ЯНГИ ҚОНУН СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

Олий Мажлис Сенатининг 28 февраль куни бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисида ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини янада кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қизғин муҳокама қилинди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида», «Аҳолини рўй­хатга олиш тўғрисида», «Метрология тўғрисида» ва, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, сенаторлар бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши, суд иш юритувига ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ва низоларни судгача ҳал қилиш муддатлари мақбуллаштирилиши муносабати билан амалдаги ай­рим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни кўриб чиқдилар.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган «Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, 2020 йил 11 мартда матбуотда эълон қилинди.

Мазкур қонун билан амалдаги «Судлар тўғрисида», «Хў­жалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Президентимиз томонидан 2019 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда «Судлар тўғрисида»ги қонунга суд раислари ваколатидан ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб, ишлар судьяларга фақат автоматик равишда тақсимланишини белгиловчи ўзгартишлар киритиш белгиланганди.

Шуни қайд этиш лозимки, муайян ишни кўриш учун суд таркиби автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилиши ҳақидаги қоидалар 2018 йилда қабул қилинган Иқтисодий процессуал, Фуқаролик процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодексларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Ушбу тартиб жорий этилганидан буён судларга келиб тушаётган даъво аризалари, фуқаролик, жиноят ишлари, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳамда материаллар автоматик тарз­да дастурий таъминот орқали судьялар ўртасида тақсимланмоқда.

Айни пайтда «Судлар тўғ­рисида»ги қонуннинг 38-моддасида ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ваколати ҳи­собланиши белгиланган.

Ушбу қонуннинг 27-моддасида эса, Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида ишларни кў­риб чиқиш учун судлов таркибларини шакллантириш судлов ҳайъатлари раисларининг ваколати ҳисобланиши ҳақидаги нормалар мавжуд. Бу ўз навбатида, судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда инсон аралашувисиз, автоматик равишда тақсимлаш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Янги қонун билан судлов ҳайъатлари раисларининг ҳамда судлар раисларининг ишларни судьялар ўр­тасида тақсимлаш ваколати бекор қилинмоқда.

Бунинг ўрнига «Судлар тўғрисида»ги қонунда судларда ишларнинг тасодифий тақсимлаш принципи асосида автоматик равишда тақсимланишини назарда тутувчи қоида мустаҳкамлаб қў­йилмоқда.

Қолаверса, қонун ушбу автоматик тақсимотнинг асосий жиҳатларини назарда тутувчи 69-1-модда билан тўлдирилмоқда.

Судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартибини белгилаш ваколати эса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига берилмоқда.

Янги қонун билан амалга жорий этилаётган бу ўзгартиш ва қўшимчалар судда иш юритувини соддалаштириш, суд муҳокамасининг натижасига манфаатдор шахслар таъсир кўрсатишининг олдини олиш, судлар томонидан асослантирилган ва адолатли қарорлар қабул қилишга хизмат қилади, албатта.

Бундан ташқари «Судлар тўғрисида»ги қонунга киритилган 69-1-модда қоидаларига мувофиқлаштирилиб, Фуқаролик процессуал кодексининг 17-моддасида, Иқ­тисодий процессуал кодексининг 5 ва 17-моддаларида ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 18-моддасида ҳам суд таркибини шакллантиришда автоматик тарзда ишларни тақсимлаш модули дастурий таъминотидан фойдаланиш лозимлиги қатъий белгиланмоқда.

Ўз навбатида, «Хўжалик юритувчи субъектлар фао­лия­тининг шартномавий-ҳуқу­қий базаси тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига киритилган ўзгартиш судгача низоларни ҳал этишни янада соддалаштириш, хў­жалик юритувчи субъектлар ўр­тасидаги низоларни тезкорлик билан ҳал қилишга кўмаклашишга қаратилган.

Маълумки, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартнома ёки қо­нунчиликда даъво аризаси билан судга мурожаат қилишдан олдин низони судгача ҳал қилиш шарт эканидан иборат қоида белгиланиши мумкин.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари шартнома тузишда эркиндирлар ва шарт­номада қонунга зид бўлмаган қоидаларни мустақил равишда ўз хоҳишларига кўра белгилайдилар.

Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш ё талабнома юбориш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан, яъни жавобгарга олдиндан талабнома юборгандан сўнг судда иш қўзғатиш мумкин.

Агар қонун ёки шартномада белгиланганига қарамай, тарафлардан бири низони судгача ҳал қилмасдан, судга тўғридан-тўғри даъво аризаси киритган бўлса, суд томонидан даъво аризаси қайтарилади.

Низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмаганлиги ишни судда кў­риш давомида аниқланса, даъво кўрмасдан қолдирилади.

Хўжалик юритувчи субъект­лар ўртасидаги низоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида белгиланган ўзига талабнома билдирилган хў­жалик юритувчи субъект томонидан талабномани кў­риб чиқишнинг бир ойлик муддати ўн беш кун қилиб ўзгартирилди.

Янги қонун билан ўзгартиш ва қўшимча киритилаётган кейинги ҳужжат — бу Иқ­тисодий процессуал ко­декс­дир. Хусусан, ушбу кодекснинг 5-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, суд ҳужжатлари ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат тарзида шакл­лантирилади.

Мазкур имкониятнинг яратилиши суд қарорларини сифатли тайёрлаш, вақтни тежаш ва суд иштирокчиларининг ҳужжатлар билан танишишга бўлган ҳуқуқи тезкорлик билан таъминланишига хизмат қилади.

Айтиш керакки, 2020 йилнинг январь ойига қадар иқ­тисодий судларнинг биринчи инстанциясида қабул қилинган 150 мингдан ортиқ, апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида қа­бул қилинган 2 мингдан ор­тиқ якуний суд ҳужжатлари Олий суднинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.

Бу тажриба чет эл амалиётида ҳам кенг жорий этилган. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина каби давлатларнинг қонунчилигида ҳам суд ҳужжатларини суднинг расмий веб-сайтига жойлаштиришга оид нормалар мавжуд.

Мазкур қонун билан амалга жорий этилаётган яна бир янгилик шундан иборатки, даъвогар — солиқ тўловчи даъво аризаси ва илова ҳужжатлари нусхасини судга тақдим этишдан олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бошқа солиқ тў­ловчилар — жавобгар ва учинчи шахсларга юбориш ҳамда ҳужжатлар юборилганини тасдиқловчи маълумотни ке­йинчалик судга тақдим этиш учун ахборот тизими орқали юклаб олиш имконияти яратилмоқда.

Солиқ кодексининг 56-моддасига мувофиқ, Давлат со­лиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ахборот ресурси солиқ тў­лов­чининг шахсий кабинети ҳисобланади. Солиқ тў­ловчининг шахсий кабинетидан солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўз ҳуқуқлари ҳам­да мажбуриятларини электрон тарзда амалга ошириши учун фойдаланилади.

Даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга юборишда ушбу ахборот ресурсидан фойдаланиш иқтисодий суд ишлари иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектларига ўзига хос қулайлик ва ишончли ахборот алмашиш муҳитини яратади.

Шунга кўра, Солиқ кодексининг 56-моддаси ҳам даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кў­чирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда тақдим этишнинг аниқ механизмини белгилаб берадиган янги жумла билан тўлдирилди.

Қонунчилигимизда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддатининг аниқ белгиланмагани бундай ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланган процессуал муддатларни ҳисоблашда ноаниқлик ва тушунмовчиликларни юзага келтираётган эди.

Амалиётдаги ана шу ҳолат эътиборга олиниб, янги қо­нун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 162 ва 163-моддаларида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғ­ри­сидаги ажрим чиқариш муд­дати аниқ белгилаб қўйилди.

Яъни ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримни даъво аризаси келиб тушган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай, судгача мажлис ўтказилган ҳолларда эса, даъво аризаси келиб тушган кундан эъ­тиборан 15 кундан кечиктирмай чиқариш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, бунда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида амалга ошириладиган ҳаракатларни бажариш муддати чиқариб ташланади.

Хулоса ўрнида айтганда, янги қонун суд иш юритувида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қи­лиш, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қа­ратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Энахон Сиддиқова,

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси аъзоси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: