ДАВЛАТ ДАСТУРИ ВА СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 март куни имзоланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармон жамиятнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимини ҳам ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Фармон билан тасдиқланган Давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бу борада амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.
Маълумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминламасдан туриб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун биринчи навбатда, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур.
Шу нуқтаи назардан, Давлат дастурида 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги каби идоралар зиммасига «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш юклатилган. Мазкур қонун лойиҳасида:
судлар раисларининг судьялар фаолиятини баҳолаш, уларга нисбатан интизомий иш қўзғатишдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш;
судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор устидан шикоят қилиш механизмини такомиллаштириш;
судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш асослари ва тартибини халқаро стандартларга мослаштириш;
судьяларнинг мақомини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш ва истеъфодаги судьянинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
судьяларни ротация қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмини жорий этиш;
судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш;
суд мустақиллигига дахл қилиш боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш имкониятини кўзда тутувчи тизим яратиш;
ушбу масалаларни қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиш тартибини бекор қилиш назарда тутилиши белгиланган.
Қайд этиш лозимки, амалдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун ана шу масалаларни тартибга солиш нуқтаи назаридан такомиллаштиришга муҳтож эди.
Шунингдек, эндиликда қонунчилигимиз учун муҳим янгилик «истеъфодаги судья» тушунчасини жорий этиш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш кўзда тутилмоқда. Фикримизча, судьяга истеъфо эълон қилиш ҳуқуқини бериш ва истеъфодаги судья судьянинг барча ҳуқуқларидан, шу жумладан, дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиши тартибини белгилаш суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 67-моддасига мувофиқ, судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш судьялар мустақиллигининг асосий кафолатларидан биридир. Бинобарин, судьяларни юқори даражада моддий ва ижтимоий таъминлаш зарурияти мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.
Мазкур Фармоннинг энг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири ушбу Фармон билан тасдиқланган Давлат дастурида судьяларнинг моддий-техник шароитларини яхшилаш ва судьялар фаолиятининг ижтимоий кафолатларини кучайтириш борасида аниқ вазифларнинг белгиланганидир.
Хусусан, 2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Молия вазирлигига 2021 йилдан судьялар ва суд ходимларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Бунинг учун:
бюджетда алоҳида сатр ажратиш;
судьялар ва суд ходимларининг иш ҳақини ошириш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш нормаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро стандартларга мослаштириш;
янги қурилиши режалаштирилаётган суд биноларини илғор халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш, суд биноларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича дастурни тасдиқлаш;
судьяларни қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилган хизмат уй-жойи олиш ҳуқуқига эга бўлган раҳбарлар рўйхатига киритиш;
судлар фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Давлат дастурида, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш кўзда тутилган.
Хорижий давлатлар, хусусан, Германия, Япония, Жанубий Корея қонунчилиги ўрганилганда, маъмурий судлар томонидан фақат давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар, яъни фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга оид ишлар кўрилиши аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, маъмурий судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлардан ташқари маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни ҳам кўриб чиқади.
Бу эса, маъмурий судларда иш ҳажмининг кескин ошишига олиб келмоқда. Қолаверса, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли айни соҳада Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши судлардаги иш ҳажмини мақбуллаштиришга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.
Дилшод Таджибаев,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти судининг раиси
Фикр қолдириш