ЯНГИ ҚОНУН — АМАЛДА: АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШДА ҚАЙСИ ЖИҲАТЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ?
Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун маъқулланган эди. Шу йил 16 март куни давлатимиз раҳбари ушбу қонунни имзолади.
Айтиш керакки, мамлакатимизда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 1989 йилда ўтказилган. Орадан 30 йил ўтган бўлишига қарамай, аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари бирор марта ҳам амалга оширилмади.
Кейинги йилларда шаҳарларда кўп қаватли уйлар қурилмоқда, аҳолининг зичлиги тобора ортиб бормоқда. Лекин ушбу ҳудуд учун зарур бўлган мактаб, боғча, оилавий поликлиникаларни қуриш масаласи-чи?
Афсуски, бу саволлар очиқ қолмоқда. Шу боис рўйхатга олишдан кўзланган асосий мақсад — шунчаки рақамларни йиғиш эмас, балки уларни таҳлил қилишдан иборат.
Мазкур янги қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 10 июндаги резолюциясига таяниб, Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши бир қатор натижаларга эришиш имконини беради. Жумладан, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонунчилик асоси яратилди.
Шу билан бирга, аҳоли таркибидаги маҳаллий ва глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини шакллантиришда ушбу янги қонун муҳим ўрин тутади.
Яна бир жиҳат: янги қонун асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, мақсадли дастурлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш имконияти кенгаяди. Энг муҳими, янги қонун аҳолини рўйхатга олиш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилишига хизмат қилади.
Аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилади.
Бундай тадбирни ўтказиш тўғрисидаги қарор Президент томонидан қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамаси эса, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида таклифни камида уч йил олдин Президентга тақдим қилади.
Бундан ташқари аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотлар махфийлиги, респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатилмаслиги қонун билан белгилаб қўйилган.
Аҳолини рўйхатга олиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатларига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат статистика қўмитаси эса, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Қонунда респондентлар ва рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, респондент рўйхатга олувчи ходимлардан тегишли гувоҳномани кўрсатишини талаб қилиши, ходим гувоҳномани кўрсатишни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб бермаслиги мумкин.
Фуқаро саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Рўйхатга олиш варағидаги ишончли маълумотларни тақдим этиш фуқаронинг ҳуқуқидир. Шу маънода биз юртдошларимизга айнан уларнинг жавоблари мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий прогнозлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини тушунтиришимиз керак.
Масалан, ишсиз фуқаронинг жавоби меҳнат бозорини ўрганиш, қолаверса, фуқаро яшаётган ҳудудда унинг касби ва маълумотини инобатга олган ҳолда янги иш ўринларини яратиш имкониятини беради.
Ўз навбатида, рўйхатга олувчи ходим ҳам шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши, уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги шарт.
Ушбу жараёнда аҳолига қандай саволлар берилади?
Энг аввало, фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми; туғилган санаси ва жойи; ёши, жинси, миллати; фуқаролиги, яшаш жойи; тилларни билиши, маълумоти; никоҳ ҳолати, болаларининг сони; уй хўжалиги таркиби, уй-жой шароитлари; бандлиги, яшаш учун маблағлар манбалари; миграцияга алоқадорлиги билан боғлиқ саволлар берилади.
Ушбу саволлар рўйхатига Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан қўшимча равишда бошқа саволлар ҳам киритилиши мумкин.
Рўйхатга олиш варағига қандай саволлар киритилмайди?
Жавоблари давлат сирларига, тижорат сирига ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли ахборотни ўз ичига олиши мумкин бўлган, инсон ва фуқаронинг ҳукуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи саволлар рўйхатга олиш варағига киритилишига йўл қўйилмайди.
Сўров давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар ўз она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.
Аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фуқароларга мулкий ва маънавий зарар етказиш, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини амалга оширишни қийинлаштириш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас.
Мухтасар айтганда, ушбу янги қонун аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.
Робахон МАҲМУДОВА,
Олий Мажлис Сенати
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш
масалалари қўмитаси раиси
Фикр қолдириш