МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ҲАР ҚАНДАЙ ВАЗИЯТДА ҚОНУН БИЛАН ТАРТИБГА СОЛИНАДИ
Маълумки, Конституциямизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳофаза қилиниши кафолатланган. Шунга кўра, бу ҳуқуқларни суд тартибида ҳимоя қилишнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган.
Ана шу конституциявий ҳуқуқлар қаторига меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш каби ҳуқуқлари киради.
Меҳнат кодекси, шунингдек, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларда ишга қабул қилиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, ишдан бўшатиш билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрлар ўзининг тўлиқ ифодасини топган.
Айтиш керакки, иш берувчи билан ходим ўртасида юзага келадиган меҳнатга оид низолар ходимларнинг вакиллик органи — касаба уюшмалари ёхуд фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойи ниҳоялаб, декабрь ойи бошланаётганди.
Таълим ташкилоти ҳисобчиси Юлдузга (исм-шарифлар ўзгартирилган) мудира уни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқаргани, шунинг учун таълим ташкилоти ва унинг ўртасидаги ҳисоб-китобларни қилаётганлигини айтди. Унинг гаплари рост экан, кўп ўтмай унга охирги иш ҳақлари тўланиб, у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинди.
Кутилмаганда рўй берган воқеалардан Ю. Диёрова гангиб қолди.
Ахир, у бундан атиги бир йил аввал, аниқроғи, 2018 йилнинг 1 ноябрида тарбиячи сифатида ишга қабул қилинганди.
Ночор қолган Юлдуз ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими эшигини қоқишга мажбур бўлди.
Адлия бўлими унинг мурожаатини жойида ўрганиб чиқди.
Маълум бўлишича, Ю. Диёрова Каттақўрғон шаҳар 18-мактабгача таълим муассасасида тарбиячи лавозимида ишлаб келган. Таълим ташкилотининг 2019 йил 25 ноябрдаги 89-сонли буйруғига асосан, у билан тузилган меҳнат шартномаси амалдаги Меҳнат кодексининг 106-моддаси 1-қисми 4-банди асосида иш берувчи томонидан бекор қилинган.
Бироқ иш берувчи томонидан Ю. Диёрова меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида аввалдан огоҳлантирилмаган. Унга буйруқ нусхаси вақтида тақдим этилмаган. Ҳатто меҳнат дафтарчаси қайтариб берилмаган. Ю. Диёровани ишдан бўшатиш масаласи касаба уюшмаси томонидан муҳокама этилмаган. Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ буйруқлар китобига қайд қилинмаган.
Шаҳар адлия бўлими судга Ю. Диёрованинг манфаатини кўзлаб, даъво аризаси киритди. Унда мактабгача таълим муассасасининг 89-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, Ю. Диёровани тарбиячи вазифасига ишга тиклашни сўради.
Суд мажлисида манфаатдор Ю. Диёрова, шунингдек, жавобгар вакили ва касаба уюшма раиси ҳамда бошқаларнинг тушунтириш беришича, ходимни ишдан бўшатиш касаба уюшмаси томонидан муҳокама қилинмаган. Ажабланарли томони шундаки, бу буйруқдан таълим ташкилоти ходимларининг хабарлари ҳам бўлмаган.
Энди қонун талабларига тўхталадиган бўлсак, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни ёзма равишда огоҳлантириши шарт.
Кодекснинг 101-моддаси талабига кўра, касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмасдан туриб, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.
Юқорида баён этилган ҳолатда иш берувчи томонидан ушбу кодекснинг 108-моддаси талабларига ҳам риоя қилинмаган. Чунки меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасининг бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхасини бериши лозим эди.
Суд Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимининг Ю. Диёрова манфаатини кўзлаб, жавобгарга нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди.
Ю. Диёрова ўзи ишлаб келган таълим ташкилотига тарбиячи вазифасига ишга тикланди. Мактабгача таълим ташкилотидан давлат фойдасига 892 минг сўм давлат божи ундирилди.
Хулоса қилиб айтганда, ишдан бўшатиш иш берувчининг кўнгил хоҳишини белгилайдиган, ходимга нисбатан шахсий муносабатини кўрсатадиган «мезон» эмас, балки қонуний асосга эга бўлиши қатъий талаб қилинадиган ижтимоий ҳодисадир. Шу боис ҳар бир фуқаронинг меҳнат ҳуқуқи суд тартибида қонун йўли билан ҳимоя қилинишини унутмаслик лозим.
Шерзод ТОШПЎЛАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро
судининг судьяси
Фикр қолдириш