НАДОМАТ ЁХУД ЙЎРГАК КЎРМАГАН ЧАҚАЛОҚ
Ўтган йилнинг айни кўкламида Косон тумани ҳудуди бўйлаб оқаётган Пўлоти катта ариғи атрофидан ўз юмушлари билан ўтиб-қайтаётган одамлар дастлаб узоқдан оқиб келаётган жасадни пайқамадилар.
— Чақалоқ оқиб келаяптими? — деди кимдир кутилмаганда. Шу заҳотиёқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига хабар берилди.
Суд тиббий-экспертиза хулосасига кўра, воқеа шу кеча-кундузда содир этилган. Ўғил бола жинсли чақалоқ ариққа ташлаб юборилган экан.
Аммо қотил ким? У нега бундай машъум фожиага қўл урди?
Орадан кўп ўтмай бу саволларга жавоб топилди. Воқеа қуйидагича рўй берган.
Мадина (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаётга енгил-елпи қараши туфайли тўғри йўлдан адашди. У Қарши шаҳридаги корхоналардан бирида ишлар экан, тасодифан Шавкат исмли йигит билан танишиб қолди. Бу танишув уларни аста-секин бир-бирига яқинлаштирди.
Улар ўз эҳтиросларини жиловлай олмаганлиги оқибатида орадан икки ой ўтгач, Мадина ўзининг ҳомиладор эканини сезиб қолди.
Шундан сўнг Шавкат аввалига тез орада уйланишига Мадинани ишонтириб, унга қоп-қоп ваъдалар берди. Кейинчалик, аниқроғи, Мадинанинг ой-куни яқинлашгач, қорасини ҳам кўрсатмай қўйди…
Ўша куни ярим тунда ташқарига чиққан Дилбар опа қизи Мадинанинг хонасидаги чироқ алламаҳалгача ўчмаганидан хавотирга тушди.
Хона эшигини аста очиб бўйласа, не кўз билан кўрсинки, бундаги нохуш манзара уни тамом карахт ҳолга солиб қўйди.
Мадина тўшакда инграганича ётар, ёнида эса, чақалоғи биғиллаган кўйи типирчиларди.
— Буни қаердан орттирдинг, беномус?! — деди Дилбар опа чақалоққа ишора қилиб. — Отанг билиб қолса, энди сени ўлдириб қўяди-ку, бизларни иснодга қолдирдинг, ярамас! — дея қизини ёзғира бошлади.
Она чақалоқнинг отаси кимлигини қанчалик сўраб-тергамасин, қизидан аниқ жавоб ололмади. Шундан сўнг онанинг кўнглида чақиндай шум ният ўрлай бошлади.
Вақтни бой бермасдан, қандай бўлмасин, чақалоқни йўқотишим керак, деган қалтис ўй онг-шуурини бутунлай банд этиб олди.
У бир чоғ қизини ювиниб келиш баҳонасида ташқарига чиқариб юборди. Пайтдан фойдаланиб, ҳеч кимга сездирмасдан, чақалоқни халатига ўраган кўйи Пўлоти ариғи томон йўл олди…
Узоқ давом этган суриштирув мобайнида Дилбар Нормуродова ўз набирасининг қотили экани фош этилди.
Суд ҳайъати мазкур жиноят ишини атрофлича ўрганиб чиқиб, норасида чақалоқнинг умрига зомин бўлган Д. Нормуродовани Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан муайян муддатга қамоқ жазосига ҳукм этди.
Ёшлик — инсон умрининг гўзал ва беғубор фасли. Таассуфки, баъзида бу бебаҳо дамларнинг қадрига етмай, уни ҳавога совураётган, ўткинчи ҳою-ҳавасга, оний ҳис-туйғуларга, эҳтиросларга алданиб, ўз келажагини барбод қилаётган йигит-қизларнинг учраётгани ғоят ачинарлидир.
Мадина ҳам ҳаётга енгил қараб, шу ўткинчи ҳиссиётнинг қурбонига айланди. Қолаверса, унинг онаси ҳам она, аёл деган муқаддас номни мутлақо унутиб қўйиб, содир бўлган воқеаларга нисбатан оқилона иш тутиш ўрнига ўзи англамаган ҳолда, қалтис йўлни, яъни жиноят йўлини танлади. Энди эса, ўз қилмишлари жабрини тортадиган бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, одам боласи — она табиатнинг мўъжизаси.
Уни яхши парвариш қилган — барака, унга жабр етказган эса, завол топади. Унинг худо берган умрига зомин бўлган кимса кечирилмас гуноҳ орттиради. Бу мудҳиш хатони бошқа ҳеч ким такрорламасин, деб ният қиламиз. Ҳаммани яхшиликдан айирмасин.
Ҳомид Бобоқулов,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти
судининг судьяси
Фикр қолдириш