«ҲОЖАТБАРОР» МУЛЛА ҲАМ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА, ҲАМ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзуидаги анжуманда пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш оқибатида қўшхотинлик ҳолати кўпайиб бораётгани, шаръий никоҳдан туғилган фарзандлар давлат қонунлари бўйича кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолиши, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида муаммоларга дуч келиши, энг ачинарлиси, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етиши, улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмаслигини куюниб гапирганди.
Аммо ҳали-ҳануз жойларда амалдаги қонунлар талабига бўйсунмай шаръий никоҳ ўқиётган муллалар онда-сонда бўлса-да, учраб туради. Масалан, Фарғона туманида яшовчи Давронбек Саидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам таниши Эргашали Ҳакимовнинг илтимосига кўра, ҳуқуқбузарликка қўл урди. Гап шундаки, Д. Саидов махсус диний маълумотсиз, қолаверса, бирор-бир диний ташкилот аъзоси бўлмаган ҳолда 2020 йил 30 январь куни 66 ёшли Эргашали ака билан 29 ёшли Сабоҳат Нуралиевани шаръий асосда никоҳлаб қўйган. Бироқ кўп ўтмай, бу ҳуқуқбузарлик ҳудуд профилактика инспектори Илёс Мамажонов томонидан аниқланган. Шу боис инспектор тегишли маъмурий баённомани расмийлаштирган. Лекин…
Лекин Давронбек ака ўз айбини тан олиш ўрнига жавобгарликдан қутулиш чорасини излай бошлайди. Бинобарин, у ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўрмаслик ҳамда тўпланган ҳужжатларни судга тақдим этмаслик эвазига профилактика инспектори И. Мамажоновга 1 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилади. Аммо қонун ҳимоячиси унинг жиноий таклифига рози бўлмайди. Аксинча, Фарғона вилоят ИИБ раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилади.
Натижада вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Д. Саидов инспекторнинг хизмат хонасида пора бераётган чоғида далилий ашё билан қўлга олинади. Шу боис Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қувасой шаҳар бўлими томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Албатта, «қаҳрамон»имиз энди айни жинояти учун ҳам қонун олдида жавоб беради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисмида «Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади», кодекснинг 33-моддасида эса, «Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта, кўрсатиб, ушбу кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаши мумкин» дея қайд этилган.
Бундан ташқари кодекснинг 22-моддасига биноан, маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Шунинг учун юқоридаги маъмурий иш Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан «Ҳувайдо» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
— Бир неча йиллар олдин хотиним вафот этганди. Кейинчалик қизларим ҳам турмушга чиқиб, ўзим ёлғиз қийналиб қолдим. Шунинг учун шаръий никоҳ ўқиб қўйишни мен илтимос қилгандим, — деди Э. Ҳакимов суд мажлисидаги кўрсатмасида.
Шу боис суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда унинг нафақа ёшида эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, юқоридаги модда санкциясида белгиланганидан ҳам камроқ, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида — 2 230 000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тилга олингани каби ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етишмаслиги, диний қарашларнинг нотўғри сингдирилиши, маҳалла ҳамда жамоатчиликнинг бефарқлиги, жойларда маънавий-маърифий ишлар қониқарли даражада амалга оширилмагани, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланмагани туфайли юзага келади. Шундай экан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ва ҳокимият ходимлари, балки ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик вакиллари ҳам оила масаласига янада жиддий масъулият билан ёндашиши, ўз ҳудудларида назоратни сусайтирмаслиги шарт.
Мақоламиз сўнгида яна бир мулоҳаза: башарти, маҳалла фаоллари Э. Ҳакимовнинг хотини вафот этганлигини инобатга олиб, ушбу никоҳни тегишли тартибда расмийлаштирганда бундай нохуш ҳолат юзага келмаган бўларди. Ҳар қандай сабаб ўзига яраша оқибатни келтириб чиқаради. Бинобарин, маҳаллада, қўни-қўшни хонадонларида ташкил этилаётган ҳар қандай йиғинни бамаслаҳат ва қонуний асосда ўтказишга жамиятимизда барча ҳуқуқий асослар борлигини эсдан чиқармаслик керак.
Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ,
Қувасой шаҳар маъмурий
судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш