ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШ — ҲАЁТИМИЗ ВА ХАВФСИЗЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ
Йўлларда хоҳ пиёда, хоҳ ҳайдовчи сифатида ҳаракатланаётганда амалдаги қоидаларга қатъий риоя этишимиз, масъулият ва ҳушёрликни унутмаслигимиз ҳар биримизнинг ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Серқатнов йўл эса, тасодифлардан холи эмас. Афсуски, кўпинча ҳайдовчининг эътиборсизлиги ёки Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этмаслиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар учраб туради. Шу ўринда рақамлар асосида мухтасар таҳлил қилсак, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси шу йилнинг биринчи кунидан 18 февралга қадар рўй берган транспорт ҳодисалари бўйича маълумот беришича, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан содир этилган ҳодисалар сони 10,5 фоизга ёки 656 тадан 587 тага, уларда вафот этганлар сони 16,1 фоизга ёки 168 нафардан 141 нафарга, тан жароҳати олганлар сони 4,2 фоизга ёки 597 нафардан 572 нафарга камайишига эришилган. Юқоридаги кўрсаткичлар ўтган йилгидан пасайган бўлса-да, бироқ йўл транспорт ҳодисаларининг юқорилиги барибир ташвишлидир.
Мисол учун ўтган йилнинг 3 сентябрь куни эрталаб соат еттию йигирмаларда Жомбой туман Деҳқонобод маҳалласи ҳудудида жуда аянчли автотранспорт ҳодисаси рўй берди. Судланувчи Абдикомил Сирожев (исм-шарифлар ўзгартирилди) синглиси М. Сирожевага тегишли, техник жиҳатдан соз ҳолатдаги «MAN» русумли автомашинани «Тошкент — Самарқанд» йўналиши бўйича бошқариб келиб, олдинда ўзи билан бир йўналишда йўлнинг иккинчи қисмида ҳаракатланиб кетаётган А. Ваҳобов бошқарувидаги «IZUZU» автобусининг орқа чап қисмига бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни бир зумда йўқотади ва автобус йўлнинг ўнг томон четки қисмига ағдарилиб кетади.
Ҳодиса оқибатида автобус салонида бўлган Т. Очилов воқеа жойида вафот этади. 32 нафар йўловчи эса, турли даражадаги тан жароҳати олади.
Бу каби кўнгилсиз ҳодисаларга дуч келинганда, табиийки, оқибат ҳақида гап очилади. Ҳақиқатан ҳам, ана шу транспорт ҳодисаси оқибатида эндигина қирқ ёшга қадам қўяётган бир оила бошлиғининг ҳаёти бевақт хазон бўлди. Унинг оиласи, фарзандлари тузатиб бўлмас оғир йўқотишга рўбару келишди. Бунинг устига яна ўттиз икки нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолгани, улар турли даражада тан жароҳати олишгани ҳам ташвишли, ҳам ачинарли ҳолат, албатта.
Хўш, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси қандай келиб чиққан? Ушбу фалокатли ҳолат содир бўлмаслиги ҳам мумкин эдими? Келгусида бу ҳол қайта такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 1970 йилда туғилган А. Сирожев синглиси М. Сирожевага тегишли юк автомашинасини зарурий ҳужжатлари бўлган ҳолда бошқариб келган. 2019 йилнинг 1 сентябрь куни ун сотиб олиш мақсадида автомашина билан у Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиққан. Эртаси куни кеч соат йигирма иккиларда пойтахтдаги ун заводидан шартнома асосида 7 тонна ун, 8 тонна кепак олиб, ортига қайтган.
Автомашинага белгиланганидан 7 тонна ортиқча юк ортилганди.
Фожиа рўй бериш арафасида «MAN» автомашинаси билан «IZUZU» автобусининг оралиқ масофаси 25 метрни ташкил қилган. Худди шу пайт автобус йўлнинг ўнг томонида кўчада турган йўловчиларни олиш мақсадида тўхтаган. А. Сирожев оғир юк борлиги сабаб автомашинани тўхтата олмаслигига кўзи етиб, автобуснинг чап томонидан ўтиб кетишни ўйлаган. Тормозни босмасдан автомашинани чап томонга олиб, ҳаракатланиб борган. Лекин у юк автомашинасини тўлиғича чапга ололмаган. Оқибатда бошқарувдаги юк автомашинасининг ўнг томон олди ва ён қисми автобуснинг орқа чап томонига бориб урилган. Шундан сўнг автобус йўлнинг четига ағдарилиб кетган.
Яъни судланувчи С. Сирожев Йўл ҳаракати қоидаларининг 73 ва 77-банди талабларига риоя этмаганлиги оқибатида юқоридаги нохуш ҳолат юзага келган.
Судда судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Жиноят иши ҳужжатлари таҳлил қилинди.
Айниқса, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Самарқанд вилоят бўлими директори Ғ. Мансуровнинг гувоҳлик кўрсатмаси воқеага тўлиқ ойдинлик киритди. Ғ. Мансуров судга оид автотехника ҳисоблаш экспертизаси ўтказган. Экспертиза ўтказиш жараёнида автобуснинг орқа томонидан 60 километр соатига тезликда ҳаракатланиб келаётган юк автомашинаси оралиқ масофаси ўн метрни ташкил қилган. Бу тезликда «MAN»ни тўлиқ тўхтатиш учун 28-29 метр масофа керак бўлади. «IZUZU» автобуси ўнг томонга тўхташга ҳақли. Бундай ҳолатларда биринчи йўналишда олдинда ҳаракатланиб келаётган автомашина орқада ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасига эътибор қаратиши шарт эмас.
Суд амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 95-моддаси талаблари асосида юқоридаги далилларни таҳлил қилиб, уларга тўла ва холисона баҳо берди. Судланувчи А. Сирожевнинг транспорт воситасини Йўл ҳаракати қоидаларининг талабларини қўпол равишда бузиб бошқариши оқибатида фуқароларнинг ўта оғир ва бошқа турдаги тан жароҳатлари олишига, фуқаро Т. Очиловнинг ўлимига сабабчи бўлишида ифодаланган жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.
Суд судланувчи А. Сирожевга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги «Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий кўрсатмаларига таянди. Судланувчининг шахсини, содир этган жиноий қилмишига тўлиқ иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарларни қопламаганлиги, дафн маросими ҳамда бошқа маъракаларига моддий ёрдам бермаганлигини, жабрланувчиларнинг унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлган жазо тайинлаш ҳақидаги кўрсатмаларини инобатга олди. Т. Очилов суд залидан қамоққа олинди.
Судланувчи А. Сирожев Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди. У уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Суд ҳукми билан А. Сирожевга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланди.
Суд ҳукмида судланувчи А. Сирожевдан «Булунғур Сардор транс» масъулияти чекланган жамияти фойдасига — етказилган 41 миллион 498 минг 537 сўм ундирилиши қайд этилди. Судланувчи томонидан Самарқанд вилоят ИИБ депозит ҳисоб рақамига гаровга қўйилган 5 миллион сўм ундирилиши белгиланган 41 миллион 498 минг 537 сўмни қоплашга қаратилди. Жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича зарар суммаси миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаган ҳолда фуқаровий даъво қўзғатиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Қисқаси, содир этилган жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Хулоса шуки, Йўл ҳаракати қоидаларига ҳамиша қатъий риоя қилиш шарт. Зеро, бу қоидалар ҳаётимиз ва хавфсизлигимиз кафолати эканлигини ҳеч қачон унутмайлик.
Мамаюсуф ШЕРЙИГИТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Жомбой туман судининг раиси
Фикр қолдириш