суд қарорлари устидан берган назорат шикояти иш ҳужжатлари билан биргаликда ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, аризачи Ж. Хурсанов маъмурий судга шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, Сариосиё туман ҳокимининг 2019 йил 31 майдаги 2907-сонли ва 2019 йил 26 августдаги 5458-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Сариосиё туман маъмурий судининг 2019 йил 2 октябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 10 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Назорат шикоятида уй-жой ҳадя шартномасига асосан момосидан унга ҳадя қилинганлиги, прокурорнинг протестига асосан ҳоким қарорини бекор қилиши асоссиз эканлиги баён қилинган.
Аниқланишича, ҳокимликнинг 2012 йил 15 августдаги 572-сонли қарори билан фуқаро С. Хурсанованинг Шарғун шаҳридаги Шахтёрлар кўчасида жойлашган турар жойи ва 693,5 кв. метр умумий ер майдони рўйхатдан ўтказилган. 2012 йил 27 агустдаги ҳадя шартномасига асосан ушбу турар жой С. Хурсановадан набираси Ж. Хусановга ҳадя қилинган. Туман прокурорининг протестига асосан ҳокимликнинг 2019 йил 31 майдаги 2907-сонли қарори билан 2012 йил 15 августдаги 572-сонли қарори бекор қилинган. Туман прокурорининг протестига асосан ҳокимликнинг ҳокимликнинг 2019 йил 26 августдаги 5458-сонли қарори билан ҳокимликнинг 2019 йил 31 майдаги 2907-сонли қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, ҳокимликнинг 2012 йил 15 августдаги 572-сонли қарорининг 1-бандида кўрсатилган 24,0 кв. метр омборхона, 23,48 кв. метр ошхона, 14,63 кв. метр ҳаммом ва 7,1 кв. метр ҳожатхона Шаҳарсозлик кодексининг норма ва қоидаларига риоя этилмасдан қурилганлиги сабабли бекор қилиниши ҳамда яшаш майдони 60,41 кв. метр, фойдали майдони 81,62 кв. метр, умумий қурилиш ости майдони 157,17 кв. метр уй-жойга нисбатан марҳума С. Хурсанованинг мулк ҳуқуқи тан олинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 31 майдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Ж. Хурсановнинг фойдаланишида бўлган Шарғун шаҳри “Маъданкон” МФЙ, Шахтёрлар кўчаси, 30-уйда қисман бузилиб, яроқсиз ҳолга келтирилган 6.0х4 хажмдаги омборхона биноси, 6.10х3,85 хажмдаги ошхона биноси ва 3.85х3.80 хажмдаги ошхона биносини Ж. Хурсановнинг ҳисобидан буздириш белгиланган. Ж. Хурсановнинг фойдаланишида бўлган 24,0 кв. метр омборхона, 23,48 кв. метр ошхона, 14,63 кв. метр ҳаммом ва 7,1 кв. метр ҳожатхона Сариосиё туман Шарғун шаҳри бош режасининг муҳофаза ҳудуди, яъни қизил чизиғига чиққан ҳолда қурилганлиги аниқланган.
Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ текшириб, ишдаги мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ва Сариосиё туман қурилиш бўлимининг 2019 йил 25 майдаги 127-сонли хулосасида қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, ҳокимликнинг қарорлари билан аризачининг ҳуқуқлари бузилмаганлиги асоси билан арз қилинган талабни рад этиш ҳақида хулосага келган. Кассация инстанцияси суди ҳам ушбу хулосани тўғри деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Бундай ҳолатда, назорат шикоятида келтирилган важларга кўра суд ҳужжатларини назорат тартибида текшириш асослари мавжуд эмаслиги сабабли шикоятни судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш лозим бўлади.
Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси З. Қурбонованинг 2020 йил 20 февралдаги ажримига кўра, Ж. Хурсановнинг назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган.
Шунингдек, ушбу ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан назорат тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосарига берилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш